Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бешикда эшитган аллаларимиздек қадрдон тил
19:14 / 2023-12-01

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида “Қорақалпоғистон Республикаси давлат тили тўғрисида”ги Қорақалпоғистон Республикаси қонуни қабул қилинганининг 34 йиллиги муносабати билан маърифий тадбир ҳамда “Қорақалпоқ тили изоҳли луғати” ва “Ўзбекча-қорақалпоқча луғат” китоблари тақдимоти бўлиб ўтди.

Анжуман иштирокчилари дастлаб Адиблар хиёбонидаги қорақалпоқ адабиётининг улкан намояндалари – Бердақ, Ибройим Юсупов, Тўлепберген Қайипбергенов ижодига оид адабий тадбирларда қатнашиб, ижодкорлар ҳайкали пойига гуллар қўйди. Айни пайтда пойтахтимиздаги бир қатор олий ўқув юртлари томонидан сана муносабати билан адабий тадбирлар ўтказилди.  

– Биз бир-биримизни таржимасиз тушунадиган, томирлари бир бўлган халқлармиз, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид. – Қорақалпоқ адабиёти муҳташам, залворли адабиётдир. Унинг залвори Ажиниёз каби боболаримизнинг ижодида яққол намоён бўлади. Президентимиз ташаббуси билан қорақалпоқ элининг улуғвор вакиллари ҳайкали пойтахтимиздаги муаззам Адиблар хиёбонида кўрк тўкиб турибди. Қорақалпоқ тили – болаликдан бешикда эшитган аллаларимиздек қадрдон тил. Қорақалпоқ ижодкорлари Зомин семинарида, республика миқёсидаги турли адабий анжуманларда, ижодий лойиҳаларда фаол қатнашиб келмоқдалар. Қорақалпоқ адабиёти буюк халқнинг бой меросига таянгани билан диққатга сазовор.  

– Ўзбек ва қорақалпоқ халқлари ўртасидаги оғизбирчилик қон-қардошлигимизда, мақсад-муддаоларимизнинг бирлигида намоён бўлмоқда, – деди Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва  фольклори институти директори, таниқли тилшунос олим Низомиддин Маҳмудов. – Ўзбекистон Фанлар академиясининг филиали Нукусда ҳам бор. Унда тилшуносликка оид тадқиқотлар ҳам олиб борилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан тилларни тараққий эттириш, уларнинг ўзаро муносабати, ривожи билан боғлиқ катта ишлар олиб борилмоқда. Буларнинг бари мамлакатимизда тинчлик, ижтимоий барқарорлик, осойишталик, ҳамжиҳатликни таъминлашда яққол намоён бўлмоқда. Қорақалпоқ тили изоҳли луғатининг нашр этилиши Ватанимиздаги холис, оқилона сиёсатнинг маҳсулидир. Ўзбек ва қорақалпоқ тилидаги сўзлар бир-биридан айтарли фарқланмайди, улар бир-бирини тўлдиради.  

– Бу жуда катта байрам,– деди Бердақ номидаги Қорақалпоғистон давлат университети ректори Аҳмед Реймов. – Юртбошимиз ташаббуси билан қорақалпоқ тили байрами куни мамлакат миқёсида кенг нишонланмоқда. Бу тилни ривожлантириш бўйича департамент тузилиб, ҳозирда самарали фаолият олиб бормоқда. Ушбу янги луғатларнинг чоп этилиши бу борада яна бир муҳим қадам бўлди.  

[gallery-14854]

–  Ҳар бир тил башариятнинг бир бойлигидир, – деди Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов. – Дунёда ҳар бир онанинг ўз меҳри, тафти, нафаси бўлгани каби, ҳар бир тилнинг ўз бетакрорлиги ва ўзига хослиги бор. Юзлаб, минглаб достонлар яратишда муқаддас замин бўлган қорақалпоқ тили катта имкониятларга эга. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ғояси асосида Қорақалпоғистонда, айниқса Мўйноқда рўй бераётган ўзгаришлар барчамизни жуда қувонтиради. Ўзбек ва қорақалпоқ халқлари бир дарёдан сув ичиб, бир эзгу мақсад йўлида маслакдош бўлиб келаётгани тарихимизнинг энг чиройли саҳифасидир. Қорақалпоқ тили туркий адабиётда ўз ўрнига эга бўлган тил.  

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид фикрича, давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида чоп этилган “Туркий адабиёт дурдоналари” муҳташам мажмуасининг беш жилди қорақалпоқ адабиётига бағишлангани билан аҳамиятли.  

– Қорақалпоғистон Республикаси давлат тили байрами куни мамлакат миқёсида нишонланаётгани қалбимизга чексиз ғурур ва ифтихор бағишлайди, – деди Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, “Дўстлик” ордени соҳиби, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Гулнора Нурлепесова. – Сабаби тил миллатнинг руҳияти, анъаналари, урф-одатларини етказишда алоҳида аҳамият касб этади. Бердақ ўз сатрларида “Навоийдан савод очдим”, дейди. Бу бежиз эмас, боиси у Алишер Навоийни ўз устози сифатида билган.  

Икки халқ ижодкорларининг асарлари қалбимизга ғоят яқин ва қадрлидир. Дарҳақиқат, қорақалпоқ шеърияти ва насри Миртемир, Абдулла Орипов, Шуҳрат, Муҳаммад Али, Азим Суюн, Ҳалима Худойбердиева, Маъруф Жалил, Ойдин Ҳожиева таржимасида ўзбек ўқувчисига етказилган.  Қорақалпоқ адабиёти бугунги кун ўқувчисига Отаули, Музаффар Аҳмад, Рустам Мусурмон, Орзиқул Эргаш, Янгибой Қўчқоров, Ғафур Шермуҳаммад каби таржимонлар меҳнати самарасида тақдим этилмоқда.  

Адабий тадбирда “Ўзбекча-қорақалпоқча луғат” ҳақида ҳамда “Қорақалпоқ тили изоҳли луғати” китобининг аҳамияти хусусида маърузалар тингланди.  

Тадбир давомида таниқли санъаткорлар, ижодкор ёшлар томонидан жўшқин куй-қўшиқлар ижро этилди. Кўтаринки руҳда ташкил этилган тантанали адабий кеча ижод аҳлига ўзгача илҳом бахш этди.  

Назокат Усмонова, Даврон Эрназаров (сурат), ЎзА