Бугун пойтахтимизда "Ўзбекистонда пахтачилик соҳаси трансформациясининг экологик, ижтимоий ва иқтисодий барқарорликка таъсири" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси, “Better Cotton” халқаро ноҳукумат ташкилоти ва “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирга маҳаллий ва хорижлик масъуллар ва мутахассислар, ишлаб чиқарувчилар таклиф этилди.
"Better Cotton" дастурининг иккинчи кўп томонлама йиғилишида Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раиси ўринбосари Эркин Гадоев, “Better Cotton” халқаро ноҳукумат ташкилотининг глобал дастурлари катта директори Дэмиен Санфилиппо, Ўзбекистон тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналари уюшмаси раиси Илҳом Ҳайдаров ва бошқалар мазкур тадбир мамлакатимизда пахта секторидаги барқарорлик ва миллий устуворликларни белгилаш масалаларини муҳокама қилиш, ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда барча манфаатдор томонлар учун қулай мулоқот майдони эканини қайд этди.
Айниқса, бу мулоқот майдонида "Better Cotton Uzbekistan" дастурининг амалий натижаларини сарҳисоб қилиш ва келгуси режалар ҳақида фикр алмашишга замин яратилди.
Таъкидлаш керакки, ушбу давра суҳбати "Better Cotton” халқаро ноҳукумат ташкилоти вакилларининг Ўзбекистонда ўтказган иккинчи тадбири ҳисобланади. “Better Cotton” эса бу ташкилотнинг дунёдаги пахта барқарорлигини таъминлаш бўйича энг йирик дастуридир. Унинг мақсади атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва тиклаш орқали пахтачиликнинг ривожланишига ёрдам беришдир. Ҳозирги кунда жаҳон пахтасининг қарийб чорак қисми “Better Cotton” стандарти асосида етиштирилади.
[gallery-15031]
“Better Cotton” халқаро ноҳукумат ташкилотининг бу галги тадбирида мамлакатимизда бир йил давомида олиб борилган ишларни сарҳисоб қилиш ва режаларни белгилашга қаратилган. Унда мутахассислар барқарор иқтисодий ривожланиш ва бозорга кириш, регенератив қишлоқ хўжалиги, муносиб меҳнат ва гендер тенглиги ҳамда “Better Cotton” тамойиллари ва мезонлари бўйича фикр алмашди.
–Аввало, ушбу тадбирнинг ўтказилиши биз учун катта ютуқ, – деди Ўзбекистон тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналари уюшмаси раиси Илҳом Ҳайдаров. – Соҳадаги бу каби ўзгаришлар Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижаларидан бири дейиш мумкин. Ўзбекистоннинг пахтаси халқаро даражада қабул қилиниши бўйича бир неча йиллар давомида ҳаракат қилганмиз. Дунёда тан олинган нуфузли “Better Cotton” дастури Ўзбекистонда бир йил олдин иш бошлаган бўлса, шу давр ичида ўзининг қамровини икки баравар оширди. Яъни, биринчи йили 6 та фермер хўжалик билан ишлаган бўлса, ҳозирги кунда уларнинг сони 12 тага етди. Бундай ҳамкорлик маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ҳар томонлама имкониятини кенгайтиришга хизмат қилади.
Қайд этилганидек, кластер тизимига ўтиш мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида ҳам, тўқимачилик соҳасида ҳам қисқа вақт ичида чуқур ўзгаришларга замин яратди. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда “Better Cotton” дастурининг татбиқ этилиши пахта саноати учун муҳим босқич бўлиб, истеъмолчилар учун келиб чиқиш шаффофлиги ва барқарор ишлаб чиқариш кафолатини таъминлайди. Ўз навбатида, пахта тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилиш имкониятлармизни сезиларли даражада оширади.
– Ўзбекистон пахта саноати равнақи йўлида ҳамкорлигимиз ижобий самара беради, –деди “Better Cotton” халқаро ноҳукумат ташкилотининг глобал дастурлари катта директори Дэмиен Санфилиппо. – Албатта, бу бир лаҳзалик ҳолат эмас, бу аниқ ҳаракат ва ҳамманинг – ҳукумат, фуқаролик жамияти, брендлар ва чакана сотувчилар, пахта етиштирувчилар, ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва академик ҳамкорларнинг бизга қўшилишларига умид қиламиз.
Давра суҳбатида иштирокчилар ҳамкорликда амалга оширилган ишлар самарасини сарҳисоб қилар экан, ушбу йўналишдаги келгуси режалар юзасидан ҳам фикр ва таклифларини билдирди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА