Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Билмайин босдим тиконни...
16:44 / 2021-06-04

Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди томонидан Бухоро Давлат университети биносида сайёр очиқ суд мажлиси ўтказилди.

Унда судланувчи М.Маҳмудов жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига қарши жиноятлар туркумига кирувчи – контрабанда, яъни божхона назоратидан яшириб, декларациясиз, диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастликни тарғиб қилувчи материалларни Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан ўтказишда ифодаланган жиноятни содир этганлиги кўриб чиқилди.

Фуқаро М.Маҳмудов мавсумий ишлаб даромад орттириш учун 2019 йил 2 март куни самолётда Тошкент-Владивосток авиайўналиши бўйича Россия Федерацияси ҳудудига чиқиб кетади. 2020 йил 2 декабрь кунига қадар Владивосток шаҳрида бўлиши давомида ўзининг фойдаланиши учун бир дона Galaxy S7 edge русумли уяли алоқа воситаси харид қилади.  

М.Маҳмудов фойдаланувидаги мазкур уяли алоқа воситаси билан Интернет тармоғига уланади. Telegram мобиль иловаси ёрдамида турли хил диний экстремистик гуруҳларнинг каналларига аъзо бўлади. Ушбу каналлардаги ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган ҳамда ақидапарастликни тарғиб қилувчи аудио ва видео материалларни юклаб, уяли алоқа воситасининг ички хотирасида сақлаб келади.  

Бухоро аэропорти чегара божхона постига Новосибирск-Бухоро йўналиши бўйича самолётда учиб келади. Постнинг яшил йўлаги орқали Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келган фуқаро М.Маҳмудов божхона назоратидан ўтказилади. У ўзига тегишли бўлган уяли алоқа воситасининг ички хотирасида сақлаб келаётган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолияти тақиқланган «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террорчи гуруҳи етакчиларидан бири Абу Салоҳнинг «Қандай собитқадам бўламиз» номли, Абдуллоҳ домланинг «Жаннатга ошиқлар» номли, Рафиқ Камолов ва бошқаларнинг аудио ва видео файлларини божхона назоратидан яшириб, декларациясиз Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан олиб ўтганлиги аниқланади. Мазкур уяли алоқа воситаси текшириб кўриш учун олиб қўйилади.  

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2020 йил 22 декабрдаги экспертлик хулосасига кўра, фуқаро М.Маҳмудов фойдаланувидаги уяли алоқа воситаси ички хотирасида сақланаётган маълумотлар ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилганлиги ҳамда ақидапарастликни тарғиб қилувчи материаллар сирасига кириши, шунингдек, уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланиши аниқланади.  

Ушбу ҳаракатлари билан фуқаро М.Маҳмудов божхона назоратидан яшириб, декларациясиз, диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастликни тарғиб қилувчи материалларни Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан ўтказишда ифодаланган жиноятни содир этади.  

Судланувчи Марат Маҳмудов мазкур жиноятни содир этганликдаги айбига судда тўлиқ иқрор бўлди. У судда юқоридаги номлари баён этилган инсонлар билан интернет тармоғи орқали танишгани, улар билан гаплашмаганлигини билдирди. Телефонининг ички хотирасида сақланган диний маърузаларнинг Ўзбекистон Республикасига олиб кирилиши тақиқланганлигини билмаганлигини, айбига тўлиқ иқрорлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини айтди. Жиноятни очиш учун фаол ёрдам берганлигини, ёшини, судланмаганлигини, суд процесси иштирокчиларидан кечирим сўраганлигини инобатга олиб, қонуний енгиллик бериш ҳақида кўрсатма беради.  

Шунингдек, жиноят ишида мавжуд тушунтириш хатлари ва сўроқ баённомаларидаги кўрсатувлар ҳамда жиноят ишида мавжуд бўлган далиллар йиғиндиси билан ўз исботини топган.  

Суд, дастлабки тергов органи судланувчи М.Маҳмудов жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига қарши жиноятлар туркумига кирувчи контрабанда, яъни божхона назоратидан яшириб, декларациясиз, диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастликни тарғиб қилувчи материалларни Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан ўтказишда ифодаланган жиноятни қасддан содир қилганликда асосли хулосага келади. Унинг жиноий ҳаракатларини Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 246-моддаси 1-қисми билан тўғри квалификация қилган деб ҳисоблайди.

Суд, судланувчи М.Маҳмудовга жазо тури ва миқдорини белгилашда содир этилган жиноятнинг оғирлик даражасини, ижтимоий хавфлилик хусусиятини эътиборга олади. М.Маҳмудовнинг жазосини енгиллаштирувчи ҳолат деб, айбига тўлиқ иқрорлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, жиноятни очиш учун фаол ёрдам берганлигини, ёшини, судланмаганлигини, суд процесси иштирокчиларидан кечирим сўраганлигини /ЖКнинг 55-моддаси/, унинг жазосини оғирлаштирувчи /ЖКнинг 56-моддаси/ ҳолатлар йўқлигини инобатга олади.  

Суд Пленум қарори талабларидан келиб чиқиб, М.Маҳмудов оғир жиноят содир этганликда айбланиб, ушбу муддат санкциясида фақатгина озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо назарда тутилган бўлса-да, суд, судланувчи М.Маҳмудовнинг айбига тўлиқ иқрорлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, жиноятни очиш учун фаол ёрдам берганлигини, ёшини, судланмаганлигини, суд процесси иштирокчиларидан кечирим сўраганлигини инобатга олиб, уни жамиятдан ажратмаган ҳолда ахлоқан тузатишнинг имкони мавжуд деб ҳисоблайди. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 57-моддасини қўллаб, модда санкциясида назарда тутилмаган бошқа турдаги енгилроқ жазо, яъни сутканинг муайян вақтида яшаш жойидан чиқишини чеклаган ҳолда озодликни чеклаш жазоси тайинлашни, шунингдек, содир этган жиноятнинг хусусиятини ҳисобга олган ҳолда, муайян жойларга бормаслик, оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказишда иштирок этмаслик, назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини, иш ва (ёки) ўқиш жойини ўзгартирмаслик, тегишли маъмурий ҳудуддан ташқарига чиқмаслик, алоқа воситаларидан, шу жумладан, интернетдан фойдаланмаслик, жазони ўташ муддатида корхона, муассаса ва ташкилотларда ишлаб меҳнат фаолияти билан шуғулланиш каби қўшимча чеклашларни юклашни лозим деб ҳисоблайди.  

Шу билан бирга, суд, жиноят иши бўйича баҳоси 803.600 сўмлик Galaxy S7 Edge русумли уяли алоқа воситаси хотирасидаги диний мазмундаги аудио ва видео файллари йўқотилиб, давлат фойдасига мусодара қилишини ҳамда 4 дона компакт дискларни жиноят иши билан бирга сақлашни лозим топади.  

 

З.Музафаров,  

Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди судьяси