Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинларига қарашли Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган ҳарбий қисмларнинг бирида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарлар олий таълим муассасаларига киришда имтиёз берадиган тавсияномани қўлга киритиш учун тест синовларидан ўтдилар.
Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бўлимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган ушбу жараёнда юз нафарга яқин аскар иштирок этди.

Ташкил этилган мазкур тест синовларида ҳар бир аскар ўз билимини яна бир бор синовдан ўтказди. Унда аскарларнинг жанговар тайёргарлиги, ижтимоий-сиёсий билими ва мантиқий фикрлашига алоҳида эътибор қаратилди.

–Бугун мен имтиёзли тавсиянома олиш учун тест синовларида қатнашдим, – дейди оддий аскар Жўраев Лошин. – Тавсияномани қўлга киритгач, нуфузли олийгоҳлардан бирига кириб, юртимиз равнақига ҳисса қўшадиган мутахассис бўлмоқчиман.
Тест синовларида юқори натижа кўрсатган аскарлар Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари қўмондонлигининг тавсияномасига лойиқ кўрилади. Ушбу ҳужжат йигитлар учун келажак эшикларини кенг очади. Жумладан, республиканинг олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга киришда тўплаган балларининг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл тақдим этилади. Шунингдек барча давлат олий таълим муассасалари бакалавриатига қабул параметрларидан ташқари ажратилган алоҳида квоталар доирасида танловда иштирок этиш ҳуқуқини беради.

Ўтказилган тест жараёнлари тўлиқ видеокузатув остида, очиқ ва шаффоф тарзда ташкил этилди. Бу аскарлар ўртасида соғлом рақобатни юзага келтириш билан бирга, ҳақиқий билимли ёшларни саралаб олишга хизмат қилди.
Муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, қўлида тавсиянома билан уйига қайтаётган йигитлар нафақат ўз оиласининг, балки бутун юртимизнинг фахрига айланади. Зеро, мардлик мактабини билим билан мустаҳкамлаган ёшлар — келажагимиз пойдеворидир.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири