English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Билим ва малакаларни баҳолашда назарий ва амалий ёндашувлар
16:38 / 2025-10-14

Бугун Тошкент шаҳрида Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан “Билим ва малакаларни баҳолашда назарий ва амалий ёндашувлар” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Мазкур йирик илмий анжуман Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан, “Science and Innovation” халқаро илмий журнали ҳамкорлигида ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ҳамда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги директори Мажид Каримов анжуманни очиб берди. Вазир ўз чиқишида таълим сифатини ошириш, баҳолаш жараёнларида шаффофликни таъминлаш ҳамда халқаро тажрибаларни жорий этиш зарурлигини таъкидлади.

Анжуманда таълим тизимидаги ислоҳотлар, баҳолашнинг халқаро стандартлари, инновацион ёндашувлар ва келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақида сўз юритилди.

[gallery-25734]

Ушбу нуфузли халқаро анжуманнинг асосий мақсади таълим сифатини оширишда баҳолашнинг ўрни ва ролини чуқур ўрганиш, миллий баҳолаш тизимини халқаро мезонлар билан уйғунлаштириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва янги методик ёндашувлар асосида баҳолашнинг самарадорлигини оширишдан иборат бўлди.

Анжуманда муҳокама этилган мавзулар бугунги таълим ислоҳотларининг энг долзарб масалаларини қамраб олди — баҳолаш жараёнларида инновацион технологияларни қўллаш, тест топшириқларининг сифатини ошириш, рақамли ечимлар ёрдамида адолатли ва валид баҳолаш тизимини йўлга қўйиш каби йўналишлар алоҳида эътиборга сазовор бўлди.

Тадбирда маҳаллий олим ва мутахассислар, шунингдек, Буюк Британия, Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа мамлакатлардан таниқли экспертлар иштирок этди.

Ушбу халқаро илмий-амалий анжуман таълим сифатини баҳолашдаги миллий ёндашувларни глобал тажрибалар билан уйғунлаштириш сари муҳим қадам бўлди. Иштирокчиларнинг фикрича, бундай мулоқотлар Ўзбекистон таълим тизимини янада ривожлантириш, баҳолаш тизимида адолат, шаффофлик ва натижадорликни таъминлаш учун янги имкониятлар яратади.

Анжуман якунида энг фаол иштирокчиларга сертификатлар топширилди. Энг яхши тақдимот ва илмий тезислар асосида тайёрланган мақолалар таҳрирдан ўтгач, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг “Ахборотнома” илмий-услубий журналида эълон қилинадиган бўлди. Бу каби анжуманлар таълим тизимимизни ислоҳ қилиб, унинг ривожланишида янги босқич бўлиб хизмат қилади.

Дилдора ДЎСМАТОВА,

Ўктам ҲАЙИТОВ (сурат)

ЎзА