Фарғона шаҳридаги Ислом Каримов номидаги вилоят театр ва концерт саройида 5 та муҳим ташаббус доирасида ўтказилган кўрик-танловда ғолибликни қўлга киритган умумтаълим мактаблари жамоалари ва ўқувчиларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, ёшларнинг ўз ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш йўлида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус бунда катта ўрин тутмоқда. Унинг доирасида ташкил этилган кўрик-танловда вилоятдаги 960 та умумтаълим мактаблари иштирок этиб, ўқувчи-ёшлар иқтидор ва маҳоратини намойиш этди.

Тақдирлаш маросимида вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Рисолатхон Мамажонова кўрик-танлов ғолибларини эришган ютуқлари билан табриклади. Бу каби тадбирлар ёшларнинг маънавиятини юксалтириш, жиноятчилик, ҳуқуқбузарликлар каби салбий оқибатларнинг олдини олишга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

Кўрик-танловнинг “Беш ташаббус – китоб билан” йўналишида Фарғона шаҳар 5-сонли мактаб жамоаси 1-ўринни, Тошлоқ тумани 34-мактаб жамоаси 2-ўринни, Учкўприк тумани 18-мактаб жамоаси 3-ўринни эгаллади. Ғолибларга диплом ва китоблар жамланмаси топширилди.
“Беш ташаббус – беш имконият” йўналишида эса Ёзёвон тумани 36-ихтисослашган давлат умумтаълим мактаб-интернати жамоаси 1-ўринга муносиб кўрилди. Қувасой шаҳар 1-сонли мактаб жамоаси 2-ўрин, Бешариқ тумани 1-сонли мактаб жамоаси 3-ўринга сазовор бўлди.

Бешта муҳим ташаббус доирасида ўқувчилар томонидан тайёрланган ижодий ишлар, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, вилоят маданият бошқармаси ва Марғилон шаҳар баркамол авлод болалар мактаби ўқувчилари томонидан тайёрланган концерт дастури барчага манзур бўлди.
М. Сулаймонов, ЎзА