Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасини Ватанимиз тарихидаги муҳим сиёсий воқеа сифатида баҳолаш мумкин. 2017 йилдан буён анъанага айланган бу тадбирда якунланаётган йилдаги асосий натижалар, келгуси йил учун мўлжалланган мақсад ва вазифалар эълон қилинди. Мазкур нутқни кўлами ва кўзланган мақсадларига кўра узоқ муддатга мўлжалланган дастур деб аташ ҳам мумкин.
Унинг ҳаётга татбиқ этилиши эса Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни жадал суръатда давом эттириш учун кенг имкониятлар эшигини очади. Бу йилги Мурожаатномада халқимиз кутаётган, кўпчиликни ўйлантириб келаётган масалаларга оқилона ечимлар кўрсатилди. Келгуси йилда жамиятнинг барча қатламлари манфаатлари 6 устувор йўналишда ўз ифодасини топиши белгилаб берилди.
Хусусан, 2023 йилнинг “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”, деб номланиши ва белгиланган чора-тадбирлар ҳар биримиздаги Ватан олдидаги бурч ва масъулият ҳиссини бир неча баробар ошириши шубҳасиз. Умуман олганда, бирор-бир соҳа йўқки, давлатимиз раҳбари Мурожаатномада четлаб ўтган бўлса. Мамлакатимиз ривожи учун ҳар бир йўналиш муҳим эканлиги ва улар орасида сифатли таълим энг устувор масала эканлиги алоҳида таъкидланди.
Президентимиз нутқида ўз ифодасини топган ташаббуслар мамлакатимиз ривожида муҳим аҳамият касб этиб, кўплаб соҳаларни ўз ичига қамраб олади. Қолаверса, Мурожаатномада қайси соҳа тилга олинмасин, албатта, кенг таҳлил, муаммолар, уларни ҳал қилиш йўллари ва аниқ вазифалар белгилаб берилиши билан диққат-эътиборимизни тортади.
Кейинги йилларда изчил амалга оширилаётган, инсон ҳуқуқларини таъминлашга, Ҳукуматнинг халқимиз олдидаги вазифаларини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар халқимизнинг розилигини оширишда стратегик асос бўлиб хизмат қилмоқда. Мурожаатномани тинглаган, у билан бевосита танишиб чиққан ҳар бир инсон, ҳар бир юртдошимиз ундан ўзига хос таассуротларга эга бўлади, ўринли хулосалар чиқара олади. Шахсан мени қувонтирган жиҳати – Мурожаатномада таълим ва тарбия мавзуси энг устувор вазифалардан бири сифатида тилга олинди. Асосий эътибор Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция ҳисобланган таълим тизимини қўллаб-қувватлашга қаратилиши алоҳида таъкидланади.
Юсуф Хос Ҳожиб бобомиз айтганларидек:
“Заковат бор жойда улуғлик бўлади,
Билим бор жойда буюклик бўлади”.
Мурожаатномада ўқитувчи-мураббийларнинг мақомини, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни Конституцияда мустаҳкамлашимиз кераклиги қайд этилди. Президентимиз тўғри таъкидлаганидек, фарзандларимиз мактабданоқ она тили ва чет тилларини пухта ўзлаштириб, компьютерда ишлашни ўрганиб чиқиши бугунги даврнинг энг муҳим талабларидан бири.
Фарзандларимизни касб-ҳунарга, санъат ва маданиятга қизиқтиришимиз, ўқувчиларда эркин фикрлашни, жамоада ишлаш ва мулоқот кўникмаларини шакллантиришимиз шарт. Шу боисдан келаси йилдан бошланғич синфларда мутлақо янги методика асосида яратилган дарсликлар бўйича ўқитиш йўлга қўйилади. 2023 йилдан мактаб таълимининг халқаро таълим дастурлари асосида бутунлай ислоҳ қилиниши, 70 та янги мактаб қурилиши ва 460 та мактаб кенгайтирилиши айтиб ўтилди.
Хусусий инвестициялар иштирокида 100 та мактаб қуриш лойиҳалари бошланади, кейинги беш йилда уларнинг сони мингтага етказилади. Шу билан бирга, йил бошидан Қорақалпоғистон ва Хоразмда 285 минг нафар бошланғич синф ўқувчилари учун бепул овқатланиш йўлга қўйилганлиги, келаси ўқув йилидан эса мазкур амалиёт қолган вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабларида ҳам жорий этилиши ва бунинг учун 2,3 триллион сўм ажратилиши яна бир муҳим ижобий ташаббус бўлди.
Шунингдек, мактаб битирувчиларининг 50 фоизи меҳнат бозорига ҳеч қандай касбга эга бўлмасдан кириб келаётгани боис 700 дан ортиқ касб-ҳунар мактаби, коллеж ва техникумлар имкониятидан самарали фойдаланиш зарурлиги айтиб ўтилди, шу мақсадда 2023 йилдан ҳар бир вилоятда 1 тадан техникумда Европа касбий таълим стандартлари жорий этилади.
Мактабгача таълим тизимида эса боғчалар сонини кўпайтириш, улардаги таълим ва тарбия сифатини тубдан яхшилаш бўйича беш йиллик дастур қабул қилинади. Боғча қамровини кенгайтириш бўйича хусусий секторга қўшимча шароитлар яратилади. Бу йўл билан фарзандларимиз болаликданоқ билимларни аъло ўзлаштириши, жамоатчиликка мослашиш кўникмалари аста-секин шаклланишига эриша оламиз. Зеро, ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақш кабидир.
Олий таълим тизимида эса якунланаётган йил мобайнида 41 та олийгоҳга академик ва молиявий мустақиллик берилгани, уларда трансформация офислари очилганлиги айтиб ўтилди. Олий таълим муассасалари ректорлари, профессор-ўқитувчилари бу жараёнларда фаол бўлишлари ва янги, илғор методикаларни жорий қилишлари кераклиги бизга янада масъулият ҳиссини юклайди.
Келгуси йилда талабалар учун имтиёзли таълим кредитларига ресурслар 2 баробар кўпайтирилиб, 1,7 триллион сўм ажратилади. Қайд этилишича, бу йил илм-фан ва инновация соҳаларига 1,5 триллион сўм йўналтирилди. Бу – 2017 йилга нисбатан қарийб 6 баробар кўп, дегани. Олимларнинг иш ҳақи ҳам 4,5 баробар оширилди. Буларнинг барчаси ҳисобидан нано ва биотехнологиялар, рақамли геология каби 18 та янги илмий йўналиш ташкил этилди.
Келгуси йили илм-фан ва инновацияларга 1,8 триллион сўм ажратилади. Бу Янги Ўзбекистонда илм-фанга, билимга бўлган юксак эътибордан дарак беради. Энди олимларимиз сув ва энергияни тежаш, тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорлик, геология, саноат, қурилиш каби бугунги кунда биз учун долзарб йўналишларда аниқ натижалар кўрсатишлари керак.
Президентимизнинг миллий ўзлигимиз тимсоли, маънавиятимиз асоси бўлган она тилимизга бўлган эътиборни алоҳида таъкидлаб ўтиши, она тилимиз равнақини кучайтириш учун қилинаётган амалий ислоҳотлар қалбида, онгу шуурида миллат ғурури яшаётган ҳар бир ватандошимиз юрагини энтиктиради.
Шу ўринда бир масалага алоҳида эътибор қаратиш зарур. Яъни мамлакатимизда олий таълимга ўқишга киришдаги коррупция деярли йўқ бўлди. Лекин олий таълим муассасалари ичидаги коррупция ҳамон турли шаклларда сақланиб қолмоқда. Бунга қарши курашишда олд сафларда шунга ваколатли органлар эмас, балки айнан ёшларнинг ўзи бўлиши муҳим. Олий таълим муассасаларида ёшлар иштирокида тарғибот учрашувларини кўпайтириш, ижтимоий сўровномалар ўтказиш ва уларнинг натижалари юзасидан тегишли хулосалар асосида чоралар кўриш кутилган самаралар беради, дейиш мумкин.
Ёшларнинг соғлом фикр эгаси бўлиб вояга етишида маданият муассасалари, хусусан, музейлар муҳим аҳамият касб этади. Мурожаатномада таъкидланганидек, Франциядаги машҳур Лувр музейида шу кунларда давом этаётган миллий кўргазма халқимизнинг ноёб тарихий ва бадиий мероси, бой маданияти ва анъаналарига хорижда қизиқиш қанчалик юқори эканини кўрсатмоқда. Бундай бетакрор тарихий ва маданий бойликларимизни ёшларимизга ва хорижлик сайёҳларга янада кенгроқ таништириш, музейларимизни давримизнинг илғор талабларига мослаштириш бўйича алоҳида дастур амалга оширилади.
Бу йил 381 нафар спортчимиз жаҳон ва қитъа мусобақаларида, 43 нафар иқтидорли ва билимдон ёшларимиз нуфузли халқаро фан олимпиадалари ҳамда танловларида совринли ўринларни қўлга киритганлиги юрагимизда фахр ҳиссини уйғотади. Ушбу ютуқлар, инсон қадри улуғ бўлган юрт – Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги дастлабки натижалар экани қайта-қайта таъкидланади. “Биз бунёдкор халқимиз билан бирга бундай эзгу ишларни давом эттирамиз ва олдимизга қўйган катта-катта марраларга албатта эришамиз”, деди Президент.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Президентимиз Мурожаатномасида олдимизда турган долзарб вазифалар, янги ғоялар илгари сурилди. Янгича қараш, янги ғоя ва янги режалар билангина мамлакат истиқболига, Ватан равнақи ва халқимизнинг фаровонлигига дахлдор ҳаракатларни амалга оширишимиз мумкин. Президентимизнинг Мурожаатномасида келтирилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш, уни амалиётга жорий этиш учун бор куч ва имкониятларимизни тўлиқ сафарбар қиламиз.
Баҳодир ХОЛИҚОВ,
Алишер Навоий номидаги
Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти
университетининг биринчи проректори,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент
ЎзА