Жиззах вилоятининг Дўстлик туманида экологик тоза ва самарали ечимларни қишлоқ хўжалигига жорий этиш борасида муҳим қадамлар қўйилмоқда.
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси туман бўлими томонидан “Зафар” фермер хўжалиги даласида “Фермер хўжаликларига дала майдонларида биомаҳсулот билан тўғри ишлаш ва унинг афзалликлари” мавзусида амалий семинар ташкил этилди.
Мазкур тадбирда тумандаги фермер хўжаликларининг раҳбарлари, агротехниклар, биолаборатория ходимлари ва мутахассислар иштирок этиб, биомаҳсулотлардан самарали фойдаланиш усуллари, уларнинг ҳосилдорлик ва маҳсулот сифатига таъсири ҳақида ўзаро фикр алмашишди.

Бугунги кунда туманда фаолият юритаётган 7 та биолаборатория 12 минг 800 гектардаги ғўза парвариши учун экологик тоза, инсон саломатлиги учун хавфсиз биомаҳсулотларни етказиб бермоқда. Бу эса нафақат ҳосилдорликни ошириш, балки ернинг табиий унумдорлигини сақлаб қолишда ҳам катта аҳамият касб этмоқда.

Дўстлик туманида биомаҳсулотлардан фойдаланиш бўйича тарғиботни кучайтириш, амалий кўникмаларни шакллантиришга қаратилган бундай семинарлар фермерларнинг билим ва салоҳиятини ошириш ҳамда қишлоқ хўжалигида юксак самарадорликка эришишга замин яратади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбири