English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Билимли ёшлар – юрт таянчи
12:06 / 2021-08-09

Замонамизнинг ёш қаҳрамонлари

Ўзбекистон – келажаги буюк давлат. Чунки унинг буюк келажагини яратувчи, ҳар соҳада фаол, интилувчан ва муваффақиятларга эришаётган ёшлари бор. Шундай ёшлардан бири халқаро математика олимпиадасининг бир неча бор ғолиби, Президент стипендияси, Президент совғаси «Кобaлт» автомашинаси, «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони ва «Мард ўғлон» давлат мукофотлари соҳиби Сардор Базарбаевдир.  

Бугунги кунда ёш қаҳрамонимиз Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги Фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш департаментида фаолият юритмоқда.  

ЎзА мухбири Сардор Базарбаев билан унинг бугунги кундаги фаолияти ва муваффақиятларининг сири ҳақида суҳбатлашди.

– Бугунги кунда ёшларимиз орасида ўрнак бўлишга арзийдиган, турли жабҳаларда муваффақиятли фаолият олиб бораётган ёшларимиз бисёр. Сиз ҳам шундай ёшлар тоифасидансиз. Аввало, ютуқларингиз, бугунги кундаги фаолиятингиз ҳақида суҳбатлашсак.

– Албатта, дўстларим, тенгдошларим орасида мен ҳавас қиладиган, юртимиз равнақи учун самарали фаолият олиб бораётган ёшлар кўп. Мен ҳам уларнинг сафида эканлигимдан жуда хурсандман. Жорий йилда Ўзбекистон Миллий университети математика факультетининг магистратура босқичини тамомладим. Шунингдек, Халқ таълими вазирлиги Фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш департаментида фаолият олиб боряпман. Ўзим математика фанидан халқаро олимпиадаларда иштирок этиб, олтин медаль билан тақдирланганман. Шу боисдан ҳам бу департамента ишлаш мен учун жуда қизиқ. Департамент республика ва халқаро миқёсда ташкил қилинадиган олимпиадаларни мувофиқлаштиради, онлайн олимпиадалар ташкил қилади ҳамда мунтазам равишда иқтидорли ўқувчилар захирасини шакллантиради ва уларнинг мониторингини юритади.

– Мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилаётган онлайн олимпиадалар ва уларнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтсангиз?

– Биламизки, юртимизда 10 мингдан зиёд мактабда 10 миллиёндан зиёд ўқувчи таҳсил олади. Аввалги йиллари олимпиадаларда битта синфдан биттагина номзод ўқувчи иштирок этиши мумкин эди. Қолган ўқувчилар эса, бундан мосуво бўларди. Бора-бора қолган ўқувчиларда олимпиаданинг саралаш босқичларида иштирок этиш истаги ҳам пасайиб борарди. Эндиликда ўқувчилар учун ҳар ойда турли фанлардан онлайн олимпиадалар жорий қилинди. Бу олимпиадаларда нафақат ўқувчининг тўплаган балли, балки вақти ҳам эътиборга олинадиган бўлди. Бу нарсани эътиборга олишимизга сабаб ҳам ривожланган давлатлар таълим тизимини ўрганишимиздан келиб чиқди. Ўқувчи жавобларни нафақат тўғри топиши лозим, балки тез вақт ичида буни уддалаши керак. Шундагина, у ўқувчи ростдан ҳам иқтидорли, қолганларига нисбатан билимли саналади. Қолаверса, аввал йилда бир маротаба ўтказилган бўлса, эндиликда ҳар ойда ташкил этилмоқда. Бу эса ўқувчилар ўртасида рақобатни вужудга келтириб, мағлуб ўқувчи ўз устида ишлаб, кейинги ойдаги онлайн олимпиадада ғолиб бўлиш учун меҳнат қилади. Бу эса ёшларнинг билими сезиларли даражада ўсишига хизмат қилмоқда.

– Халқаро олимпиадалар, уларга тайёргарлик жараёнлари ҳақида, шунингдек, ўқувчилар ғолибликни қўлга киритишда нималарга эътибор бериши зарурлиги тўғрисида нима дея оласиз?

