Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бир асар таҳлили
12:31 / 2026-02-02

Киши улғайган сари ўзи учун янгидан-янги ҳақиқатлар, иқрорлар кашф этиб яшайди. У ҳақиқатлар китоблар ёки хатолар орқали тушуниб етилиши табиий ҳол.

Ҳаётнинг моҳиятини чуқур англаган донишманд кишилар борки, уларнинг қолдирган маънавий мерослари биз учун том маънода эзгулик йўлидаги харита вазифасини ўтайди. Ана шундай нодир асарлардан бири Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” китобидир.

Китобнинг номиёқ, кишини мушоҳадага чорлайди. Бунда умр дафтарга, яшалган фурсатлар эса саҳифаларга қиёсланади. Бу саҳифалар орзу-армонлар, қувонч-у изтироблар билан тўлиб боради. Бироқ англанган ҳақиқатлар, ҳаёт ҳикматлари дафтар саҳифасининг бир четига қайд қилиб борилади. Эҳтимол, шунинг учун ҳам ёзувчи айнан битикларни дафтар ҳошиясига битилганига ишора берган.

Асарни мутолаа қилар экансиз, унда тобора сиз жавобини қидириб юрган саволларга кўнгилдагидек жавоблар борлигига амин бўласиз. Баъзи битиклардан таскин топсангиз, баъзиларидан саросимага тушасиз. Ҳайрат ҳам сизни тез-тез безовта қилиб туради. Асардаги муножот сарлавҳаси остида битилган битикка бир эътибор беринг:

“Худодан: “бахт бер”, деб сўраганларни кўрдим, “фарзанд бер” ,  деб сўраганларни кўрдим, “давлат-у омад бер” ,  деб сўраганларни кўрдим фақат Худодан: “эй Яратган эгам, мен нодон бандангга бир чимдим ақл бер”,  деб сўраган бандасини кўрмадим”.

Баъзида ҳақиқатлар оғриқли бўлади. Кўтарилган ушбу масала ҳам бизнинг ана шундай нуқталаримиздан. Негаки, инсон табиатида муваффақиятга тезгина эришиб қолиш хоҳиши мустаҳкам ўрнашган. Унинг йўлидаги машаққатлар, муваффақиятга хос савиянинг ўзида мужассам бўлиши лозимлигини камдан-кам кишиларгина тафаккур қилади.

Таъкидлаш жоизки, ўз ҳақиқатлари-ю мақсадларини турмушнинг серғалва дамларидан устун қўядиганларгина дунёни англаган кишилар саналади. Шу маънода ёзувчи ўз ўкинчини шундай тасвирлайди: “дарахтнинг мева тугишга шай турган қанчадан-қанча гулларини бемаврид шамоллар учириб кетгани сингари умримнинг қанчадан-қанча онлари ҳасадгўй ва мунофиқлар етказган жароҳатлардан оғриниш-у, турмушнинг икир-чикирларини ўйлаш билан бесамар ўтаётганига ўкинаман.”

Демак, ҳаёт фақат моддиятни яхшилаш-у, уй-жой, машинадан иборат эмас, инсоннинг ўз қадриятларига эга бўлмоғи шарт экан.

Айтиб ўтиш лозимки, мазкур дурдона асар муаллифнинг 40 йиллик ижодий маҳсулидир. Шунинг учун ҳам у бадиий-ғоявий жиҳатдан ҳам мукаммал асарлар сарасига киради.

Хулоса қилиб айтганда, китоб кишини камолотга элтувчи энг мустаҳкам кўприкдир. Аммо яхши китоб мутолааси эса икки карра савия дегани. Ушбу асар ҳам ўзбек адабиётининг энг нодир асарларидандир. Уни ўқиган кишининг тафаккури янада кенгайиши, маънавияти янада юксалишига ҳеч шубҳа йўқ.

Шербек Исломов, ЎзА