Бетакрор ижодкор, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Ориповнинг шеърлари теран ғояси, самимияти билан мухлислар меҳрини қозонган, десак муболаға бўлмайди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда Абдулла Орипов таваллудининг 81 йиллигига бағишлаб ташкил этилган маданий-маърифий тадбирда устоз ижодкор шеъриятининг бетакрор бадиияти, гўзаллиги ҳақида атрофлича сўз юритилди.
[gallery-6202]
Тадбир аввалида Ўзбекистон Давлат мадҳияси янгради. Мудофаа вазирлиги Маънавият ва маърифат маркази бошлиғи, полковник Валижон Дадажонов, Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Толиб Ҳожиев, шоир Дилшод Ражаб, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори Чаман Жонузоқова адабиётимизга кўрсатилаётган эътибор, устозлар ижодини кенг ўрганиш, тарғиб этишдек эзгу ишларда ҳам ўз ифодасини топаётганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида 2021 йилда мамлакатимизда Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллиги кенг нишонланди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Толиб Ҳожиев Абдулла Орипов ижодига бағишланган “Бир актёр театри” номли саҳна кўринишини намойиш этди. Адабий-маърифий тадбирда Абдулла Орипов шеъри билан айтилувчи қўшиқлар ижро этилди.
Н.Усмонова, ЎзА