Инсониятнинг ўз манфаати йўлида табиатга, атроф-муҳитга, атмосферага етказаётган зарарлари, ўз навбатида, ўсимлик ва ҳайвонот оламига ҳам катта зиён кўрсатмоқда. Яъни, минглаб турларнинг камайиб ёки йўқолиб кетиши, ҳайвон ва паррандаларнинг ўз яшаш манзилини ўзгартириши каби ҳолатларга олиб келаётир. Бу эса сайёрамизда экотизимлар хилма-хиллиги бузилишига сабаб бўлади.
Ер юзида биохилма-хилликни сақлаш мақсадида 22 май — Халқаро биохилма-хиллик куни сифатида белгиланган. Ушбу сананинг жорий қилиниши ҳамда биохилма-хилликнинг йўқолиш сабаби ва омиллари ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Экологик партия фракцияси аъзоси Наврўзбек Юсупов қуйидагиларни таъкидлади:
— Биологик хилма-хиллик Ерда мавжуд бўлган барча ҳаёт шаклларининг, яъни генетик ресурслар, турлар ва экотизимлар хилма-хиллиги мажмуасидир. Унинг экологик, иқтисодий ва ижтимоий аҳамиятини эътироф этган ҳолда 22 май санаси БМТнинг 2000 йилдаги қарори билан расман Халқаро биохилма-хиллик куни сифатида белгиланди. Ушбу сана 1992 йилдаги Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги Конвенциянинг қабул қилинган санасига тўғри келади ва биохилма-хилликнинг глобал аҳамиятини яна бир бор эслатади.

Биохилма-хиллик ҳар бир экотизимнинг мувозанатини таъминлайдиган фундаментал биологик механизмлар асосидир. У нафақат табиий муҳит барқарорлигини сақлашга хизмат қилади, балки қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, биотехнология ва экотуризм соҳалари учун ҳам муҳим манба ҳисобланади. Масалан, дори-дармонларнинг 60 фоиздан ортиғи табиий организмлардан келиб чиққан бирикмаларга асосланган.
Турлар хилма-хиллиги нафақат сонида, балки улар ўртасидаги ўзаро алоқалар ва экотизим функционаллигида ҳам намоён бўлади. Ҳар қандай биологик турнинг йўқолиши экотизим иерархиясидаги ноаниқликларга, ҳатто ҳалокатли ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкин. Хусусан, поллинатор (гулланишни амалга оширувчи) турлар популяциясининг пасайиши бутун озиқ-овқат занжирига таъсир қилади.
Бугунги кунда биохилма-хилликни йўқотиш тезлиги инсоният тарихидаги энг юқори нуқтага етган. Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи (IUCN) маълумотларига кўра, ҳар 8 та сут эмизувчи туридан бири, 1 та қуш туридан 10 таси йўқолиш хавфи остида. Бунинг асосий сабаблари қуйидагилар: табиий муҳитларни йўқ қилиш ва фрагментация (ўрмонларни кесиш, шаҳарлашув); иқлим ўзгаришининг турлар мослашувига таъсири; чет эл турларининг кириб келиши ва инвазив турлар; чиқиндилар, пестицидлар ва бошқа ифлослантирувчилар таъсири; биологик ресурслардан ноқонуний фойдаланиш (браконьерлик, ўсимликлар коллекцияси).
Мамлакатимизда биологик хилма-хилликни муҳофаза қилиш ва барқарор фойдаланиш борасида қатор ҳуқуқий ва институционал ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон 1995 йилда Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги Конвенцияга аъзо бўлган ва 2019-2028 йилларга мўлжалланган “Биохилма-хилликни сақлаш ва барқарор фойдаланиш миллий стратегияси”ни қабул қилган.
Ўзбекистонда махсус муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар белгиланган бўлиб, улар орасида “Зарафшон миллий боғи”, “Ғиссар қўриқхонаси”, “Амударё биосфера резервати” каби ҳудудлар мавжуд. Шунингдек, Қизил китобга киритилган турлар рўйхати янгиланиб, уларнинг мониторинги ва популяциясини тиклаш ишлари олиб борилмоқда.
Биохилма-хиллик — бу инсониятнинг экологик, иқтисодий ва маданий келажагини белгиловчи стратегик ресурс. Уни сақлаш учун бир қатор йўналишларда кенг қамровли чора-тадбирлар зарур. Илмий тадқиқотлар ва мониторинг фаолиятини кенгайтириш, таълим муассасаларида экологик билимларни узлуксиз ўқитиш ва тарғиб қилиш, хусусий секторни биохилма-хилликни асрашга жалб қилиш, халқаро ҳамкорлик ва трансчегаравий экотизимларни муҳофаза қилиш шулар жумладандир.
Бир сўз билан айтганда, Халқаро биохилма-хиллик куни нафақат экологик байрам, балки глобал бурчни англаш ва амалий ҳаракатлар кунидир.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди.
ЎзА