– Бугунги кунда халқаро олимпиадаларнинг нуфузи билан бир қаторда, уларда иштирок этиш ниятида бўлган ўқувчиларнинг сони ҳам ошди. Балки бунга олимпиада ғолибларининг муносиб тақдирланиши ҳам сабаб бўлса керак, албатта. Авваллари фақат халқаро олимпиада ғолиби ОТМларга имтиёзли кирган бўлса, бугунги кунда бу имтиёзга қўшимча тарзда 125 миллион сўм пул мукофоти билан, ўқитувчиси эса 100 миллиондан зиёд пул мукофоти билан тақдирланади. Бундан ташқари, ғолиб ўқувчи ҳар ойда 150 фоизлик устама, ўқитувчиси эса 100 фоизлик устама олиш имкониятини қўлга киритади. Ўйлайманки, буларнинг барчаси ўқувчиларнинг қизиқиши ортишига, ўз устида тинмай меҳнат қилиб, ғолибликни қўлга киритишига туртки бўлади. Бу йилги халқаро олимпиадаларда қўлга киритилган 3 та олтин медаль ҳам бунга далил бўла олади. Халқаро олимпиадаларда иштирок этаётган ўқувчиларда, аввало, сабр бўлиши керак. Устозларим томонидан кўп бор такрорланадиган қуйидаги жумла бор: «Яхши математик бўлиш учун сабр ва битта стул керак». Бу фикр бироз ҳазиломуз бўлсада, ўз тажрибамда тўғри эканлигига амин бўлмоқдаман. Инсон бирор нарсага етишишни жиддий мақсад қилса, ўз устида тўхтамай ишласа, изланса ва меҳнат қилса, албатта, ўша мақсадга эришади. Фақат меҳнат қилиши керак, тўхтаб қолмаслиги керак.

– Сўнгги йилларда таълим тизимидаги ўзгаришлар, ўқувчиларга берилаётган таълимнинг сифати сизни қониқтиряптими? Яна қўшимча қандай таклиф, фикрларингиз бор?

– Умумий қилиб олганда, Халқ таълими тизими ходими сифатида умумтаълим мактаблари ўқитувчилари, шу билан бир қаторда ўқувчиларнинг ҳам мажбурий-ихтиёрий меҳнатлардан озод қилингани энг катта ютуқлардан биридир. Бундан ташқари, ўқитувчи-педагогларнинг вазифалари, қоғозбозликнинг камайиши ҳам уларнинг ўз устида ишлашларига йўл очди. Сўнгги йилларда ўқитувчиларнинг нуфузи ортиши, моддий рағбатлантиришнинг турли шакллари ишлаб чиқилаётгани қувонарли иш. Чунки ўқувчига билимни ўқитувчилар беради. Шунинг учун ҳам, аввало, ўқитувчи ўз фанини яхши билиши, етук мутахассис бўлиши лозим. Шу боисдан ҳам,  Таълим назорати инспекцияси томонидан тоифа-малака тестлари, аттестациялар ўтказилиши ўқитувчиларнинг билим-салоҳиятини аниқлаш билан бирга уларни моддий рағбатлантиришнинг ортишига ҳам олиб келмоқда. Шундай бўлсада, таълим тизимида камчиликлар ҳам мавжуд. Энг асосийларидан бири, ўқитувчи-педагогларнинг савияси, ўз устида ишлаши, етук мутахассис бўлиши кераклигидир. Чунки бизни ўқувчилар билан боғловчи кўприк айнан улардир. Бу камчиликлар юзасидан вазирликда амалий ишлар олиб борилмоқда. Умумтаълим мактаблари ўқитувчиларининг чет тилини билиш даражаси ортиши керак. Чунки бу орқали уларнинг дунёқараши ортади, қўшимча маълумотлар, янгиликларга эга бўлади ва ўқувчиларга ҳам шу янгиликларни етказади. Шунингдек, ўқитувчилар ўртасида ҳам олимпиадалар, турли танловлар ўтказишни режалаштиряпмиз. Буларнинг барчаси ўқитувчилар ўз устида ишлаб, кучли билим эгаси бўлиши ва ўқувчиларга ҳам шунга мос тарзда таҳсил беришини мақсад қилганмиз.

– Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги олдидан тенгдошларингизга тилакларингиз, мустақиллик, эрк туйғуларига қарашларингиз билан бўлишсангиз.

– Мен мустақиллик фарзандиман. Тинч-тотув, эмин-эркин яшаётган юртда яшаб мустақиллик ҳақида сўз юритиш жуда қийин. Айтишадику, қорани кўрмагунча, оқнинг оқлигини билмайсан деб. Шу сабабдан ҳам, аввало, бу юртда, илм, билимнинг қадрига етадиган юртда туғилганимдан, яшаётганимдан миннатдорман, шукр қиламан. Юртимизни ривожлантириш ҳам, дунёга яхши ном билан танитиш ҳам ўз қўлимизда. Бунинг учун барча ўзининг имкониятидан келиб чиқиб, Ватан учун ҳалол меҳнат қилиши лозим. У дурадгор бўладими, нонвой ёки журналист. Бунинг аҳамияти йўқ, энг муҳими, у ўз касбининг чин мутахасисси бўлсин. Шундагина ривожланиш бўлади. Ўсиб келаётган ёш авлодга, тенгдошларимга Ватанимизни ривожлантириш йўлида чарчамасликларини, меҳнатдан тўхтамасликларини ва мақсадни катта қўйиб амалга ошириш йўлида собит туришларини тилайман. Зеро, Янги Ўзбекистоннинг Учинчи Ренессансини биз – ёшлар қурамиз. Барчага Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги муборак бўлсин!

Файзулло Яҳёев суҳбатлашди.