Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бетакрор меросимиз
10:50 / 2024-01-23

Миллий тасвирий ва амалий санъатимизни жаҳонга кенг таништиришда Ўзбекистон Бадиий академиясининг ўрни беқиёсдир. Мазкур ижодий тузилма ташкил этилганига бугун 27 йил тўлади.

Ватанимиз ҳудуди энг қадимий инсоният ва цивилизация яралган ўчоқлардан бири. Илдизлари олис мозийга бориб тақаладиган Ўзбекистон санъати давлат мустақиллиги қўлга киритилгач, янги ривожланиш босқичига ўтди.  

Айни пайтда мамлакатимиз халқаро жамоатчиликка Ўзбекистоннинг миллий бадиий бойликларини ҳамда кўп миллатли рассом, амалий санъат усталарининг ижод маҳсулларини бор ранг-баранглиги билан кўрсатиш имкониятини қўлга киритди.  

Бу борада, айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 16 августда имзоланган “Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”, 2020 йил 21 апрелда қабул қилинган “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бадиий ижоднинг бошқа турлари қатори тасвирий санъат соҳаси ривожига катта туртки берди.  

Мазкур тарихий ҳужжатларда белгилаб берилган вазифалар асосида Бадиий академия томонидан тасвирий санъат соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, бой бадиий меросни ҳамда Ўзбекистон тараққиётининг янги даврида замонавий тасвирий ва амалий санъатда эришилаётган ютуқларни дунёга танитиш, ёш рассомлар ва амалий санъат усталарини тарбиялаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.  

Маълумки, сўнгги йилларда Янги Ўзбекистон дунёга очиқ мамлакатга айланди. Бу жараён ўз навбатида соҳамизда ҳам ижобий бурилиш ясади. Биргина 2022 йилда Ўзбекистон Бадиий академиясида Ўзбекистон ва Тожикистон рассомлар уюшмаси ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзолангани, Бадиий академия тизимидаги кўргазма залларида Тожикистон рассомлари кўргазмалари ташкил қилингани, Самарқанд шаҳрида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг саммити арафасида Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида “Самарқанд руҳи” лойиҳаси асосида “Халқаро ҳайкалтарошлар симпозиуми” ўтказилгани соҳадаги алоқалар кун сайин ривожланиб бораётганининг амалий исботидир.  

Ўзбек ижодкорларининг бу каби халқаро симпозиум, кўргазма, танловларда фаол иштироки ва муваффақиятлари, замонавий тасвирий, амалий, концептуал санъатнинг хориждаги машҳур намояндалари билан ижодий тажриба алмашиш ҳамда мулоқотлар миллий тасвирий санъатимизда яратилаётган асарларнинг янада юксак савиясини таъминламоқда.  

Бадиий таълим йўналишида Бадиий академия дунёнинг 20 га яқин давлатлари таълим даргоҳлари билан ҳамкорлик қиляпти. МДҲ мамлакатларидан ташқари, Хитой Халқ Республикаси, Япония, Малайзия, Таиланд, Жанубий Корея, Сингапур, Ҳиндистон каби давлатлар таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатувчи англашув меморандумлари имзоланди. Талабаларимиз мазкур меморандумлар асосида хорижда таълим олиш имкониятига эга бўлди.  

Бугунги кунда, нафақат пойтахт Тошкент, балки республика бўйлаб миллий ва жаҳон санъати намуналари кўпроқ намойиш этилаётгани қувончли воқеадир. Жумладан,Тошкент халқаро амалий санъат биенналеси, Халқаро анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивали, Тошкент халқаро замонавий санъат биенналеси, “Тошкент қувончлари” халқаро болалар расмлари биенналеси Бадиий академиянинг халқаро миқёсда ижодий ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга хизмат қилаётган йирик лойиҳалари сирасига киради.  

Шу ўринда Халқаро анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивалига алоҳида тўхталадиган бўлсак, бу лойиҳа миллий санъатимизни тарғиб этиш, ўзбек тасвирий ва амалий санъати ютуқларини кенг танитиш, ижодий алмашинув, янги истеъдодларни юзага чиқариш, устоз-шогирд анъаналарини давом эттириш, замонавий тасвирий ва амалий санъатда кечаётган долзарб жараёнларни ўрганиш орқали турли халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашга, жаҳон миқёсида ижодий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилмоқда.  

2023 йилда Бадиий академия ташаббуси билан ушбу фестиваль тарихида биринчи марта Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ ташкилотига аъзо мамлакатлар – Озарбайжон, Туркия, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистондан ташқари Венгрия рассомлари ижодий кўргазмаси уюштирилди, кўпқиррали ҳамкорликни ривожлантириш мавзусида давра суҳбати ўтказилди.  

Академия томонидан ранг-баранг ижодий лойиҳалар ўтказилмоқда. “IX Тошкент халқаро Замонавий санъат биенналеси”, “Тошкент қувончлари” халқаро болалар расмлари биенналеси муваффақиятли ўтказилди.  Ўзбекистон халқ рассоми, ижодида Шарқ миниатюраси анъаналарини давом эттириб, миллий мусаввирлик мактабини яратган, ўзбек тасвирий санъати ривожига улкан ҳисса қўшган профессор Чингиз Аҳмаров таваллудининг 110 йиллиги, атоқли рассом Зинаида Ковалевская таваллудининг 120 йиллиги кенг нишонланди.  

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг V – Маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш йўналиши бу борадаги ишлар ривожини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.  

Ўзбекистон тасвирий ва амалий санъатини халқаро даражада оммалаштириш мақсадида Бадиий ижодкорлар уюшмаси ҳузурида тасвирий ва амалий санъат асарлари савдосига ихтисослашган бадиий галерея ва арт-резиденциялар ташкил этилиши назарда тутилган. Демак, юртдошларимизни нафақат иқтисодий, балки маънавий дунёсини ҳам бойитиш масалалари муҳимлигига урғу берилмоқда.  

Шу мақсадда 2023 йил апрель ойида Тошкент шаҳрида илк аукцион уйи очилди ва Ўзбекистон тасвирий санъати намояндалари асарларининг кўргазмалари ҳамда аукциони йўлга қўйилди. Энди дунёнинг исталган мамлакатларида Ўзбекистондаги тасвирий санъат вакилларининг асарларини кўриш ва сотиб олиш мумкин. Мазкур ишларнинг мантиқий давоми сифатида май ойида эса Тошкент шаҳрида Ўзбекистон рассомлари тасвирий санъат асарларининг биринчи аукциони ўтказилди.  

Пировард мақсад – юртимиз Ўзбекистон рассомлари ва амалий санъат усталари томонидан яратилган ижод маҳсулларини доимий сотиб оладиган коллекционерлар синфини шакллантиришдан иборат.  

Мухтасар айтганда, ҳозирги жадал суръатлар билан ривожланаётган даврнинг ўзи тасвирий санъат соҳасини янада тараққий эттириш, унинг бугунги кундаги ўрни ва мавқеини оширишни талаб қилаётганини эътироф этиш лозим.  

Шу маънода халқаро ҳамкорлик доирасида хорижий маданият ва санъат арбоблари билан учрашув ва мулоқотлар ўтказиш бўйича ўзига хос тизим шакллангани, мамлакатимизнинг кўплаб рассомлари халқаро анжуман ва кўргазмалар, фестиваль ва танловларда қатнашиб, нуфузли ўринларни қўлга киритаётгани, рассомлар давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлаётгани Ўзбекистон Республикасида давлат томонидан соҳа ривожига қаратилаётган алоҳида эътибор самарасидир, дейиш мумкин.  

Давлатимиз раҳбари раислигида 2023 йил 22 декабрь куни Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини янада ривожлантириш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилгани соҳа равнақи учун янги истиқболларни очмоқда.  

 

Назокат Усмонова,

ЎзА мухбири