Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Биноларда энергия самарадорлиги мониторинги сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилади
17:27 / 2024-10-02

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури ва ҳамкорларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракати доирасида Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Техник меъёрлаш ва стандартлаштириш илмий-тадқиқот институти негизида ташкил этилган Рақамли ресурс марказига янги замонавий ускуналар топширилди. Ушбу марказ энергия сарфини самарали кузатиб бориш ва тежамкорликкка эришиш усулларини ишлаб чиқиш учун замонавий технология ва илғор тажрибани уйғунлаштирган, ҳам бюджетга, ҳам атроф-муҳитга фойда келтирадиган асосий муассаса ҳисобланади.

Марказ биноларда истеъмол бўйича маълумот тўплаш орқали энергия беҳуда сарфланиши сабабларини аниқлайди, тежамкорликни режалаштириш имконини беради. Атроф-муҳитни муҳофаза қилишга ҳисса қўшади, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни қўллаб-қувватлайди.

БМТ ТД томонидан кўрсатилаётган ёрдам фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган бўлиб, IT-ускуналар, идора мебели ва энергия аудити ўтказиш учун замонавий воситалар тақдим этишни ўз ичига олади. Тез орада институт расмий веб-сайтига интеграция қилинган ва энергия тежамкор уй-жой қурилиши ҳақида хабардорликни оширишга хизмат қиладиган веб-платформа ишга туширилиши кутиляпти.

Бундай жиҳозлар жамоага энергия сарфи бўйича маълумотни қабул қилиш ва қайта ишлашни автоматлаштириш, тезкор мониторинг ўтказиш ва энергия самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш учун имкон яратади. Янги ресурслар эса энергия тежамкор ва кам углеродли хонадонларни лойиҳалаш, қуриш ва шу уй-жойлардан фойдаланиш бўйича муҳим тренинглар ўтказиш, мамлакатимизнинг энергия самарадорлигини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатини қўллаб-қувватлашга кўмаклашади.

– Биз Рақамли ресурс марказини қўллаб-қувватлаш, жамоанинг кейинги самарали фаолияти учун пойдевор қўйишдан мамнунмиз, – деди БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фудзи. – Мажмуа ходимларни ўқитиш, кадрлар салоҳиятини ошириш, шунингдек тежамкор технология ва қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишнинг афзаллигини намойиш этишда муҳим аҳамиятга эга.

Таъкидлаш жоиз, Глобал экологик жамғарма (GEF) томонидан молиялаштириладиган бу ёрдам БМТ ТД ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг “Ўзбекистонда энергия тежамкор қишлоқ уйлари қурилишини ривожлантиришга кўмаклашиш” қўшма лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда. Ташаббусдан кўзланган мақсад қишлоқ аҳолисини, атроф-муҳитга зарар етказмаган ҳолда, янада қулай ва арзон турмуш шароити билан таъминлашдан иборат.

ЎзА