Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Билдирилган юксак ишончни оқлашимиз зарур”
10:50 / 2022-08-31

Эришилган ютуқ ва натижаларни эътироф этиш кўнгилларга ҳамиша ҳузур бағишлайди. Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан бир гуруҳ фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат соҳалари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қаторида спорт соҳаси вакиллари ҳам давлат мукофотларига лойиқ кўрилди.

Бу, кейинги ютуқларга пойдевор бўлиши шубҳасиз. Бу, ўтган вақт мобайнида халқаро мусобақаларда қўлга киритилган ғалабалар орқали Ватанни мадҳ этган спортчи ва мураббийларнинг хонадонларига, маҳалласига, яқинлари қалбига шоду-хуррамлик олиб кирдики, айни ҳолат уларнинг фикр-мулоҳазаларида акс этмоқда.

Маҳмуд Тоғаев, Оғир атлетика бўйича Навоий олимпия ва паралимпия захиралари коллежи мураббийcи, “Шуҳрат” медали соҳиби:

– Шундай улуғ кун – Мустақиллик байрами остонасида мукофотли бўлиш ҳар қандай кишини ғурурлантиради. Аслида бу эътибор ва эътирофга давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг одилона сиёсати туфайли эришмоқдамиз.

Айтишим керак, мамлакатимизда спортга давлат даражасидаги эътибор ўз самарасини бермоқда. Бу, жорий йилда ўтказилган жаҳон чемпионатларида, Туркия, Россия, Ҳиндистон каби давлатларда ўтган комплекс мусобақаларда, чемпионатларда яққол намоён бўлди. Биргина оғир атлетикачиларимизнинг муваффақиятини олсак, тарихий ғалабаларга эришдик. Конядаги Ислом бирдамлиги ўйинларида оғир атлетикачиларимиз 11 нафар спортчи билан 24 та медаллар шодасини қўлга киритди ва 56 та давлат орасида оғир атлетика бўйича 1-ўринни эгаллади. Бу ютуқларни қўлга киритишда шогирдларимнинг ҳам ҳиссаси борлиги эътиборли бўлди.

Шогирдларимдан Кумушхон Файзуллаева 2018 йил Аргентинада ўтказилган ўсмирлар Олимпиадасида, қитъа ва жаҳон чемпионатларида ва ниҳоят яқинда поёнига етган Ислом бирдамлиги ўйинларида 3 та олтин медалли бўлиши, қолаверса, Дилёра Давронова, Озода Ҳожиева ва Нигора Сувонова каби шогирдларим кўп маротаба жаҳон ва Осиё чемпионатларида зафар қучиши ҳамиша қалбимни фахрга тўлдиради. Тинимсиз ишлашга, изланишлар олиб боришга ундайди. Ушбу мукофот эса янада сермаҳсул меҳнат қилишимга тўртки бўлди. Келажак режаларимиз бисёр. Кейинги йили Хитойда ўтадиган қитъа ўйинлари, 2024 йилги Париж олимпиадаси ва 2025 йили Тошкентда бўладиган ўсмирлар ёзги Осиё ўйинлари мусобақаларида катта ғалабаларни қўлга киритишни мақсад қилганмиз.

Ольга Забелинская, Велоспорт бўйича терма жамоа аъзоси, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” унвони соҳибаси:

– Мен учун жуда қувончли воқеа бўлди. Бу фаолиятимдаги энг қадрли унвон. Кичик хизматларимни юксак қадрлаган, эътироф этган давлатимиз раҳбарига, велоспорт федерацияси, Спортни ривожлантириш вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси мутасаддиларига миннатдорлигимни билдираман. Шу ўринда Коняда ўтган Осиё бирдамлиги ўйинларида кўнглимдан кечган фикрларни айтмасам бўлмас. Биз Туркия баҳсларида бир ният, улуғ мақсад атрофида бирлашган кучли Ўзбекистон спортчилар жамоаси эканлигимизни кўрсатдик. Ўйлайманки, ушбу анъанани қитъа ўйинларида, Париж олимпиадасида ҳам давом эттирамиз. Бунинг учун имкониятимиз ҳам, салоҳиятимиз ҳам етарли. Муҳими, бундай ғалабаларга эришиш учун давлатимиз томонидан биз спортчиларга барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Шундай экан, мусобақаларда ҳамиша ғалаба учун майдонга чиқишимиз лозим. Барчага Ўзбекистон мустақиллигининг 31 йиллиги муборак бўлсин.

Роман Шокиров, Самбо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи, II даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳиби:

– Камтарона хизматларимга юксак эътибор кўрсатилганидан хурсандман. Бу мукофот барча спорт соҳаси вакиллариники, деб биламан. Хушхабарни эшитган пайтим кўз олдимдан шогирдларим қўлга киритган ғалабалар, мана шу ютуқларга эришиш йўлидаги машаққатли меҳнатларим бирма-бир ўтди. Терма жамоамиз аъзолари йиллар давомида жаҳон ареналарида кўплаб ютуқларга эришиб, Ватанимиз байроғини юқори кўтармоқда.

Халқаро мусобақаларга тайёргарлик машғулотлари, бевосита баҳслардаги мураккаб вазиятлар, саралашдан то финалгача бўлган жараёнлар, ҳар бир спортчининг руҳий, техник, тактик ҳолатини назорат қилиш, далда бериш мураббийдан ўзи учун ҳам, бошқалар учун ҳам талабчан бўлишни талаб этади. Меҳнатларинг қадр топганда барча қийинчиликларни эсдан чиқарасан. Бугун ҳам шундай бўлди. Қилган заҳматларимиз мукофот билан эътироф этилди. Барчаси учун раҳмат. Ушбу мукофот менга рағбат билан бирга зиммамга катта масъулият ҳам юкламоқда. Билдирилган юксак ишончни оқлашимиз зарур. Фурсатдан фойдаланиб, мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллик шодиёнаси билан барча юртдошларимни самимий муборакбод этаман.


 

ЎзА мухбири

Тўлқин Рўзиев ёзиб олди.