Ўзбекистон Республикаси Рақобат қўмитаси “JO‘RABEK” хусусий корхонаси томонидан ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган “Orthomol” биологик фаол қўшимча рекламасини белгиланган тартибда ўрганиб чиқди.
Ўрганишлар жараёнида мазкур реклама материалларини тайёрлаш ва тарқатишда Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги қонуни талабларига риоя этилмагани аниқланди. Хусусан, рекламада маҳсулот ҳақида тўлиқ, холис ва қонуний маълумотлар берилмаган, шунингдек биологик фаол қўшимчаларга нисбатан белгиланган мажбурий чекловлар бузилган.
Маълумки, қонунчиликка мувофиқ, овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчалар реклама қилинганда улар дори воситаси эмаслиги тўғрисидаги огоҳлантириш берилиши, шунингдек даволовчи хусусиятларга эга экани ҳақида таассурот уйғотувчи маълумотларга йўл қўйилмаслиги лозим.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан Қўмита махсус комиссияси томонидан “JO‘RABEK” хусусий корхонасига нисбатан иш қўзғатилиб, ишни кўриб чиқиш натижаларига кўра, қонун талабларини бузганлик учун молиявий жарима қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Шунингдек, қонунбузарликларни бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик мақсадида корхонага бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА