Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясида биология фани бўйича узлуксиз таълим дастурларининг муҳокамасига оид давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбир давомида биология ўқитиш бўйича фан дастурларини такомиллаштириш, ривожланган мамлакатларнинг илғор тажрибаларини сингдириш ва халқаро тадқиқотларга мослаштириш юзасидан қатор масалалар муҳокама қилинди.
Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбаев:
– Давлатимиз раҳбари ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали тадбирда аниқ ва табиий фанлар ўқитиш методикаси мураккаб тузилгани, уларда назарий билимлар амалиёт билан боғланмагани, ўқув дастурларида узвийлик йўқлиги, дарсликларнинг мазмуни ва сифати қониқарсиз экани ҳақли эътирозларга сабаб бўлаётганини алоҳида таъкидлаб ўтган эдилар.
Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида фан дастурлари узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлашнинг 10 та босқичи ишлаб чиқилди.
Шу қаторда биология фани бўйича ҳам мавжуд ўқув дастурларини таҳлил қилиш ва такомиллаштириш бўйича энг тажрибали ва малакали олимлардан иборат ишчи гуруҳлар ташкил этилди ва биология фанининг узлуксиз таълим тизимидаги ўқув дастурлари ўрганиб чиқилди.
Мазкур фан концепциялар ва ўқув дастурлари лойиҳалари Фанлар академияси Генетика ва экспериментал биология институти, Миллий университет ва Фарғона давлат университетлари, Абу Али ибн Сино ижод мактаби ҳамда Фарғона вилояти халқ таълими бошқармасига экспертизага берилган.
Жойлардан олинган экспертиза хулосалари асосида Халқ таълими вазирлигига 16 та ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига 3 та таклиф жўнатилди. Экспертиза хулосалари асосида Концепция ва ўқув дастурларни такомиллаштирилди ҳамда яхлит биология фанидан «Узлуксиз таълим дастурлари» лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Мазкур йўналишдаги ишлар узвий давоми сифатида республикамиздаги биология фани бўйича етук олимлардан ва амалиётчи илғор педагоглардан «Узлуксиз таълим дастурлари» мажмуасини тўлиқ таҳрирдан ўтказиш ҳамда таклифларини беришларини сўраймиз, – деди Таълим инспекцияси бошлиғи.
Биология фани бўйича ишчи гуруҳ амалиётчи олимлар ва педагоглар билан ҳамкорликда ўрганишлар натижасига кўра, бугунги кунда мазкур фан бўйича узвийлиги таъминланмаган мавзулар 6 та, қисқартирилган мавзулар 9 та, олиб ташланадиган мавзулар 1 та, бошқа таълим турига ўтказилган мавзулар 8 та, халқаро тадқиқотлар бўйича киритиладиган мавзулар 8 талиги аниқланди ва дастурларга тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда.
Мазкур кўрсаткичлардан келиб чиққан ҳолда, фан дастурини такомиллаштириш концепцияси ишлаб чиқилди. Ушбу концепция бўйича яратилган ўқув дастурлари Таълим инспекциясининг uzviylik.tdi.uz муҳокама порталига жойлаштирилди. Бугунги кунга қадар концепцияни янада такомиллаштириш бўйича фуқаролар томонидан 120 дан ортиқ таклифлар билдирилди.
Тадбир давомида ҳар бир таълим босқичи мутахассислари умумий ўрта мактабларида, академик лицей, профессионал ва педагогика олий таълим тизими биология фани бўйича узлуксизлик ва узвийликни таъминлаш бўйича амалга ошираётган ишлар бўйича тақдимотлар ўтказилди.
Хусусан, миллий ўқув дастури ишлаб чиқиш жараёнида халқаро экспeртлар кўмагида Финляндия, Cингапур, Корeя, Япония, Гонконг дастурлари, Прeзидeнт мактаблари билан Кeмбридж тажрибаси, ўқув дастурлари ўрганилгани маълум қилинди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, табиий фанлар бўйича янги ўқув дастурининг ютуқларидан бу дарс жараёнида мавзуларнинг спиралсимон тарзда ўтилишидир. Мисол учун, ўсимликларнинг нафас олиши мавзуси, ҳайвонлар ва одамлар нафас олиши билан боғлаб тушунтирилади.
Муҳокамалар жараёнида биология фанини бошқа фанлар билан боғлаб ўқитиш бўйича истиқболдаги вазифаларга ҳам тўхталиб ўтилди.
"Табиий ва иқтисодий фанлар" блок-модули ўз ичига биология, география, физика, кимё, иқтисодий билим асослари ва тадбиркорлик асослари ўқув предметларини қамраб олиши ҳамда уларнинг ўзаро алоқадорлигини таъминлаши таъкидланди.
Тадбир якунида, биология фани бўйича ўқув дастурларини такомиллаштиришда ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар юзасидан фикр алмашиниб, тегишли вазифалар белгилаб олинди.