Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Безовта юраклар бор экан, дунёда тинчлик-осойишталик қарор топади
15:15 / 2020-04-15

Урушнинг оти ўчсин, тинч-осойишта кунларга етказгани учун беадад шукур! Кексаларимизнинг хўрсиниб айтган бу сўзлари болалигимда қулоғимга сингган ва бу сўзлар улғайганим сайин қаттиқроқ акс садо берди.

Ғалабанинг 75 йиллигига

Урушнинг оти ўчсин, тинч-осойишта кунларга етказгани учун беадад шукур! Кексаларимизнинг хўрсиниб айтган бу сўзлари болалигимда қулоғимга сингган ва бу сўзлар улғайганим сайин қаттиқроқ акс садо берди. Чунки Иккинчи жаҳон уруши даврига оид тарихий ва адабий асарларни ўқиб, фашизмнинг инсоният, юртдошларимиз бошига солган чексиз кулфатларини ич-ичдан ҳис қила бошладим. Айниқса, уруш мавзусида ёзилган адабий асарлар ақлимни қайради. Ахир, таниқли болқор шоири Қайсин Қулиев: “Шоир оч гўдак қаерда йиғламасин, унинг йиғисини, аскар қаерда ўқдан йиқилмасин, унинг инграшини эшитади”, – дея бежиз ёзмаган.

Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов ижодини шеър ёзишдан бошлаган. Ҳар доим унинг 1938 йилда ёзган “Нафрат” шеърини ўқиганимда, унинг истеъдоди ва закосидан ҳайратга тушаман. Чунки одамзот бошига чексиз-чегарасиз кулфатлар солган Иккинчи жаҳон уруши ҳали бошланмаганди. Лекин шоир бу шеърида фашизм ва Гитлернинг жирканчли башарасини фош қилиб, инсониятни огоҳликка чорлашга уринди.

Фашизм бу – эл бошига битган бир бало,
Фашизм бу – талончилик, очлик ҳам вабо.

Шеърнинг хулосаси аниқ:

Гитлер албат бу тарихнинг қаҳрига учрар.

Фашистлар Германияси мамлакат ҳудудига бостириб кирган 1941 йил 22 июнь куни шоир ўзининг машҳур “Тарихнинг қаҳрила қайрадим қилич” шеърини ёзди ва Ватан ҳимоясига отланди.

Эй, Юрак, Ватан деб элга қасам ич,
Тарихнинг қаҳрила қайрадим қилич.

Жангда оғир ярадор бўлган Шароф Рашидов фронт ортига қайтарилди. У долзарб мавзуларда публицистик мақолалар ёзиш билан бирга адабий асарлар ёзишда давом этди. Адибнинг “Ғолиблар”, “Бўрондан кучли”, “Қудратли тўлқин” романлари халқимизнинг фронт ортидаги жасоратли меҳнатини улуғлашга ва шундай оғир шароитда ҳам бирон нарсани шилишга интилаётган қаллобларни қоралашга бағишланди. Албатта, уруш даҳшатларини кўрган ёзувчининг бу мавзуга қайтмаслиги мумкин эмасди. Негаки, уруш жароҳатлари вақти-вақти билан хуружга олади. Шароф Рашидов ҳам йиллар ўтиб “Дил амри” қиссасини ёзди. Қиссадаги даҳшатли воқеалар уруш исканжасида қолган Россиянинг Новгород вилоятида бўлади. “Ёвузликда немис-фашистларнинг ўзлари ҳам, итлари ҳам бир-бирларидан қолишмас эди. Уларнинг табиати – босқинчилик, йиртқичлик”. Кичик қишлоқ мисолида урушнинг бало-қазо, тинчликнинг азиз неъмат эканлиги ана шу сўзларда ифодаланган. Асардаги Серёжа, Ира, Бобоёр Омонов каби бадиий тимсоллар самимийлиги билан ўқувчилар қалбидан мустаҳкам ўрин эгаллайди.

Ўша даҳшатли кунлар бошланганда ҳассос шоиримиз Ҳамид Олимжоннинг даъваткор шеъри баралла янгради.

Юрса агар томирда қонинг,
Азиз бўлса бир парча нонинг,
Керак бўлса номус, виждонинг,
Бўлсанг йигит, бўлсанг ҳамки чол:

Қўлингга қурол ол!

Ҳассос шоир уруш даврида ана шундай асарлар яратиш билан бирга машҳур рус шоири Константин Симоновнинг “Мени кутгил” шеърини маҳорат билан таржима қилиши ўзбек аскарларига куч-қувват бағишлади, жасоратга ундади ва ғалабага бўлган ишончини янада мустаҳкамлади. Зиёлилар таъбири билан айтганда, агар шеърга Қаҳрамонлик унвони берилганда эди, биринчи навбатда “Мени кутгил” шеърига бу унвон берилган бўларди.

Кўзларингга тўлса ҳамки ёш,
Фақат сен кут ва айла бардош.
Мени кутгил ва мен қайтарман,
Ўлимларни қолдириб доғда.

Жанг бўлган жойларда жабр кўрган бир миллиондан ортиқ киши Ўзбекистонга вақтинча кўчирилди. Улардан 200 мингдан зиёди етим болалар эди. Бағрикенг ўзбек оилалари уларни тарбиясига олди: Шомаҳмудовлар оиласи 14 нафар, Самадовлар оиласи 12 нафар болани... Ўша оғир кунларда бағрикенг ўзбек оилалари бутун дунёга уруш ҳеч қачон меҳр-оқибатга зиён етказа олмаслигини намойиш этишди. Академик шоиримиз Ғафур Ғуломнинг “Сен етим эмассан” шеъри халқларни оғир кунларда янада бағрикенг бўлишга, аскарларимизни эса фашист газандаларига қақшатқич зарба беришга даъват қилди.

Онанг хўрландими,
Отанг ўлдими,
Сен етим қолдингми,
Қайғурма қўзим,
Кўзим усти,
Миннатинг бошимга дурра...
Сен етим эмассан,
Тинчлан жигарим!

Жанг суронлари тинмаган даврда ёзувчиларимизнинг ўткир қаламлари ҳам бир лаҳза тинмади. Жаҳон адабиёти хазинасидан муносиб ўрин олган Ойбекнинг “Навоий”, Мақсуд Шайхзоданинг “Жалолиддин Мангуберди”, Уйғун ва Иззат Султоннинг “Алишер Навоий”, Абдулла Қаҳҳорнинг “Асрор бобо” асарлари уруш даврида ёзилди.

Кўплаб шоир ва ёзувчиларимиз қўлда қурол билан фашистларга қарши аёвсиз жангларга кирдилар. Истеъдодли шоир Султон Жўра Белоруссия учун бўлган жангларда қаҳрамонларча ҳалок бўлди. Маҳоратли шоир ва таржимон Зоҳиджон Обидов жангда оғир яраланди, бир оёғини Европада қолдириб юртимизга қайтди ва ижодини фаол давом эттирди. Кейинчалик дунёга “Игна билан ёзилган роман” муаллифи сифатида танилган Вали Ғафуров оғир жангда икки кўзидан айрилди. Жангларда иродаси тобланган ёзувчи брайл ёзувини ўрганди, баракали ижод қилди ва машҳур “Вафодор” романини бекаму кўст ниҳоясига етказди.

Ҳурматли ёзувчи ва журналист Иброҳим Раҳим 1937 йилда ҳарбий хизматга чақирилганди. У Иккинчи жаҳон урушининг даҳшатли жангларида омон қолиб, юртимизга ғалаба билан қайтди ва уруш мавзусидаги “Чин муҳаббат”, “Генерал Равшанов” каби асарларни яратди. Фикрини мухтасар ифодалайдиган ёзувчининг севимли шоиримиз Эркин Воҳидов билан Москвадага суҳбати ибратлидир. Поездда Берлинга кетаётган Эркин ака Иброҳим акадан сўрайди.

– Билмайсизми, поезд Москвадан Берлингача қанча вақтда боради?

– Эркинжон, поезд қанча вақтда боришини билмайман, лекин биз Москвадан Берлингача тўрт йилда борганмиз.

Ҳа, улар Москвадан Берлингача уруш оловлари ичида, қон кечиб, қанча сафдошларини тупроққа топшириб тўрт йилда боришган ва Рейхстаг устига Ғалаба байроғини ўрнатишган.

Ҳаёт синовларидан шараф билан ўтган адибимиз Шуҳрат 1940 йилда ҳарбий хизматга жалб этилганди ва шинелли йилларнинг барча даҳшатларини кўрди. Унинг “Шинелли йиллар” романи ижодида муҳим ўрин тутади десам, буни муҳтарам адибимизнинг шеър, драма ва романларига бўлган ҳурматимнинг бир намунаси сифатида қабул қилинг.

Катта ҳаёт тажрибасига эга ёзувчимиз Назир Сафаров уруш даврида ҳарбий журналист сифатида фаолият кўрсатди ва ўзбек аскарлари жасоратига бағишланган “Ўқ ўтмас ботир”, “Водиллик қаҳрамон”, “Қаҳрамоннинг туғилиши” каби очеркларини матбуотда эълон қилди. Аслида, журналистлик – машаққатли касб. Уруш даврида ҳарбий журналист бўлиш эса қаҳрамонликка тенг. Ана шундай машаққатли вазифада таниқли ёзувчи Мирзакалон Исмоилий, шоир Назармат каби журналистларимиз фаолият кўрсатишди.

Султон Акбарий, Суннатилла Анорбоев, Баҳром Раҳмонов каби адибларимиз ҳам қўлда қурол билан Иккинчи жаҳон урушининг шафқатсиз жангларида қатнашди. Бу қолган адибларимиз уйда ижод қилишган дегани эмас. Барча таниқли ижодкорларимиз сафарбар этилиб, фронт чизиғигача боришган, ўқлар товуши остида аскарларимиз руҳини кўтаришга ва қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилишган. Бундай тадбирларда севимли шоирамиз Зулфия ҳам Ҳамид Олимжон билан бирга иштирок этган. Албатта, Зулфия опа уруш мавзусида кўплаб умрбоқий асарлар ёзган. Лекин унинг “Ўғлим, сира бўлмайди уруш!” шеъри нафақат Зулфиянинг, балки жаҳон шеъриятининг юксак намуналаридан бири десам, муболаға эмас. Бу шеър уруш вайронкорлигини кўрган, азоб-уқубатларини бошидан кечирган шоиранинг – онанинг қалб нидоларидир:

Мен онаман, менинг юрагим
Фарзандларим қувончига кон.
Дил орзиқар, баъзан тилагим
Ваҳималар ўраган замон.

Йўқ, урушнинг номи ҳам ўчсин,
Менинг ўғлим керак ҳаётга.
Истамайман, унинг дудлари
Қўнсин лаби узра қанотга.

Бас, бас, эзгу оналар қалби,
Яшай олсин бехавф, бахт билан.
Меҳнатимиз, ғазаб, севгимиз
Тинчлик, дейди бутун халқ билан.

Кўкрак сути ва меҳнат билан
Биз жаҳонга берганмиз турмуш.
Она қалби оёққа турса,
Ўғлим, сира бўлмайди уруш!

Европада жанглар сурони тугагани билан Иккинчи жаҳон уруши Узоқ Шарқда давом этди. Бу жангларда ёш ижодкор Одил Ёқубов ҳам қатнашди. У урушдан ғалаба билан қайтгач, жанг суронлари остида бошлаган “Изларман” қиссасини тугатди. Қисса ўқувчилар томонидан қизиқиш билан кутиб олинди ва ўзбек адабиётида янги истеъдод бўй чўзаётганидан дарак берди.

Иккинчи жаҳон урушида қатнашган адибларимизнинг ҳар бири ва уларнинг шу мавзуда ёзган ҳар бир асари ҳақида ҳали тадқиқотлар олиб борилади, кенг қамровли кўплаб мақолалар ёзилади. Чунки бешафқат жангларда келажак авлодлар тинч-осойишта яшашлари учун жонини хатарга қўйган адиблар уруш мавзусида юрак қони билан асарлар ёзишган. Ахир, уруш даҳшатларини кўрган адиб бошқача ёза олмайди.

Уруш кўрганлардан кейинги авлодга мансуб адибларимиз ҳам бу мавзуда сара асарлар ёзишди. Эркин Воҳидовнинг “Нидо” достони, Абдулла Ориповнинг “Сўнгги уруш” шеъри, Ўткир Ҳошимовнинг “Урушнинг сўнгги қурбони” ҳикояси... ана шундай асарлар қаторидан ўрин эгаллади. Ёш авлодга мансуб адибларимиз ҳам юртимизда тинчлик-осойишталик барқарор бўлиши учун уруш даҳшатларига бағишланган мавзуда ижод қилмоқдалар.

Шукурки, юртимизда тинчлик, лекин жаҳонда ҳали уруш олови сўнмаган, ҳали ўқлар товуши тинган эмас. Шоир-ёзувчиларимиз қаердадир ўқдан йиқилган аскар инграшини, қаердадир етим қолган гўдак йиғисини эшитганлари учун қўлга қалам олмоқдалар, олам аҳлини аҳил-иноқ яшашга даъват этмоқдалар. Зеро, бу шарафли вазифа бизга Ҳазрат Алишер Навоий бобомиздан меросдир:

Олам аҳли билингизким, иш эмас душманлиғ,
Ёр ўлунг бир-бирингизгаким, эрур ёрлиғ иш.

Дунё дарди билан яшаётган безовта юраклар бор экан, ишончим комил, қачондир ер юзида тинчлик-осойишталик қарор топади. Одамлар, халқлар ҳамжиҳатликда турмуш ташвишларига ечим излайдилар ва ҳаёт қувончларидан баҳраманд бўладилар.


Асрор МЎМИН,
шоир ва таржимон,
Ўзбекистонда хизмат
кўрсатган журналист