Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Биби Сешанба зиёратгоҳи ҳақида эшитганмисиз?
18:13 / 2022-06-10

Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани Султонобод қишлоғида Биби Сешанба зиёратгоҳи жойлашган.

Тарихий манбаларда қайд этилишича, ул зот Ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанднинг холаси Валий Комила исмли аёл бўлиб, диний ва илоҳий билим борасида устозлардан бўлган. Ўз валийлик каромати ила азиз авлиёларни чорлаб, сешанба кунлари тиловати Қуръон, амри маъруф ўтказиб, уни хосиятидан инсонлар дардига шифо, мушкулига енгиллик топгани боис “Биби Сешанба” номини олган. Ҳозирда бу анъана “Мушкулкушод” маросими сифатида момолардан авлодларга ўтиб келмоқда.

Валий Комиланинг қабри Бухорода Қасри Орифон қишлоғида ўз опа-сингиллари Биби Орифа ва Биби Мусалламлар билан ёнма-ён қўйилган.

Қўрғонтепадаги табаррук маскан эса мўътабар ва азиз момомиз номлари улуғланган қадамжолардан биридир. Ул зот номи билан боғлиқ зиёратгоҳлар бошқа ҳудудларда ҳам учрайди.

[gallery-7532]

Аввал бу жойдаги бир ҳужрада “бешик” деб аталган кичкина бир қабр бўлиб, бефарзанд аёллар момони васила қилиб келганлар. Қабрга ким дафн этилганлиги ҳақида аниқ маълумот бизгача етиб келмаган. Зиёратгоҳ аёлларнинг турли хасталикларга шифо тилаб, Аллоҳ йўлида ибодат ва эҳсон қиладиган, диний маросимлар ўтказиладиган муқаддас маскани ҳисобланган.

Исломнинг муқаддас каломи ва ҳадиси шарифларида дилдан қилинган ибодат қабул, дуолар ижобат ва гуноҳлар махфират қилиниши таъкидланади.

Ушбу маскан ўзининг шифобахш сувли булоқлари билан ҳам азиз ва муқаддасдир. Мақбара пойидаги “Жаннат булоқ”, “Сумалак булоқ”, “Қиз булоқ”, “Кўз булоқ”, “Шўр булоқ” каби бир неча булоқ сувлари шифобахш ҳисобланади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, булоқларнинг сувлари таркибидаги фойдали минераллар, макро-микро бирикмаларга эга эканлиги билан турли тошма ва ички касалликларга, қулоқ ва кўз хасталикларига малҳам бўлади.

2000-2005 йилларида саховатпеша инсонлар кўмагида зиёратгоҳ ободонлаштирилди. Кичкина хона ўрнида анъанавий миллий меъморий услубда маҳобатли мақбара бунёд этилди. Зиёратчилар учун барча шароитлар яратилди. Бугунги кунга келиб, ушбу қадамжо зиёратчилар аримайдиган гавжум масканлардан бирига айланган.

Биби Сешанба зиёратгоҳи диққатга сазовор жой – маданий мерос объекти сифатида давлат муҳофазасига олинган.

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА