Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Биохилма-хилликни муҳофаза қилишга бағишланди
19:28 / 2025-05-21

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида “Ўзбекистон Республикасида биохилма-хиллик ва экотизимни муҳофаза қилиш – Германия Федератив Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик салоҳияти” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Минтақанинг долзарб экологик муаммоларини муҳокама қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва Ўзбекистон-Германия илмий ҳамкорлигини кенгайтириш мақсадида ташкил этилган анжуманда Германия, Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларнинг вазирлик ва идоралари, етакчи илмий муассасалари ва университетлари вакиллари, шунингдек, халқаро экспертлар ва тадқиқотчилар иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққанлар глобал экологик муаммолар фонида биологик хилма-хилликни сақлаб қолиш, хусусан, Марказий Осиё минтақасида мавжуд ноёб экотизимлар ва уларнинг хизматларини илмий асосда ўрганиш ва муҳофаза қилиш зарурлигини таъкидлашди. Шунингдек ҳудудда олиб борилаётган экологик сиёсат ва табиатни муҳофаза қилиш борасидаги стратегик режалар ҳақида маълумотлар беришди.

Конференцияда таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш йўналишлари ҳам кўриб чиқилди. Германия ва Ўзбекистон университетлари ўртасида ўқув дастурларини янада такомиллаштириш, амалдаги таълим концепцияларига генетик ва биологик хилма-хиллик, экотизимларнинг аҳамияти каби мавзуларни интеграциялаш, талабаларни экологик саводхонлик ва барқарор ривожланиш тамойилларига асосланган ҳолда тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди. 

Тадбир доирасида фанлараро ёндашувга асосланган тематик тадқиқотларни ривожлантириш, тизимли фанлар билан бир қаторда иқтисодиёт, экология ва ижтимоий масалалар ўртасидаги ўзаро боғлиқликни таҳлил қилишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифлар ҳам илгари сурилди.

Бундай ёндашув экологик хавф-хатарларни чуқур таҳлил қилиш, уларнинг ижтимоий ва иқтисодий оқибатларини баҳолаш ҳамда уларга қарши самарали стратегиялар ишлаб чиқишда муҳим омилдир. 

Халқаро илмий-амалий анжуман давомида Германия ва Ўзбекистон олимлари ўртасида тажриба алмашиш, қўшма тадқиқотлар, таълим дастурлари, малака ошириш ва илмий алмашинув механизмларини йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди. 

Тадбир якунида иштирокчилар халқаро миқёсда биологик хилма-хилликни муҳофаза қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларни кучайтириш зарурлигини яна бир бор эътироф этиб, ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёр эканликларини билдиришди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири