Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Биолабораториялар атроф-муҳит муҳофазасида муҳим аҳамиятга эга
10:08 / 2021-06-10

Сирдарё вилояти Ховос тумани ҳокими, секторлар раҳбарлари биргаликда ўсимликларни биологик ҳимоя қилиш мақсадида биолабораторияларни ташкил этиш масаласини атрофлича ўрганиб чиқди.

Юртимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, экологик тоза маҳсулот етиштириш ва атроф-муҳитни соғломлаштиришга муҳим йўналишлар сифатида қаралмоқда.  

Янгиликларни амалиётга кенг татбиқ этиш натижасида ўсимликларни биологик ҳимоя қилиш воситаларидан фойдаланиш ҳажми йил сайин ошиб бормоқда. Ўтган 1970 йилларгача экинлар ҳосилини зараркунанда, касаллик ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш фақат кимёвий кураш усулида амалга оширилган. Бу усулнинг салбий томонлари эса талайгина. Турли кимёвий воситаларни ғўза ва бошқа қишлоқ хўжалик экинлари майдонларига ишлатилиши туфайли теварак-атрофга катта экологик зарар етказилган. Кейинги йилларда республикамизда 800 га яқин биофабрика ва биолабораториялар фаолият кўрсатишни бошлади. Кўпайтирилган биомаҳсулотлар қишлоқ хўжалиги экинлари зараркунандаларига қарши биологик усулни кенг майдонларда қўллаш имкониятини берди.

Хусусан, Ховос туманида ҳам биолабораторияларни ташкил этиш чоралари кўрилмоқда.  

Тумандаги биолабораторияларда кўпайтирилаётган биомаҳсулотларнинг табиий ҳолидаги биологик хусусиятларини юқори даражада сақлаб қолишда биомаҳсулотларни кўпайтириш технологик жараёнларига риоя этиш ва уни ўз вақтида сифатли бажариш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, ушбу биолабораторияда қишлоқ хўжалик экинлари зараркунандаларига қарши қўллаш учун трихограмма, бракон ва олтинкўз биомаҳсулотлари кўпайтирилиши режалаштирилган. Қишлоқ хўжалик экинлари зараркунандаларига қарши биологик усулда курашиш муҳим вазифага айланган.  

Туман сектор раҳбарлари, вилоят прокуратурасининг масъул ходимлари ва тегишли туман ташкилотлари ходимлари биолабораторияда бўлиб, уни кўздан кечирди. Мавжуд муаммолар ўрганилди. Биомаҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича таклифлар берилди. Шу билан бирга, туманнинг Ҳуснобод маҳалла ҳудудида ҳам ушбу йўналишдаги лабораторияни ташкил этишга келишиб олинди.  

Янги ташкил этилиши режалаштирилаётган биолаборатория нафақат туманга, балки, қўшни туманларга ҳам хизмат кўрсатади.

А.Қаюмов, ЎзА