Тошкент вилоятида жойлашган тоғ чанғи марказида спортнинг биатлон тури бўйича кичик ўсмирлар, ёшлар ва катталар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионати баҳслари натижасига кўра миллий терма жамоага муносиб номзодлар сараланди.
Қорли тоғлар бағрида кечган муросасиз баҳсларга бой чемпионат якунида бир қатор йўналишларда мамлакат биринчилигининг ғолиб ва совриндорлари аниқланди.
Хусусан, 2011 йил ва ундан кичик ёшлардаги спринт йўналишидаги мусобақаларда Дилмурод Тўхтамуродов ғолиблик шоҳсупасига кўтарилган бўлса, Шоҳруз Ҳусанбоев ва Сардор Анорбоев кейинги поғоналарни банд этди. Мадина Нўъмонова, Зуҳра Қадамбоева, Аселя Маликова совриндорликни қўлга киритди.
Чемпионатнинг ўсмирлар ўртасида 2008-2010 йилларда таваллуд топган ёшлар ўртасида Жанибек Илёсов, Эржигит Тургинбоев, Бекзод Хужаназаров Дэспина Бандалетова, Гулнура Қадамбоева, Ноила Мадаминова медалларга эгалик қилди.
Шунингдек, катталар ўртасидаги баҳсларда Ролан Раимқулов ва Инобат Тажибоева 1-ўринларга эгалик қилди. Кумуш ва бронза медаллари Турсунбой Қосимов, Диёра Валижонова, Одинабону Мирзатиллаевага насиб этди.
Т.Рўзиев, ЎзА