Шу кунларда пойтахтимиздаги “STAR SNOOKER” бильярд клубида “МДҲ-2025 кубоги” рейтинг турнири бўлиб ўтмоқда.
МДҲ давлатларининг 121 нафар бильярд спорт усталари қаторида жаҳон чемпионлари, халқаро турнирларнинг ғолиб ва совриндорлари иштирок этаётган мусобақаларнинг ортда қолган баҳслари сарҳисобига кўра, саралаш баҳсларида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон вакиллари муваффақиятга эришди.

Кеча ўтган иккинчи кунги мусобақаларда маҳорат ва аниқлик борасида ўз иқтидорини намойиш этган ҳамюртларимиз Азиз Мадаминов, Жамолиддин Қўчқоров, Зуҳриддин Ҳошимов, қозоғистонлик Акжолтой Турганбаев, қирғизистонлик Изат Ратбеков каби бильярдчилар чорак финал йўлланмасини қўлга киритди.

– Турнирда Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистон бильярдчилари жаҳон чемпионатлари ва нуфузли турнирларда қатнашиш учун ўз рейтинг балларини мустаҳкамлаш йўлида кураш олиб бормоқда.

Улар орасида жаҳон чемпионлари, нуфузли турнирларнинг ғолиб ва совриндорлари бор. Баҳсларни Халқаро бильярд федерацияси экспертлари кузатиб бормоқда, – дейди Ўзбекистон бильярд федерацияси раиси Ўткир Комилов.
Мукофот жамғармаси 100 миллион сўмдан иборат турнирнинг ғолиб ва совриндорлари 10 сентябрь куни аниқланади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА