French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Билимдон ва зукколар беллашишди
16:57 / 2026-02-02

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 майдаги “Буюк алломалар, адиб ва мутафаккирларимизнинг ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида ёшлар ўртасида китобхонлик танловларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида сўнгги йилларда мамлакатимизда китобхонлик маданиятини юксалтиришга қаратилган қатор маънавий-маърифий тадбирлар, танлов ва лойиҳалар изчил амалга ошириб келинмоқда.

Мазкур қарор асосида йўлга қўйилган “Ёш китобхон” танлови ёш авлодни миллий ва жаҳон адабиёти дурдоналари билан яқиндан таништириш, уларда мустақил фикрлаш ва таҳлил қилиш қобилиятини шакллантириш, шунингдек, китоб мутолаасига бўлган қизиқишни янада оширишга хизмат қилмоқда.

Ана шу эзгу мақсадлар йўлида Гулистон шаҳрида  Сирдарё вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси ташаббуси билан Сирдарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи  вилоят Кенгаши билан ҳамкорлигида “Ёш китобхон” танловининг Гулистон шаҳар босқичи кўтаринки кайфиятда ташкил этилди. Танловда шаҳар умумтаълим муассасаларида таҳсил олаётган иқтидорли ўқувчилар фаол иштирок этди.

10–14, 15–19 ҳамда 20–30 ёш тоифаларида ўтказилган мазкур танлов жараёнида иштирокчилар ўқиб ўрганган бадиий асарлар асосида олган билимлари, тезкор фикрлаш қобилияти, зукколик ва нутқ маданиятини намоён этишди. Ёш китобхонларнинг ҳар бир чиқиши китобга бўлган меҳр ва қизиқиш тобора ортиб бораётганини яққол кўрсатди.

Танлов натижаларига кўра, 10–14 ёш тоифасида иштирок этган ёшлар ўртасида Улуғобод маҳалласи вакили Иномжон Марқабоев, 15–19 ёш тоифасида Буюк келажак маҳалласида истиқомат қилувчи Севинч Самандарова, 20–30 ёш тоифасидаги ёшлар ўртасида ўтказилган беллашувда эса Бахт маҳалласида истиқомат қилувчи Муниса Ҳасанбоева ғолиб бўлди.

Ғолиблар нафақат ташкилотчилар томонидан тақдим этилган диплом ва эсдалик совғаларига эга чиқишди, балки Гулистон шаҳрида ўтадиган мазкур танловнинг вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритишди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири