Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бир қарашда арзимасдек туюладиган ҳолатлар ёхуд Taksi”ми ё “taxi”?
17:20 / 2020-10-21

Бир қарашда бу арзимасдек туюлиши мумкин.


Таксида кетаётгандик. Бир пайт ўғлим “Дада, қаранг, анови машинага «тахи» деб ёзиб қўйибди”, деди. Ҳайдовчи «тахи» эмас, «такси»ку, деб жавоб берди мендан олдин. “Ўғлим тўғри ўқиди. «Тахи» деб ёзилган”, дедим.

Бизни қувиб ўтган «Матиз»нинг устида “TAXI” деган кўрсаткич бор эди. Ҳайдовчи билан тортишдик. У “TAXI” — «такси» эканини, буни ҳамма бир қарашдаёқ билишини таъкидларди. 1-синфда ўқийдиган ўғлим учун эса бу “taksi” эмас, “taxi(тахи)” эди. Яъни, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида шундай ўқилади. Ҳайдовчининг «Бу ахир инглизча ёзилган», деб куйиб-пишиши мени ўйлантириб қўйди. Шундай ҳам дейлик, унда нима учун инглизча?

Ўзбекистон Республикаси «Давлат тили ҳақида» қонунининг 20-моддаси: «Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин».

Энди такси машиналаридаги ёзувга қаранг. Биринчидан, агар у лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида бўлса, “TAXI” эмас, “TAKSI” бўлиши керак. Иккинчидан, инглиз тилида берилган бўлса, аввал давлат тилида, яъни ўзбек тилида ёзилиши шарт, сўнгра бошқа тильда таржимаси берилиши мумкин.

Масалан, Ўзбекистон телевидениесида ҳар куни намойиш этилаётган корейс сериалларида баъзан кўчадаги таксилар ҳам кўриниб қолади, эътибор берсангиз, улар машина устидаги кўрсаткичнинг олд қисмида корейсча, ён тарафида эса инглизча “TAXI” деб ёзишган. Турк сериалларидан маълум, уларнинг таксиларида ҳам кўрсаткичнинг олд қисмида “TAKSI”, ён томонида эса “TAXI” турибди...

Бир қарашда бу арзимасдек туюлиши мумкин. Ростдан, биз, катталарнинг кўзимиз ўрганиб қолган: “taxi”ми, “taksi”ми, барибир «такси» деб ўқийверамиз. Аммо энди 1-синфга бораётган, миллий алифбомизни ўрганиб бошлаган, қалби ва онги Ўзбекистон меҳри, Ватан муҳаббатига лиммо-лим болакай учун ундай эмас. У “taxi”ни “taxi (тахи)” деб ўқийди ва сўрайди: «Дада, у нима дегани?»...

Бу фикрларни ўн йил олдин ёзган эканман. Шундан буён ҳеч нарса ўзгармаган – ҳамон кўчаларимизда «тахи»лар юрибди...

ОТАЛАР ХАРХАША ҚИЛМАЙДИ...

«Ўзбекистон» телеканалида «Зурриёт» деган кинофильм қўйишди. Фильм ёмон эмас. Лекин муҳаррири бўшроқ экан. Гид қиз чет элликларга Самарқанддаги Регистонни таништиряпти: «Регистон майдони Мирзо Улуғбек даврида шаклланиб бошлаган». «Регистон майдони» эмас, «Регистон ансамбли» дейиш керак эди. Яна ўша қиз «Таътилда уйга боргим келмайди. Борганимдан отам тўйдан гап очиб хархаша қилади» деди. Оғайнилар, жаноб муҳаррирлар! Болалар хархаша қилади, оталар эмас! Мисол кўп яна. Эслаб кўринг...

Ўзбек киночиларига бугун яхши муҳаррирлар керак!

ТИРИКЎРИМ...

Раҳматли онам кўп ишлатарди бу сўзни. Бир ишни эплолмасак. Ўламса, қўлидан бир иш келмайдиган, нимкала, касалманд одам келарди кўз олдимга шу сўзни эшитсам. У пайти сўз илдизига фаҳмим етмаган.

Эндилар ўйласам, «тирикўрим» – «тирикдек кўринадиган...»нинг қисқартмаси экан.

Бугун ҳаммамиз тирикўрим!

Ҳеч бўлмаганда тилимизга муносабатимиз тирикўрим! Чунки:

Ҳамон! Ҳамон! Ҳамон!

Ҳамон расмий ҳужжатларни аввал ўрис тилида тайёрлаб, кейин ўзбекчага таржима қилаётган ўзимиз!

Ҳамон паспортимда шундай ёзилган деб ота-бобомиздан келаётган гўзал исмимизни бузиб ёзаётган ўзимиз!

Ҳамон кўчаларимизни ажнабий тильдаги ёзувларга тўлдираётган ўзимиз!

Ҳамон газеталаримизни лотин қолиб кирилл алифбосида чиқараётган ўзимиз!

Ҳамон ўзбек тилида таълим бериладиган мактабларни менсимай боламизни ўрис тилли мактабга топшираётган ўзимиз!

Ҳамон машинамиз рақами кўрсаткичига алифбомизда йўқ ҳарфларни қўйиб юрган ўзимиз!

Ҳамон мактабларимиздаги кўрсаткичларни ўрисча қолиб энди ўзбекча ёзмай, инглизча ёзаётган ўзимиз!

Ҳамон минбарларда «она тилимизни ҳурмат қилишимиз керак!» деб туриб, мактабда она тили дарс соатларини қисқартираётган ўзимиз!

Ҳамон мактабда чет тилини синфни иккига бўлиб ўқитиб, она тилимизга бу имтиёзни раво кўрмаётган ўзимиз!

Яна давом эттираверайми ё ўзингиз давом эттирасизми?..

ЧИМДИМ ҲАЗИЛ...

Адлия вазирлиги таклиф этган давлат тилида иш юритишни таъминламаганлик учун мансабдор шахсларга жавобгарлик белгилаш ҳақидаги қарор лойиҳаси эълон қилингач, россиялик амалдор Захарова хоним мамлакатимиз ички ишларига аралашмоқчи бўлди.

Буни эшитган ўзбекистонликлар:

Хивали: «Нови дейди бу манглайи қора?»

Бухоролик: «Иби, нима деёпти бу?»

Сурхондарёлик: «Жиғилғанда жомон жайиминан тушканма дейман!»

Тошкентлик: «Нима дивотти бу ўзлигича?»

Андижонлик: «Аши опани апчиқиб бир ўқитвориш керак экан!»

ҚИЙШИҚ МЎРИДАН ҚИЙШИҚ ТУТУН...

2001 йили хизмат сафари билан Шаҳрисабзга борганимда меҳмонхонанинг ёши мендан улуғ хизматчи ходимлари – опаларнинг менга ва мен тенги йигитларга «оғажон» деб мурожаат қилишлари...

2004 йили Бухорога йўлим тушгани, ярим кечаси Хоразмга кетаётган уловдан тушиб қолганим, таксичи бир соатлар менга қўшилиб меҳмонхоналардан бўш жой сўраб чиққани, шунча вақтингиз кетди, деб келишганимиздан ортиқроқ пул бермоқчи бўлсам, «Иби, нима қилопсиз? Уят бўлади» дея қайтаргани...

Андижонлик элдошим эринмай, қилаётган ишини қўйиб биз сўраган манзилни («Аши тўртйўлдан чапга буриласиз...») кўрсатиб берганлари...

Жиззахда бир ташкилот қоровули билан бир соат адабиёт ҳақида гурунглашганим...

Хоразмга неча бор борган бўлсам ҳам бирон марта меҳмонхонага тушмаганим (хоразмлик жўраларим «Қўйсангиз-а! Биз дурганда... уят бўлажак», деб қўймасликлари)...

«Мақола ёзайтирувдим, устозди фикрлари эсимга тушди» дея қўнғироқ қилиб турадиган фарғоналик қишлоқ муаллимининг классик адабиётимиз талқинларини газетамизда чоп этганларимиз...

1993 йили Ургутнинг Ғўс қишлоғига тўйга борганимизда, кўчада дуч келган қизлар, аёлларнинг ибо билан рўмолини юзига тортганларидан ҳайратланганларимиз...

Марғилону Қўқонда ҳам деярли барча опа-сингилларимизнинг рўмол ўраб юришларидан тўлқинланганим...

Она тили ўқитувчимиз Обрўй муаллим «Отам раҳматли Матёқуб Раҳимовнинг мухлиси эди, мени шу ҳофиз билан бир учраштирасан, дерди. Армон билан ўтди. Энди ўзим бориб, ҳофизнинг ўғли билан гурунглашишим керак» деганлари, 80 дан ошганида шаҳд билан Тошкентга келгани, консерваторияга бориб Отаназар Матёқубовни топгани, уйида меҳмон бўлиб, гурунглашгани, ўтганларни эслаб, отасининг руҳини шод этгани...

...эсимга тушиб кетди Нью-Йорк, Парижу Лондонларга бориб-келиб юрадиган, бироқ афтидан Ўзбекистонимизни, ўзбегимни ҳали яхши билмайдиган исми-шарифи ўзбекча бир блогер «ўзбеклар нюансларни яхши тушунмайди», деб юборганида беписандлик билан...

...Алқисса...

Шундай ХАЛҚИМ бор экан, ОНА ТИЛИМ ўлмайди!

Ҳусан Карвонли