Биатлон бўйича жаҳон кубоги қизғин паллада
Шу кунларда дунёнинг турли мамлакатларида қишки спорт турлари бўйича қатор нуфузли мусобақалар бўлиб ўтмоқда. Ана шундай мусобақалардан бири, Франциянинг Ле Гран-Борнан шаҳрида давом этаётган биатлон бўйича жаҳон кубоги босқичидир.
Жаҳон кубогининг учинчи босқичи доирасида аёллар ўртасида 7,5 км. масофага спринт пойгаси ўтказилди. Мазкур беллашувда швециялик Ханна Эберг 19 дақиқа 24,9 сония натижа қайд этиб, маррага биринчи бўлиб етиб келди ва 90 рейтинг очкосини қўлга киритди. Ундан кейин франциялик Лу Жанмонно 3,3 сония фарқ билан иккинчи ўринни эгаллади. Кучли учликни тажрибали италиялик биатлончи Доротея Вирер якунлади.
Бугун, 19 декабрь куни жаҳон кубогининг учинчи босқичи доирасида эркаклар ўртасида 10 км. масофага спринт пойгаси бўлиб ўтади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА