French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Билимли авлод – тараққиёт асоси
16:57 / 2025-05-19

Жаҳон шиддат билан ўзгараётган, илм-фан ва технологиялар ҳар қадамда янги имкониятлар яратаётган бугунги кунда таълим соҳаси ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, уни замон талабларига мослаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.  

Жорий йилнинг 15 май куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган таълим соҳасига бағишланган селектор йиғилиши бу борадаги ишларни янада жадаллаштириш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш йўлларини белгилашда муҳим қадам бўлди. Селекторда таълим сифатини ошириш, педагогларнинг мақомини кўтариш, таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш каби долзарб масалалар кўтарилди. Ушбу селектор Қорақалпоғистон Республикаси таълим тизими учун ҳам янги имкониятлар эшигини очади, соҳадаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва ривожлантириш учун замин яратади.

Албатта, Қорақалпоғистон Республикасида таълим соҳасини ривожлантириш борасида сўнгги йилларда катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда ҳудудда 726 та умумий таълим мактаби фаолият юритмоқда. Уларда 363 минг 532 нафар ўқувчига 38 минг 878 нафар педагог таълим-тарбия бермоқда. 726 та мактабнинг барчаси компьютер синфлари (жами 15 минг 765 та компьютер) билан таъминланган.

Президентимизнинг ёшларга хорижий тилларни ўргатиш борасида яратган имкониятлари туфайли жорий йилнинг ўзида мактаб битирувчиларидан 36 нафари муддатидан олдин хорижий олий ўқув юртларига қабул қилинди. 2024-2025 ўқув йилида қорақалпоғистонлик ўқувчилар фан олимпиадаларида ҳам юқори натижаларга эришдилар. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси фан олимпиадаларида 10 нафар ўқувчи совринли ўринларни эгаллади. Халқаро фан олимпиадаларида эса 4 та фахрли ўрин, жумладан информатика фанидан Тошкентда ўтказилган халқаро олимпиадада 1 та олтин, математикадан Туркманистонда ўтказилган халқаро олимпиадада 1 та кумуш, Косова ва Тошкентда ўтказилган халқаро олимпиадаларда 2 та бронза медаль қўлга киритилди.

2023-2024 ўқув йилида умумтаълим мактабларини 22 минг 846 нафар ўқувчи битириб чиқди. Шундан 12 минг 967 нафари олий ўқув юртларига киришга муваффақ бўлди (56,8 фоиз). Шу жумладан, 246 нафар ўқувчи чет эллардаги олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинди.

Президентимизнинг Қорақалпоғистонга бўлган алоҳида эътибори ва ёшларга кўрсатилаётган оталарча ғамхўрлиги натижасида олий ўқув юртларига 10 минг қўшимча квота ажратилди. Мазкур қўшимча квоталар ҳисобига 4 минг 853 нафар ёш талаба бўлиш бахтига муяссар бўлди.

Мазкур йилда барча давлат дастурлари асосида жами 33 та мактабда 182,6 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Шундан инвестиция дастури бўйича 25 та объектда 118,5 миллиард сўмлик, ОПЕК лойиҳаси билан 8 та объектда (барчаси янги мактаб) 64,1 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Шунинг ҳисобидан қўшимча 6 минг 746 та янги ўқувчи ўрни яратилади.

Албатта, булар Қорақалпоғистонда таълим соҳасида амалга оширилаётган ўзгаришларнинг фақат бир қисми. Бу йўналишдаги ишлар бутун Ўзбекистон бўйлаб давом этмоқда.

"Миллий тикланиш" партияси таълим соҳасини ривожлантиришни ўзининг асосий вазифаларидан бири деб билади. Партиямиз таълим сифатини ошириш, ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини юксалтириш, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган барча ташаббусларни қўллаб-қувватлайди. Партия аъзолари таълим муассасалари билан доимий ҳамкорлик қилиб, уларнинг муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиб, ёшларнинг билим олиши ва касб эгаллаши учун шароит яратишга интиладилар.  

"Миллий тикланиш" партияси таълим соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ва уларни амалга оширишда фаол иштирок этишга тайёр. Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда таълим соҳасини ривожлантириш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг таълимга бўлган эътибори, мамлакат ҳукуматининг саъй-ҳаракатлари туфайли таълим соҳасида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Партиямиз вакиллари ҳам соҳани ривожлантиришга қаратилган ишларга кўмак бериб, ёшларимизнинг билимли ва маърифатли бўлишига эришишни энг муҳим вазифа деб ҳисоблайдилар.

Тажибай Романов,

ЎзМТДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси,

Жўқорғи Кенгесдаги ЎзМТДП фракцияси раҳбари.

ЎзА