Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Билдирилган ишончга фақат меҳнат билан жавоб беришимиз керак
14:02 / 2021-04-20

Давлатимиз раҳбари раислигида 2021 йил 13 апрель куни ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишида яна бир бор олий ўқув юртлари ректорлари зиммасидаги масъулият ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди ва олий таълим муассасалари ён-атрофидаги маҳалла ёшлари билан ишлашда ректорларнинг ўрни умуман сезилмаётганини қаттиқ танқид қилди.

Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон ҚУДРАТХЎЖА ЎзА мухбирига соҳадаги камчиликлар, ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар юзасидан интервью берди.

– Ёшлар масаласи давлат сиёсатида муҳим аҳамият касб этади, – дейди Шерзодхон Қудратхўжа.

–Пандемия шароитида ҳам ёшлар бандлигини, уларнинг вақти унумли ўтишини таъминлаш, таълим олиш жараёнлари давлатимиз раҳбарининг диққат эътиборида турди.

Бугунги оғир шароитда биз таълимга қай даражада эътибор беришимиз керак? Ўзбекистонда 640 минг нафар талаба бор.Шулардан 130 минг нафари ётоқхоналарда истиқомат қилади. Сир эмаски, булар орасида “Темир дафтар” да, “Аёллар дафтари”да турадиган ва оғир шароитда таълим оладиган талабалар бор. Ўз фаолиятим давомида ўрганиб чиқиб гувоҳ бўлганманки, баъзи оилаларда 3 нафар шартнома асосида ўқийдиган талаба бор.

Олий таълим соҳасида ҳам қора кунлар бўлган. Масалан, коррупция! Бу иллат узоқ йиллар давомида бошқа соҳалар каби таълим тизимида ҳам иллат отиб келган.Ҳозир олий таълимга кириш учун имтиҳондан ўтишда коррупция илдизини қуритишга эришдик, деб бемалол айта оламан.Муаммолар вақт ўтиб барҳам топади.Муҳими, ҳаракатдан тўхтамаслик!

Давлатимиз раҳбари ёшлар билан ишлашда бежизга ректорларни жалб этмаяпти. Йиғилишда таъкидланганидек, ректор олим бўлиши мумкин. Аммо бизга фақат лабораторияда ўтириб ижод қиладиган, тадқиқот қиладиган ректорлар эмас, ташкилотчи ректорлар зарур. Илмий- тадқиқот ишлари билан шуғулланадиган олимларимиз бор.Бугун ректорлар олдида 640 минг нафар талаба тақдири турибди.

Мазкур йиғилишда ўқув юртлари ректорлари зиммасидаги масъулият қанчалик оғир эканлигини яна бир бора ҳис қилдим.Танқид эса ўринли!

Олий ўқув юртларига талаб йилдан-йилга ошиб бормоқда.Ўтган йили олий ўқув юртларига кириш истагида бўлганлардан бир миллиондан ортиқ ҳужжат топширилган. Бизда олий таълимга кириш 5-6 йил аввал бор йўғи 9 фоизини ташкил этган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 25-30 фоиздан ошган. Олий ўқув юртига кириш кўрсаткичи ошгани эса ректорлар масъулиятининг ортиб бораётганидир. Аммо биз бу кўрсаткични ривожланган давлатлардаги сингари 90-100 фоизга чиқаришимиз зарур. Бунга эса осонликча эришиб бўлмайди. Фикримча, ректор талабага шунчаки таълимда, ўқиб-ўрганишида кўмаклашишгина эмас, балки улар ҳаётида фаол қатнашиб, келажак ворисларига илм-тарбия бериш, уларга атрофга муносабат, Ватан тарихи, ҳаётдаги оқ ва қора ранглар ҳақида тушунчалар бериши лозим.

Давлатимиз раҳбари томонидан ректорлар мунтазам ётоқхонада қолишлари тўғрисида ҳам топшириқ бўлди.Очиғи, йиғилишдан сўнг тўғри уйга кетолмадим.Йўлни талабаларим яшаётган ётоқхонага бурдим.Хабарингиз бор, талабаларимиз карантинга олинган.Ярим тунга қадар талаба-ёшларни ёнимга олиб, улар билан узоқ суҳбатлашдим.Уларнинг дардига, келажакдаги орзуларига қулоқ тутдим.Ўзимнинг ҳаётий тажрибаларим билан ўртоқлашдим.

Талабаларимиз карантинда бўлишига қарамай, уларнинг вақтини унумли ўтказишга алоҳида эътибор беряпмиз. Ёзувчилар, ижодкорлар билан учрашувлар ва мусиқий дастурлар ташкил этишни режалаштиряпмиз.

Атрофдаги уюшмаган ёшлар билан ишлаш ҳам мунтазам йўлга қўйилган. Улар бизнинг эътиборимизда.Уларга университет руҳиятини сингдириш учун имкон яратишга ҳаракат қиламиз.

Ўйлайманки, Президентимиз томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилиши ўзига иш излаган раҳбарга катта ғоя беради. Бу ўтириб олиб топшириқ олиш эмас, аксинча, изланишга имкон, ишлашга ғоя демакдир.Мен мазкур йиғилишда ўтириб ўзимга жуда кўп саволларни бердим.Муаммоларимни, камчиликларимни англаб етдим. Йиғилишда ректорлар фаолиятига бежизга танқидий баҳо берилмади. Фаолияти ёшлар билан боғлиқ бўлган айрим раҳбарларга нисбатан кескин чоралар кўрилди. Бу вазиятни мен ҳаммамиз учун огоҳлантириш, биздаги зийракликни оширишга даъват, дея қабул қилдим.Уйғонишимиз шарт. Бизга билдирилган ишончга биз фақат меҳнат билан жавоб беришимиз керак. Тан олишимиз керакки, биз йиллар давомида озгина ғўддайиб қолдик.Келишимиз керак, кабинетда ўтиришимиз керак каби қарашларимиз бор эди.Энди вазият ўзгарди.

Биз давлат томонидан ёлланган менежерлармиз.Давлат бизга бугун курси берган, лавозим берган. Нега энди шу давлатга биз хизмат қилмаслигимиз керак?! Илмий иш ёзиб, натижага эришиш учун ректор бўлмайсиз. Танқиддан керакли хулосамни олдим.Масалан, ўзим докторликка фан номзоди сифатида қолиб кетганман. Очиғи докторлик диссертациямни ёқлашга менга вақт етмаяпти.Албатта, фан доктори бўлиш орзуим! Лекин мен учун энг асосийси, талабаларнинг чанқоқлигини, билимга эҳтиёжини қондириш, соҳа бўйича етук кадр тайёрлаш.

Бўш вақтим бўлса, талабаларга бағишлашга ҳаракат қиламан. Уларни пресс-клубларда олиб юраман.Вилоятларга олиб чиқаман.

Университетимиз очилганига эндигина уч йил бўлди.Ҳали битирувчи чиқармадик. Аммо биринчи қалдирғочларимизнинг илк ҳаётий йўли қандай бошланади? Илк натижаларимиз қандай бўлади? Улар қандай муаммоларга дуч келади? Жамиятда нечоғлик ўрин топади? Бу каби саволлар менга тинчлик бермайди.

Ўз пайтида бизга телевидение ҳовлисига кириш муаммо эди. ЎзА каби катта ташкилотларда талаб юқори эканлигидан ҳатто амалиётга ҳам қабул қилишмаган. Бугун вазият ўзгарди.Талабалар учун соҳа ичига бемалол кириб, тажрибасини оширишида барча имкониятлар етарли. Сўз эркинлиги бор.

Афсус, пандемия шароити кўп режаларимизга тўсиқ бўляпти.Масалан, журналистика соҳасига қизиққанлар учун бепул курслар ташкил этишни режалаштирганмиз.Кексаларимиздан қолган бир гап бор, яъни устози йўқнинг устози шайтондир. Биз малакали устозлар ёрдамида ҳаваскор ёшларга таълим беришни йўлга қўямиз. Университетимиз биносида замонавий радиостудия ташкил қилинган. Кинематография агентлиги билан ҳамкорликда мультистудия ташкил қилишни режалаштирганмиз.

Биз жамоамизнинг 20 нафарга яқин профессор-ўқитувчиси билан пойтахтимиздаги мактабларда бўламиз ва уларга таълим жараёнида зарурий эҳтиёжларини қондиришда кўмаклашиб келамиз.

Университетда очиқ эшиклар куни ташкил қилишни режалаштирганмиз.Университетимизга таниқли психолог Умида Усмоновани таклиф қилдик. Пандемия юмшатилиши билан психология, кураш, шахмат ва шашка каби тўгараклар фаолиятини йўлга қўйиб, атрофдаги яқин маҳаллаларда истиқомат қилувчи ёшларни таклиф қилиш ниятидамиз.Ва бу тўгараклар бепул фаолият кўрсатади.

Халқимиз гўзал эътиқоди билан юксак маънавиятли миллат сифатида дунёда тан олиб келинган. Янги Ўзбекистон фуқаролари, айниқса, ёшлари, ана шу жиҳатни ҳамиша ёдда тутиши лозим. Биз ёшларимиз онгига ана шу ҳақиқатларни сингдира олишимиз зарур. Бу эса том маънодаги Ренессанс бўлади.

Бугун ортиқча дабдабабозликка ҳожат йўқ. Масалан, мен бўйинбоғимни ечиб қўйиб, аудиторияларга кириб кетаман, университет ҳовлиларини кўздан кечираман.Талабалар орасида бўламан. Бу – Ўзбекистондаги ислоҳотлар талаби.

Яқинда Афғонистон сафарида бўлиб, англаб етдимки, мамлакатимизда Ренессанс энг тўғри танлов.

Талабаларни ётоқхона билан таъминлаш масалалари йиллар давомида оғриқли масалалардан бири бўлиб келган.Мазкур муаммо ҳам Президентимиз томонидан эътиборга олиниб, айнан ётоқхона масалалари учун 4 триллион атрофида маблағ ажратилмоқда.

Амалга оширилаётган ишларнинг барчасидан мақсад битта – комилликка эришиш.

<iframe width="1440" height="757" src="https://www.youtube.com/embed/NLEPsCiJfRk" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>

 

Муҳайё Тошқораева ёзиб олди, ЎзА