Пойтахтимизда динамик бильярд бўйича ўтказилган Ўзбекистон чемпионати юртимиздаги энг маҳоратлиларни жамлагани билан эътиборли бўлди.
Уч кун давомида шиддатли курашларга бой ўтган чемпионат давомида саралаш мусобақаларида муваффақиятга эришган бильярдчилар ғолиблик учун кураш олиб борди.
Мусобақа келгуси йили Тошкентда ўтадиган жаҳон чемпионатига саралаш вазифасини ўтагани сабабли иштирокчиларда ўзига хос қизиқиш уйғотди.
Шарни бильярд турига йўналтиришдаги аниқликни белгилай олиш баробарида техник-тактик имкониятларини намойиш этган энг маҳоратли бильярдчилар совринли ўринларга даъвогарлик қилди.

Саралашда ўз иқтидорини намойиш этган ва ҳал қилувчи баҳсларда ирода кўрсатган Маруф Йўлдошев ғолиблик шоҳсупасига кўтарилган бўлса, Азизжон Рустамов 2-ўринни, Азиз Бозорбоев ва Собиржон Каримов 3-ўринни эгаллади.
Аёллар мусобақасида Наргиз Тошева мамлакат чемпионлигини қўлга киритиш билан бир қаторда, келгуси йили Тошкентда ўтиши кутилаётган жаҳон чемпионатида ватанимиз шарафини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга чиқди.
Ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Бильярд федерацияси раиси Ўткир Комилов иштирок этди.
Эслатиб ўтамиз, чемпионатда совринли ўринларни эгаллаган спортчилар Ўзбекистон терма жамоаси сафидан жой олди.
Т.Рўзиев, ЎзА