English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ислоҳотлар йўлида
09:27 / 2023-03-19

Кейинги йилларда мамлакатимизда ёшларни олий таълимга қамраб олиш кўрсаткичи кескин ортмоқда. Бу эса бевосита тест жараёнлари билан боғлиқ. Тест -синовларидаги ўзгаришлар кўпроқ нималарда намоён бўлмоқда? Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги бошқарма бошлиғи Фарҳод МИРЗАЕВ бу ҳақда қуйидагиларни сўзлаб берди:

— Ўзбекистонимизнинг  барча жабҳалардаги  ютуқлари тараққиёт йўлимизнинг нечоғли тўғри эканлигини исботламоқда. Таълим, фуқароларимизнинг таълим олиш ҳуқуқлари, рақобатбардош, улуғ аждодларимизга муносиб салоҳиятли авлодни шакллантириш давлатимиз сиёсатининг асосини ташкил этади ҳамда ислоҳотларнинг асосий объекти ҳисобланади.

Давлат тест маркази ҳам бутун фаолиятини айнан ушбу ислоҳотларни сифатли амалга оширишга қаратиб келди. Республикамизда амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги сифатида қайта ташкил этилди.

2023 йилгача фаолият юритган Давлат тест маркази сўнгги йилларда тест синовлари шаффоф ва адолатли ўтказилишига эришди. Лекин бу осон кечмади. 2018 йилга қадар олий таълим муассасаларига кириш тест синовлари 24 мингдан зиёд аудиторияда ўтар ва уларни назорат қилиш учун минг бўлакка бўлинишга тўғри келарди. Аммо адолат юзасидан айтганда, бу тарзда жонни жабборга бериш билан ҳам яхши натижаларга эришиб бўлмасди. Ҳар ҳолда жамоатчилик томонидан бўлаётган эътирозлар камаймасди.

Президентимизнинг 2017 йил 16 ноябрдаги  “Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори бу соҳада туб бурилиш бўлди, холислик ва адолатга тўлиқ йўл очилди, халқ розилигини таъминлаб берди. Алоҳида таъкидлаш керакки, бу ёшларнинг таълимга бўлган муносабатини, қизиқишини ўзгартириб юборди ва ижтимоий адолатни таъминлади.  

Айнан 2018 йилдан бошлаб, тест синовлари одатдагидек минглаб кичик аудиториялардан катта сиғимли, абитуриентларни текшириб киритишда бармоқ изи, юздан таниш техник воситалари, узлуксиз кузатув камералари билан жиҳозланган катта сиғимли биноларга кўчди. Ниҳоят ислоҳотлар мева бера бошлади. Натижада абитуриентлар учун яхшигина шароит, имкониятлар яратилди. Бу даврда абитуриентлар юртимизнинг узоқ вилоят, чекка туманларидан бир неча марталаб пойтахтга келиб ҳужжат топшириш ўрнига ўз уйидан туриб хоҳлаган олий таълим муассасаси учун онлайн рўйхатдан ўта бошлади. Шунингдек, 5 тагача таълим йўналиши танлаш, тест синовларини ўзига қулай бўлган ҳудудда топшириш йўлга қўйилди.  

Тест синови жараёнлари жамоатчилик учун онлайн ёритиб бориладиган, натижалар тест синови ўтган куннинг эртасигаёқ, танлов натижалари эса аввалги йиллардагидек 15-18 кунда эмас, балки бир ҳафтада эълон қилинадиган бўлди.

Шу билан бирга  жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб абитуриентлар тест топшириқларини ечишда ёрдам тариқасида кимёвий элементлар даврий жадвали, физик катталиклар ва шартли белгилашлар жадвали, математика, физика, кимё фанларидан асосий формулалар жадвали билан таъминланди, танловда иштирок этишда давлат гранти устуворлигини белгилаш йўлга қўйилди. Ўз навбатида, қабул квоталари ҳам йилдан йилга ошиб борди, янги таълим шакллари, таълим йўналишлари очилди.

Шунингдек, жорий йилда илк бор эшитишда нуқсони бўлган абитуриентлар учун тест синовларига сурдотаржимонлар жалб этилди. Бу ўзгаришлар ва қулайликлар абитуриентлар томонидан жуда ижобий қабул қилинди. Буларга, энг аввало, давлатнинг ёшларга ғамхўрлиги ва билимлиларни юксак даражада рағбатлантириш сиёсати эвазига эришилди.

— Тестдаги ўзгаришлар яна нималардан иборат?

— 2016 йилда Давлат тест маркази томонидан ўтказилаётган тест синовлари сони 15 та бўлган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 50 дан ортди.2016 йилда олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун 663 минг 304 нафар абитуриент ҳужжат топширган бўлса, 2022 йилда улар 1 миллион 146 минг 744 нафарга етди.

2022 йил давомида Давлат тест маркази томонидан жами 52 турдаги тест синовлари ўтказилди. Уларда 2 миллион  нафардан ортиқ талабгор қатнашди.Давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига қабул тест синовлари шу 52 та турдаги тест синовларининг биттаси, холос. Тест синовларининг баъзи турлари йил давомида, баъзилари ҳар ойда 2 маротаба ўтказиб келинмоқда. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасининг узоқ Жаслиқ ҳудудидан тортиб, то Сурхондарёнинг энг чекка ҳудудларигача ходимларимиз бориб тест ўтказиб келмоқдалар.

Умумий қилиб айтганда, 2022 йил давомида январь ойида 6 марта, февраль ойида 5 марта, март ойида 3 марта, апрель ойида 6 марта, май ойида 6 марта, июнь ойида 5 марта, июль ойида 9 марта, август ойида 17 марта, сентябрь ойида 4 марта, октябрь ойида 3 марта, ноябрь ойида 4 марта, декабрь ойида 4 маротаба, жами 82 маротаба тест синовлари ўтказилди.  

— Тестларнинг сифати ҳақида нималар дея оласиз?

— Ўтказилаётган тест синовларини сифатли ташкил этиш учун ҳар бир тадбирдан олдин вазирлик, идора ва маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда ойлар давомида тайёргарлик ишлари олиб борилади. Шунингдек, Давлат тест марказининг тегишли бошқарма ва бўлимлари ходимлари 45-50 кун мобайнида ёпиқ режимда фаолият юритишади. Бу даврда уларнинг ташқи олам билан боғланиши, оиласи билан кўришиши, телефонда гаплашиши, ёпиқ бинога бошқа ходимларнинг кириши қатъий тақиқланади.

— Тест топшириқлари қандай ишлаб чиқилди?

— Тест топшириқларига келсак, тест топшириқлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 ноябрдаги “Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ абитуриентларнинг мантиқий фикрлаши, масала ва мисолларни бажара олиш қобилияти ва таълимнинг кейинги босқичига тайёргарлигини баҳолайдиган умумий ўрта таълим тизимидаги фанларнинг ўқув дастурларига мослаштирилган ҳолда ишлаб чиқилади.

Қайд этиш лозим, тест топшириқ (савол)лари у тузилгач, тўғридан тўғри амалиётга жорий этилмайди. Аввало тест топшириқлари тавсилотлари ишлаб чиқилади. Тафсилотлар асосида намунавий тест топшириқлари тайёрланади. Шундан сўнг уларни бир неча бор апробация жараёнидан ўтказиш лозим бўлади. Масалан, 2022 йилда ишлаб чиқилган намунавий тест топшириқлари февраль, март, апрель ва май ойларида Республиканинг барча ҳудудларида апробациядан ўтказилди. Апробация жараёнида учта босқичнинг ҳар бирида 14 та умумтаълим фанидан 5000 нафарга яқин ўқувчи, май ойидаги босқичда 3 та (математика, физика, кимё) умумтаълим фанидан 1000 нафар, жами 16 минг нафар атрофида ўқувчи иштирок этди. Шунингдек, махсус фанлар (интеллектуал салоҳиятни аниқлаш) бўйича апробация жараёнида март ва апрель ойларида 500 нафар атрофида ўқувчи қатнашган. Ўтказилган барча апробация натижалари бўйича тестология ва педагогик ўлчовлар назарияси асосида статистик таҳлил амалга оширилди. Статистик таҳлил натижалари фан мутахассислари томонидан кўриб чиқилиб,  улар берган тавсиялар асосида тест топшириқлари янада такомиллаштирилди. Ушбу жараёнлардан ўтган тест топшириқлари амалиётда фойдаланиш учун жорий қилинади.

Бу борада Давлат тест маркази Буюк Британиянинг “Cambridge Assessment”, “British Council” ва “Association of Language Testers in Europe” ташкилотлари ҳамда Норвич тилни ўргатиш институти, АҚШнинг “Educational Testing Service” ташкилоти ва “Scantron” корпорацияси, Нидерландиянинг “Cito International” ташкилоти каби кўплаб халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйган бўлиб, мазкур ташкилотлар билан мунтазам равишда тестология ва баҳолаш бўйича тажриба алмашиб келмоқда.

Шунингдек, 2020 йилда халқаро “Central Asia Certification” ташкилоти томонидан Давлат тест марказининг бошқарув фаолияти халқаро ISO 9001:2015 стандартлар бўйича талабларга мослиги тасдиқланган ва тегишли сертификат топширилган.

— Чет тили бўйича ўтказилаётган тест-синовлари ҳақида сўзлаб берсангиз.

— Маълумки, кейинги йилларда чет тилларига бўлган қизиқиш, ўрганиш замонавий таълим тизимининг талаб ва эҳтиёжи сифатида намоён бўлмоқда.

Бу замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўқитишнинг илғор услубларини жорий этиш йўли билан  ёш авлодни чет тилларга ўқитиш, эркин сўзлаша оладиган мутахассисларни тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш,  жаҳон цивилизацияси ютуқлари, дунё ахборот ресурсларидан кенг кўламда фойдаланишлари, халқаро ҳамкорлик ва мулоқотни ривожлантиришлари учун имкониятлар яратиш, таълим тизимининг барча босқичларида чет тилларини узлуксиз ўрганишни тақозо этди.

Бугунги кунда 15 та чет тилидан  - инглиз, немис, француз, испан, итальян, хитой, корейс, япон, турк, араб, форс, урду, пушту, дарий, ҳиндий тест синовлари ўтказилмоқда. Ушбу соҳада талабгорларга қуйидаги қулайликлар яратилди:  

— талабгорнинг ҳужжатларини кўриб чиқиш жараёни тўлиқ автоматлаштирилди;  

— имтиҳон ўтказиладиган кунлар олдиндан белгиланиши жорий этилди ва талабгорга имтиҳон кунини мустақил танлаш ҳуқуқи берилди;

— имтиҳон жараёнида баҳоланадиган кўникмалар сони биттага қисқартирилди, жумладан, талабгорларнинг “лексика ва грамматика” кўникмасини алоҳида баҳолаш тартиби бекор қилинди;

— малака сертификатини QR-код қўйилган ҳолда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали талабгорга юбориш йўлга қўйилди;

— чет тилидан ҳар бир даража (B1, B2, C1) учун алоҳида имтиҳон ўтказиш ўрнига кўп даражали (Multi-level) тест тизими жорий этилди. Кўп даражали тест тизимида талабгор олдиндан қайси даража бўйича тест топширишини белгиламаган ҳолда синовларда қатнашади. Талабгорнинг малака даражаси имтиҳонлар якунлангандан сўнг у томонидан саволларга берган жавобига қараб (B1, B2, C1 даражалар) аниқланади;

— “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган шахсларга, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга мазкур давлат хизматини кўрсатишда белгиланган тўловнинг 50 фоизи миқдорида чегирма бериш йўлга қўйилди;

— академик лицейларнинг битирувчилари учун ҳар йили чет тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича бепул тест синовлари ташкил этилиши жорий этилди.

Биргина 2022 йилнинг ўзида 15 та чет тили бўйича 54 минг нафарга яқин талабгорнинг чет тилини билиш даражаси аниқланди.

Қувонарлиси шуки, бугун Ўзбекистонда дунёни янгича идрок этадиган, ўз ҳақ-ҳуқуқи учун курашадиган, ўз тақдирини халқи, Ватани тақдири билан бир билиб, фаолият кўрсатаётган янги авлод шаклланди. Зеро, миллий ифтихор туйғуси, ватан муҳаббатини юракдан ҳис қилаётган ва билимга чанқоқ ёшларимиз мамлакатимиз салоҳияти, келажагини белгилайдиган асосий ҳаракатлантирувчи кучдир.

   ЎзА мухбири Назокат Усмонова ёзиб олди.