Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Биологик ҳимоя – юқори ҳосил кафолати
15:15 / 2025-06-14

Сирдарё вилоятида ғўза ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини зарарли ҳашаротлар ва касалликлардан ҳимоя қилиш, шу билан бирга юқори ва сифатли ҳосил етиштиришни таъминлаш мақсадида биологик ҳимоя усуллари самарали йўлга қўйилмоқда.

Айниқса, вилоятдаги 35 та биолаборатория томонидан тайёрланаётган фойдали ҳашаротлар – олтинкўз, трихограмма ва бракон каби биомаҳсулотлар агрокластерлар ҳамда фермер хўжаликларининг ғўза майдонларига етказилиб, амалиётга кенг татбиқ этиляпти. Бу каби табиий биологик воситалар экинларни кимёвий дориларсиз, экологик хавфсиз йўл билан ҳимоя қилиш имконини бермоқда.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича вилоят бошқармаси томонидан “Карантин хизмати – деҳқонга кўмакчи” тамойили доирасида ғўза майдонларида мунтазам мониторинг ишлари ташкил этилган. Давлат инспекторлари томонидан зараркунанда ва карантиндаги организмлар аниқланган ҳолларда ўз вақтида амалий ёрдам ва зарур тавсиялар берилмоқда.

– Ҳозирги кунда биологик ҳимоя воситаларидан оқилона фойдаланиш орқали ҳашаротларга қарши экологик хавфсиз ва иқтисодий самарали усуллар асосида кураш олиб борилмоқда, – дейди вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи ўринбосари Сарвар Саъдуллаев. – Бу нафақат ғўзанинг соғлом ривожланиши, балки ҳосилдорликнинг ортиши ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланишида ҳам муҳим омил ҳисобланади.

Шу билан бирга, агротехник тадбирлар тақвими, профилактик чоралар, биологик ҳимоянинг тўғри қўлланилиши ва карантин талаблари бўйича мутахассислар томонидан деҳқон ва фермерларга доимий тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Ўқув-семинарлар, амалий машғулотлар орқали ҳудуддаги агротехнологик билимлар янада мустаҳкамланмоқда.

Ушбу тизимли ишлар натижасида ғўза майдонларида зарарли ҳашаротлардан ҳимоя самарадорлиги оширилиб, хўжаликлар барқарор даромад топаётир, экспортбоп маҳсулотлар ҳажми кенгаймоқда. Бу эса соҳанинг барқарор ривожи ва миллий озиқ-овқат хавфсизлиги учун муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири