Соҳада инновацион ўзгаришларни амалга оширишда раҳбарлардан юқори лидерлик салоҳияти талаб этилади. Раҳбар лидер бўлиши керак. Чунки лидер инсонларгина дадил таклифларни илгари суради, фаолиятида бир қатор мураккаб ислоҳотларни амалга ошира олади.
Жорий йилнинг май ойида ўзбекистонлик бир гуруҳ мактаб директорлари Кембрижда ташкил этилган “Мактаб лидерлигини ривожлантириш” дастурида иштирок этди.
Лойиҳа иштирокчиси — Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Зиёда Ҳайдарова жараёнлар ҳақида фикр билдирди.
—16 йил давомида мактаб директори сифатида ишладим, — дейди Зиёда Ҳайдарова. — Бу катта давр. Аммо билимлар олами кенг ва сиздан чуқур изланишни талаб этади.

Кембрижда ҳам аввало лидерлик мунтазам жараён экани, ҳамиша ўз устида ишлаш ва тўхтаб қолмаслик кераклигига яна бир бор амин бўлдим. Тренинглар биринчи навбатда бизга ҳамкасблар ва хорижлик мутахассислар билан тажриба алмашиш, янги ғоя ҳамда ташаббуслар учун мотивация олишга ёрдам берди. Янги танишлар, дўстлар орттирдик.
Аслида етакчилик бу шунчаки лавозим эмас. Бу, аввало салоҳият ва дунёқарашдир. Тренинг давомида малакали мутахассислардан сабоқ олишга муваффақ бўлдик. Улар томонидан ташкил этилган интерактив ва қизиқарли машғулотларда қатнашдик. Тренингларда таълим муассасаларида ижобий муҳитни яратиш, бунда лидернинг роли ҳақида янги билимларга эга бўлдик. Илғор устозлар иштирокида менторлик тизимини ривожлантириш бўйича фикр алмашдик.
Буюк Британияда туриб, давлатимиз раҳбари раислигида мактаб таълими тизимидаги ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш юзасидан ташкил этилган видеоселектор йиғилишида онлайн тарзда иштирок этдик. Бу ҳам биз учун жуда катта мотивация бўлди.
Умуман, хорижда малака оширган педагогнинг фикрлаши, қарашлари, дунёқараши бутунлай ўзгаради. Бу эса, ўз навбатида, минглаб ўқувчиларга, мактаб жамоаларига ижобий таъсир кўрсатишига ишонаман.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА