Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бибихоним мадрасаси минорасининг қулашига нима сабаб бўлган?
08:00 / 2020-10-08

Ватанимиз тарихидаги 8 октябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

Кун тарихи
Ватанимиз тарихидаги 8 октябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

1420 йил (бундан 600 йил олдин) – Соҳибқирон Амир Темурнинг ўғли, Темурийлар ҳукмдори Шоҳрух мирзо Баҳробод қасабасида машойихлар раҳбари, муҳаққиқлар таянчи бўлмиш Шайх Саъдуддин ал-Ҳуммуий мақбарасини зиёрат қилди ва муҳтожларга назр-у садақалар улашди.

1858 йил (бундан 162 йил олдин) – Қўқон хони Маллахон (ҳукмронилиги 1858–1862 йиллар) Тошкентга келди ва Бухоро амирлигига қарши курашларда катта жонбозлик кўрсатган Қаноатшоҳни Муҳаммад Мусобек ўрнига Тошкент беклигининг ҳокими этиб тайинлади.

1907 йил (бундан 113 йил олдин) – “Таржимон” газетасида хабар берилишича, Тошкентда қаттиқ зилзила бўлиб, 2 дақиқа давом этган. Зилзиланинг энг шиддатлиси Самарқандда бўлган, бир неча марта қимирлаган, бинолар йиқилган, Бибихоним мадрасасининг минораси ҳам йиқилган. Қўқон ва Каттақўрғонда ҳам икки марта қаттиқ ер силкинган.

1931 йил (бундан 89 йил олдин) – Ўзбекистон халқ артисти Пўлат Саидқосимов таваллуд топди (вафоти 2019 йил). У 2001 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган.

1999 йил (бундан 21 йил олдин) – “Истиқлол йилномаси”да қайд этилишича, 8 октябрда матбуотда эълон қилинган хабарга кўра, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Археология институти ходимлари германиялик ҳамкасблари билан биргаликда беш минг йил муқаддам Ўзбекистон ҳудудида таркиб топган йирик кон-металлургия базасини топишди.

Қадимий кон-металлургия минтақаси Зирабулоқ ва Зиёвуддин тоғ этакларидаги Қарнобдан Жанубий Қизилқумгача чўзилиб кетган бўлиб, у минтақамизда вужудга келган цивилизацияларни мис ва қалай билан таъминлаган. Булар инсоният тарихидаги энг муҳим металлар қотишмаси – бронза бўлиб, бутун бир давр номини англатади. Қадимий қазув ишларининг кўплаб излари топилган Қизилқум ва унга туташ жойларда маъдан қазиб чиқариш асосан эрамиздан аввалги икки мингинчи йилларда олиб борилган.

Коннинг очилиши мамлакатимиз ҳудудида кенг миқёсда бронза қазиб чиқариш ишлари олиб борилганлигидан гувоҳлик беради, бу эса тарихий адабиётларда бронза ва ундан ясалган буюмлар бизга Жанубий Эрон ва Олтойдан келтирилгани ҳақидаги фикрларни инкор этади. Демак, Сўғд, Бақтрия, Хоразмдаги жаҳонга машҳур қадимий ёдгорликлардан топилган бронзадан ясалган меҳнат қуроллари ва бошқа буюмлар асосан маҳаллий ишлаб чиқариш маҳсули эканлигидан далолат беради.

2018 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Франция Республикаси Президенти Эммануел Макроннинг таклифига биноан 8–9 октябрь кунлари расмий ташриф билан Францияда бўлди. Ўзбекистон Президенти ўзининг Европага биринчи ташрифини Франция давлатидан бошлади.

2019 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади