Сирдарё вилояти Гулистон туманидаги Бешбулоқ маҳалласида 2 минг 152 метр ички йўлларга асфальт ётқизилди. Ушбу ишлар “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида фуқароларнинг бевосита иштироки ва ташаббуси билан амалга оширилди.
Мазкур лойиҳа 2842 нафар фуқаро томонидан қўллаб-қувватланган. “Ташаббусли бюджет” дастурининг 1-мавсумида ғолиб деб топилди. Таъмирлаш ишлари “Шаффоф қурилиш” электрон платформасида ўтказилган тендер асосида “Камолиддин Файз Барака” МЧЖ га топширилди. Корхонанинг тажрибали мутахассислари томонидан сифатли асфальт ётқизилди ва йўл инфратузилмаси тубдан яхшиланди.

Лойиҳа доирасида Соҳибкор, Ғазна, Ўрикзор, Шодлик, Коинот ва Мевазор кўчалари қамраб олинди. Илгари чанг-тўзон ва ботқоққа айланган йўллар ҳозирда обод ва замонавий кўринишга келтирилди. Бу нафақат фуқароларнинг кундалик турмушини енгиллаштирди, балки юк ва йўловчи транспорти ҳаракати учун хавфсиз ва қулай бўлди.
Лойиҳа учун давлат бюджети ҳисобидан қарийб 1,5 миллиард сўм маблағ ажратилди. Маҳалла фаолларининг таъкидлашича, ушбу амалий ишлар келгусидаги бошқа инфратузилмавий ташаббусларга ҳам пойдевор бўлиб хизмат қилади.

– Мен бу маҳаллада эллик йилдан бери яшайман, – дейди Ҳакима ая Сувонова. – Илгарилари бу кўчаларда пиёда юришнинг ўзи қийин эди. Болаларим ва набираларим ёғингарчилик кунларда кўчадан юриб келгандан сўнг кийимларига қараб бўлмасди. Энди эса кўчаларимиз равон, тоза — кўнглимиз ҳам очилди. Йўлимизга асфальт ётқизилди. Бунинг учун Президентимиз ва ҳукуматимизга ва бу ишга сабабчи бўлганларнинг барчасига раҳмат. Илоҳим бундай хайрли ва савобли ишлар юртимиз бўйлаб тобора қулоч ёзаверсин.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири