Билимсизлик мутаассибликка, мутаассиблик тубанликка етаклайди
Аччиқ бўлса ҳам тўғрисини тан олиш керак, илгари фақат ютуқларимизни кўрсатишга ҳаракат қилардик, чет эл матбуоти эса нуқул камчиликларимизни айтиш билан чекланарди. Натижа эса ҳаммамизга маълум.
Аччиқ бўлса ҳам тўғрисини тан олиш керак, илгари фақат ютуқларимизни кўрсатишга ҳаракат қилардик, чет эл матбуоти эса нуқул камчиликларимизни айтиш билан чекланарди. Натижа эса ҳаммамизга маълум.
Кейинги йилларда мамлакатимизда шаклланган очиқлик сиёсати натижасида ҳаётимиздаги барча ўзгаришларни рўй-рост гапира бошладик. Бу одамларда ишонч туйғусини пайдо қилди. Бугунги кунда бирор соҳа йўқки, халқимиз манфаатини кўзлаб амалга оширилаётган янгиланишлар моҳияти аввало оммага етказилмаётган бўлса. Бундан биринчи навбатда жамиятимиз наф кўрмоқда, одамларда ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси юксалмоқда, ҳар бир ўзгариш эртага ҳаётимизга енгиллик олиб келади, турмушимиз фаровонлиги ортади деган қараш барчанинг онгига сингди.
Президент Шавкат Мирзиёев деярли ҳар бир нутқида, одамлар билан мулоқотларида ижтимоий ҳаётимиздаги ўзгаришлар халқимиз тафаккури, маънавий оламига қандай таъсир этаётгани ҳақида алоҳида тўхталади. Негаки, ислоҳотлардан мақсад аввало одамларнинг ўзида ҳаракат, интилиш уйғотиш, менинг ҳаётим яхши бўлиши ўзимнинг меҳнатимга боғлиқ, деган тушунчани пайдо қилиш. Бу бежиз эмас. Чунки одамларда боқимандалик кайфияти йўқолмас экан, сиёсий ва иқтисодий мустақилликка, маънавий-руҳий эркинликка эришиб бўлмайди.
Мустақиллик йилларида халқимизнинг асрий орзулари амалга ошди. Миллий-диний қадриятларимиз тикланди, ўзлигимизни англай бошладик.
Ҳозирги ёшларга собиқ тузум давридаги воқеаларни айтиб берсангиз ишонмайди. Тилимиз, динимиз чекланди, бирор масалада собиқ марказнинг изми-ихтиёрисиз иш қилолмасдик. Худосизлик совет давлатнинг сиёсатига айланганидан эътиқодли одамларнинг чеккан азобларини бугунги ёш авлод тасаввур ҳам этолмайди.
Бобомиз Шайх Муҳиддинхон Ургутий нақшбандия тариқатининг вакили бўлгани сабабли оиламиз бошига ёғилган кулфатлар, доимий таъқиб остида яшаш азобини тортганимизни яхши эслайман. Шу боис мустақиллик бебаҳо неъмат эканини, уни асраб-авайлаш кераклигини қайта-қайта таъкидлагим келади.
Бир ҳақиқатни айтиш керак, мустақиллик – гуллар тўшалган текис, равон йўлдан иборат эмас. Истиқлолга эришиш қанчалик қийин бўлса, уни асраб қолиш ундан-да машаққатли. Ушбу бебаҳо неъматни асраш учун билим-маърифат керак. Чунки билимсизлик мутеликни, мутелик –мутаассибликни келтириб чиқаради.
Мутаассибликнинг турли кўринишлари бор. Биз мутаассиблик ҳақида гапирганда,шўролар замонидан қолиб кетган одатга кўра диний мутаассибликни тушунамиз, аслида динсизлик мутаассиблиги ҳам борлигини эсдан чиқарамиз.
Етмиш йил давомида алифбоси уч марта ўзгаргани туфайли халқимизнинг араб ёзувида битилган китоблардан бебаҳра бўлиб келди. Диний маърифатга бўлган ташналик сабаб оят ва ҳадисдан иқтибос келтириб гапирадиган ҳар бир кимса кўзимизга аллома бўлиб кўринди, ўзлигимиз, миллийлигимизни англаш ўрнига бошқаларга ўхшаб яшашга ҳаракат қилдик.
Айримлар ҳатто ўзимизнинг дўппилар ўрнига бошқа халқларнинг бош кийимини кийиб, савлатлироқ кўринишга ва шу иши билан гўёки кўпроқ савоб олувчилар қаторидан жой олишга ҳаракат қилди. Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ”ини, Марғинонийнинг “Ҳидоя”сини ўқиш ўрнига, ўз мақсадлари йўлида диний китоблардаги фикрларни бузиб талқин қилиш йўли билан сиёсий дастак ясаган айрим хорижий “уламо”ларга маҳлиё бўлиб қолди. Натижада диний мутаассиблик билан динсизлик мутаассиблиги кўплаб бегуноҳ ёшларимизни тўғри йўлдан адаштирди.
Президентимизнинг ана шу муаммо моҳиятини чуқур англаб, бағрикенглик намунаси сифатида ўн олти мингдан зиёд фуқарони адашганлар рўйхатидан чиқаргани мамлакатда диний соҳада улкан ишлар бошланганидан далолат берди. Айниқса, давлатимиз раҳбари 2017 йил сентябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида нутқ сўзлаб, ислом динининг асл моҳияти маърифат ва тинчлик эканини, буюк алломаларимиз ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшганини жаҳон ҳамжамиятига ғоят чиройли тарзда етказиб бергани юртимизнинг диний бағрикенглик сиёсатини бутун дунёга намоён қилди.
Бугунги кунда дунёда тобора авж олаётган турли хатар ва таҳдидлар ёшларимиз онгини ёт ғоялардан асраш, бундай хатарларни жиддий таҳлил қилиш ва ула
рга муносиб жавоб беришни тақозо этмоқда. Сўнгги уч йилда сўз эркинлиги қоғоздан амалга кўчди, ижтимоий тармоқлар, оммавий ахборот воситалари халқ дарди ва муаммоларини очиқ ёза бошлади. Ҳаётнинг ўзи сўз эркинлиги бор жойда яшаш осонроқ, хавфсизроқ бўлишини исботлаб бермоқда. Шу билан бирга ана шу эркинликни тийиқсизлик, босар-тусарни билмаслик, бетгачопарлик билан аралаштириб юбораётганлар ҳам афсуски бор.
Кичик бир оилавий муаммосига давлатни айблаб, шахсий манфаати йўлида бировни шарманда қилишдан қайтмайдиганлар андишанинг отини қўрқоқ қўйиб, фитна тарқатишга уринмоқда. Бундай тоифа “ғавғо аҳли” деб аталиб, қаердаки бу қатламга кўпроқ эркинлик берилса, ўша ерда нотинчлик пайдо бўлиши маълум.
Интернет ва ижтимоий тармоқлар ривожлангани сабабли блогерлар деган бир қатлам пайдо бўлди. Айнан уларнинг жонкуярлиги туфайли эътибордан четга қолиб келаётган муаммолар ҳал бўлаяпти. Шу билан бирга, фидойи блогерларнинг халқ орасидаги обрў-эътиборидан фойдаланиб, ўзининг ғаразли ниятларини амалга оширмоқчи бўлаётган кучлар борлигини ҳам истисно қилмаслигимиз керак.
Алишер Навоий ҳаётига бағишланган “Макорим ул-ахлоқ” асарида ёзилишича, у киши шариат масалаларида замонасининг энг кўзга кўринган уламолардан бири – Мавлоно Фасиҳиддин Низомий билан ҳамиша маслаҳатлашиб иш тутган. Бутун ижоди оят ва ҳадислар ҳикматидан озиқланган, “Сирож ул-муслимин”, “Арбаъин”дек бебаҳо асарлар ёзган, шариат аҳкомларини беками-кўст бажаргани учун “Низомиддин”, яъни динни тартибга солувчи, деган куня билан шарафланган Навоий бобомиздан шариат бобидаги эҳтиёткорликни ҳам ўрганиш ва ўргатиш вақти келмадимикан?
Буни айтганим бежиз эмас. Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда диний масалаларни муҳокама қилиш қандайдир “урф”га айланди. Айниқса, халқимизнинг эътиқоди орқали обрў орттирмоқчи бўлган айрим блогерлар қайсидир ноаниқ манбага асосланиб фатво бериши кишини ажаблантиради. Малакали шифокорга кўриниш ўрнига тиббиёт ҳақидаги маълумотнома орқали касални даволаш қанчалик хавфли бўлса, диний масалаларни ишончсиз манбалар, диний билими етарли бўлмаган кимсалардан ўрганиш ҳам ҳаётимиз, ҳам охиратимиз учун шунчалик хатарлидир.
Шайх Саъдий Шерозий таъкидлаганидек, “уч нимарса уч нимарсасиз боқий қолмас ва тезда завол топар: мол – тижоратсиз, мамлакат – сиёсатсиз, илм – баҳссиз”.Илмий баҳсга киришганда ҳақиқат қарор топади. Ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган нотўғри қарашларга қарши уламоларимиз аниқ ва холис раддиялар бериб, ёшларимизни турли бузғунчи ғоялардан авайлашга ўз ҳиссаларини қўшса жамиятимизда барқарорлик мустаҳкамланади.
Бугунги кунда билимсизлик ва лоқайдлик энг катта хатар бўлиб турибди. Чаласаводлик мутаассибликни келтириб чиқарса, лоқайдлик бу иллатнинг урчиб кетишига замин ҳозирлайди. Бу иллатларга фақат маърифат ва фидоийлик билан курашиш керак. Чунки икки дунё саодатининг калити ҳам маърифатдадир.
Муслиҳиддин МУҲИДДИНОВ,
Самарқанд давлат университети профессори,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси.