“Тошкент шаҳар сув таъминоти” АЖ томонидан “Биллинг тизими: рақамлаштириш истиқболлари” мавзуида пресс-тур ташкил этилди.
Тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар иштирок этди.
Мазкур пресс-турни ўтказишдан асосий мақсад айни кунда ичимлик суви тўлови билан боғлиқ юзага келаётган масала ва муаммолар сабабларини тушунтириш, истеъмолчи ҳамда таъминотчи корхона ўртасидаги тўлов муносабатлари тартиб- тамойиллари хусусида кенг жамоатчиликка етказишдир.
Пресс-тур “Тошкент шаҳар сув таъминоти” АЖнинг Абонентлар бошқармасида бўлиб ўтди. Унда мутахассислар айни кунда ишлаб турган биллинг тизими, яъни маълумотлар базаси билан яқиндан таништирди. Ушбу тизимнинг ишлаш технологияси ва истеъмолчи билан ҳисоб-китоблардаги аҳамияти хусусида сўз борди.
Тадбирда таъкидланишича, айни кунда аҳоли ўртасида турли тушунмовчиликлар учраб турибди. Хусусан, истеъмолчилар назарида асоссиз қарздорликларнинг келиб чиқаётгани, бу ҳақда хонадонларга хабарнома ва смслар юборилаётгани ҳамда бошқа ҳолатлар норозиликларга сабаб бўлмоқда.
[gallery-19261]
– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 19 августдаги 517-сонли қарорига мувофиқ барча гуруҳ истеъмолчилари ичимлик суви таъминоти ва сув чиқариш хизмати учун ҳисобга олиш приборлари мавжуд бўлганда охирги уч ойнинг ўртача сарфи бўйича ҳамда ҳисобга олиш приборлари мавжуд бўлмаганда ойлик истеъмол нормаси бўйича кейинги ой учун ҳар ойнинг 10-санасига қадар 100 фоиз олдиндан ҳақ тўлаши лозим, – дейди “Тошкент шаҳар сув таъминоти” АЖ ахборот хизмати раҳбари Равшан Ёқубжонов. – Истеъмолчининг яна бир мажбурияти ҳар ойда бир маротаба ҳисоблагич кўрсатгичларини биллинг тизимига тақдим этиб боришдир. Буни 1255 қисқа рақамига қўнғироқ қилиш ёки шахсий кабинет орқали тақдим этиш мумкин. Жойлардаги сув таъминоти бўлимларига бориш талаб этилмайди.
Таъминотчи ва истеъмолчи ўртасида юзага келаётган барча тушунмовчилик ва муаммолар ана шу меъёрларга амал қилмаслик ортидан келиб чиқмоқда.
Бундай ҳолатга йўл қўймаслик учун тўлов тизимида бир қатор қулайликлар яратилган. Хусусан, https://cabinet.uzsuv.uz/ шахсий кабинет тизими орқали истеъмолчилар ўзларининг сув сарфлари бўйича барча маълумотларни инсон омилисиз, онлайн кузатиб бориш, ҳисоблагич кўрсатгичларини киритиш имкониятига эга. Шу орқали тўловларни турли мобил иловалар орқали амалга ошириш бугунги кунда ортиқча муаммо эмас.
Бироқ айни кунда шахсий кабинет тизимидан фойдаланувчилар сони умумий абонентлар сонининг 9 фоизигагина тенг, холос.
Тадбирда мавзу юзасидан яна қўшимча маълумотлар берилди. Журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олди.
Нилуфар Бозорова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА мухбирлари