Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Биоасосли графен – сув, ҳаво ва инсон саломатлиги учун инновацион ечим
15:01 / 2026-01-12

Бугунги кунда инсоният дуч келаётган энг долзарб муаммолардан бири экологик барқарорликнинг бузилиши ҳисобланади. Ичимлик сувларининг ифлосланиши, ҳаводаги заҳарли газлар миқдорининг ортиши, саноат чиқиндилари табиат ҳамда инсон саломатлигига жиддий хавф туғдирмоқда.

Ушбу глобал муаммоларни бартараф этишда фан ва технологияларнинг роли беқиёс. Айнан шундай шароитда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Материалшунослик институти олимлари томонидан яратилган биологик асосда олинган кўп қатламли графен экология ва тиббиёт соҳалари учун муҳим илмий ютуқ сифатида эътироф этилмоқда.

Сўнгги йилларда графен, углерод нанотрубкалари, фуллеренлар ва графен оксиди каби углерод асосидаги материаллар илм-фан марказида бўлиб келмоқда. Бироқ, ушбу материалларнинг аксарияти кимёвий синтез жараёнида заҳарли реагентлар иштирокида олинади. Бу ҳолат уларни, айниқса тиббиёт ва экология соҳаларида қўллашни кескин чеклайди.

Шу нуқтаи назардан, Фанлар академияси олимлари томонидан ишлаб чиқилган биоасосли кўп қатламли графен тубдан янги ёндашув маҳсули ҳисобланади. Янги яратилган кўп қатламли графеннинг асосий устунлиги унинг инсон организми учун мутлақо зарарсизлигидир. Олиб борилган кенг қамровли илмий тадқиқотлар ушбу материалнинг юқори даражадаги биомослигини тасдиқлади. Айниқса, клиник кузатувларда диабет касаллиги туфайли узоқ вақт битмайдиган яраларнинг тез тузалиши қайд этилгани мазкур материалнинг тиббиёт учун нақадар истиқболли эканини кўрсатади. Шу боис, кўп қатламли графен янги авлод биомос наноматериали сифатида баҳоланмоқда.
          Мазкур илмий ишланманинг амалий натижаларидан яна бири – WАТER-TOL номли фильтр-пресс қурилмасининг лаборатория намунаси яратилгани. Ушбу қурилма кўп қатламли графен асосида ишлаб чиқилган бўлиб, ичимлик сувларини тозалаш, саноат чиқинди сувларини зарарсизлантириш ҳамда экологик хавфсизликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси олимлари томонидан яратилган биоасосли кўп қатламли графен нафақат илмий ютуқ, балки экологик ва тиббий муаммоларга комплекс жавобдир. Унинг биомослиги, хавфсизлиги ва кўп функциялилиги ХХI асрнинг энг истиқболли инновацион материалларидан бири сифатида эътироф этилишига тўлиқ асос беради.

Дилдора ДЎСМАТОВА,

ЎзА