Биофаол дори воситалари фош бўлди
Жиззах вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан мамлакатимиздан четга биологик фаол қўшимчаларни яширин равишда олиб ўтишга уринган шахс қўлга олинди.
Вилоят божхона бошқармаси Ахборот хизматининг хабар беришича, мамлакатимиз фуқароси М.Ш. “Қўшкент” чегара пости орқали ҳаракатланиб, биофаол қўшимчаларни ноқонуний тарзда, яширинча қўшни мамлакатга олиб чиқиб кетишни режа қилган. “Ишбилармон” нинг найранги иш бермай, вазифасини сергаклик билан бажараётган божхона ходимлари томонидан қўлга олинди.
Фуқаро М.Ш.га тегишли юклар гувоҳлар иштирокида божхона ходимлари томонидан кўздан кечирилганда, хорижга олиб ўтмоқчи бўлган буюмлари орасига ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган 1 минг 620 дона биологик фаол қўшимчалар беркитилгани аниқланди.
Ноқонуний иш тутган “ишбилармон” энди қонун олдида жавоб беради.
Ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА