Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бир аср олдин талабаларнинг чет элда ўқишига эътибор қандай эди?
08:46 / 2020-09-25

Ватанимиз тарихидаги 25 сентябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

Кун тарихи

Ватанимиз тарихидаги 25 сентябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

1912 йил (бундан 108 йил олдин) – Туркистон генерал-губернатори Александр Самсоновнинг Туркистон ўқув юртлари бош нозирига 25 сентябрда юборган буйруғида ўлкадаги барча мактабларда фаолият юритаётган муаллималар ҳақида маълумот берилиши сўралган.

Бунга жавобан барча вилоят халқ маорифи нозирлари томонидан ўқитувчилар ҳақида тўла маълумотлар мунтазам бериб борилган. Бундай мунтазам текширувлар олиб борилишдан асосий мақсад мазкур мактабларда фаолият кўрсатаётган муаллималарнинг жадидчилик ҳаракатига бўлган интилишини назорат қилишдан иборат эди.

1922 йил (бундан 98 йил олдин) – Туркистон Автоном Совет Социалистик Республикаси (ТАССР) Марказий Ижроия Қўмитаси раиси Абдулла Раҳимбоев Россия Совет Федератив Социалистик Республикаси (РСФСР) Халқ Комиссарияти Молия бўлимидан четга олтин пул олиб ўтишга рухсат олиб беришни сўраб Туркистоннинг Москвадаги мухтор ваколатхонасига мурожаат қилди.

Тарихчи Соибжон Ҳошимовнинг ёзишича, мазкур мурожаатномада, жумладан, бундай дейилган эди: “Туркистон Республикаси МИҚ РСФСР Халқ Комиссарияти Молия бўлимидан олтин пулларни чегарадан олиб ўтишга рухсат олиб беришингизни сўрайди, чунки Туркистон Республикаси ўз ҳисобидан талабаларимизнинг Германияда ўқишларини давом эттиришлари учун ҳар бирига олтин ҳисобида 620 сўмдан маблағ ажратиб жўнатмоқда”.

Бошқа ҳар қандай давлатнинг келажаги сингари Туркистон Республикасининг истиқболи ҳам ёшларга боғлиқ эди. Буни ўз вақтида англаб етган Туркистон миллий зиёлилари ёшларни Германия, Туркия каби хорижий мамлакатларида билим олишларини ташкил этишга ҳаракат қиладилар.

Марказдан бу мақсадда пул ундириш бефойда эди. Ички имкониятлар ва фидойилар ҳаракати билан тўпланган олтин пулни эса мустақил ташқи сиёсат олиб бориш ҳуқуқига эга бўлмаган республика ҳукумати чет элга ўз ёшлари ўқиши учун ўтказа олмасди. Юқоридаги мурожаат шу мақсадда қилинган эди.

1935 йил (бундан 85 йил олдин) – археолог-тарихчи олим, тарих фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Аҳмадали Асқаров таваллуд топди. Унинг асосий илмий ишлари Ўрта Осиёда сақланиб қолган моддий-маданият ёдгорликларини очиш ва уларда археологик тадқиқотлар ўтказиш йўли билан Ўзбекистон тарихини ўрганишга бағишланган.

1941 йил (бундан 79 йил олдин) – бутун Ўзбекистонда ҳарбий ўқув пунктларини ташкил этишга ва уларни командирлар таркиби билан тўлдиришга киришилди.

1991 йил (бундан 29 йил олдин) – Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон ва Абдурауф Фитратга (вафотидан кейин) ўзбек адабиётини ривожлантиришдаги хизматлари учун Алишер Навоий номидаги Республика Давлат мукофоти берилди.

1997 йил (бундан 23 йил олдин) – Лондондаги Ўзбекистон Республикаси элчихонасида Ўзбекистон Республикаси билан Исландия Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисидаги Қўшма Ахборотни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

2013 йил (бундан 7 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Халқаро қуёш энергияси институти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори имзоланди.

2014 йил (бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Ушбу қонун 5 боб, 30 моддадан иборат.

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади