French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бешбулоқдаги булоқ сувларининг шўрланиб кетишига сабаб нима? (+видео)
11:43 / 2024-02-15

Журналист суриштируви

Яқинда ижтимоий тармоқларда Деҳқонобод калий заводининг шлам ҳовузидан сизиб чиқаётган сув ҳудуддаги эковазиятга салбий таъсир қилаётгани хусусидаги хабарлар жамоатчиликнинг кенг муҳокамасига сабаб бўлди.

ЎзА мухбири воқеа жойига борди ва ҳолатни ўрганишга ҳаракат қилди.  

Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманидаги Бешбулоқ қишлоғида кўплаб булоқлар бор. Шу ерлик аҳоли бу булоқлардан ичимлик суви сифатида фойдаланган, шунингдек, чорва ва экин майдонларини суғориб келган. Лекин бугунга келиб, ушбу булоқ сувларидан бешбулоқлик аҳоли чорвасини ҳам, экин майдонларини ҳам суғора олмай қолди. Нега?  

Бунга сабаб қилиб, қишлоқ аҳолиси Деҳқонобод калий заводининг шлам ҳовузидан сизиб чиқаётган сувнинг булоқ сувларига аралашиб кетаётганини таъкидламоқда.  

Булоқлар сувларидан ҳосил бўлган ирмоқ бўйлаб юрдик, ҳар икки томонини қалин туз қатлами қоплаган. У ерга ёндош қурилган уй-жойларнинг ҳам асос қисми шўр таъсирида емирила бошлаган. Булоқ сувларининг шўрланиши ортидан бир пайтлар яшилликка бурканган адирлар қақраган. “Туз ҳосилалари туфайли ҳатто дарахтлар қуриган” дейди аҳоли вакиллари.  

– Булоқ сувларини кислотали туз босиб кетди. Мевали дарахтларимиз қуриб кетди, – дейди Оймингиш Тўрақулова. – Ирмоқ ёқасидаги ерларда деҳқончилик қилар эдик. Бугунга келиб бунинг ҳам иложи бўлмай қолди. Чорвани ҳам суғориб бўлмайди. Завод қурилгандан бери шу ҳолат бўлиб қолди. Илгари булоқнинг сувидан фойдаланар эдик. Уйларимизнинг ичигача зах кўтарилиб кетган. Уйларни таъмирлайверамиз, тузнинг таъсирида яна ўпирилиб тушаверади. Кўп жойларга мурожаат қилдик, лекин натижа йўқ. Сув бўлмагач ҳаёт йўқ. Биз яшашга қийналиб қолдик.    

Сув йўли бўйлаб юқорига ҳаракатланамиз. Ҳақиқатда сой сувининг шўрланиш даражаси юқори. Бирорта сув жониворлари ёки ўсимлик дунёсини кузатмайсиз. Гўё ўлик сув ҳавзаси.  

Ниҳоят заводнинг шлам йиғиш ҳавзасига етиб бордик. Борганимизда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги назорат инспекцияси вилоят бошқармаси мутахассислари томонидан сувдан намуна олиш ва вазиятни ўрганиш ишлари жараёни устидан чиқдик. Мутахассислар сувлардан намуна олаётган экан.  

Мавжуд ҳолат бўйича улардан ҳам изоҳ сўрадик.    

– Бешбулоқ аҳолиси булоқ сувларининг ифлосланишидан, мевали дарахтлари ва экинлари шўр таъсирида қуриб кетаётганидан кўп марта шикоят қилган, – дейди Қашқадарё вилоят Экология бошқармаси мониторинг бўлими бош мутахассиси Барно Тўқлиева. – Бу гал ҳам мурожаат юзасидан келганмиз. Булоқлардан, сизиб чиқаётган сувлар аралашаётган қисмидан, шлам ҳовузининг ўзидан белгиланган меъёрларга асосан намуналар олдик. Ҳар сафар шундай қилганмиз. Таҳлиллар ҳар хил чиқади. Бу намуналарни текширамиз ва натижаси кейин маълум бўлади. Бундан олдинги охирги намуна олганимиз ўтган йилнинг октябр ойида эди. Унинг натижаларига кўра, булоқларнинг сувлари азалдан табиий шўр. Лекин шлам ҳовузининг тўғрисидан сизиб чиқаётган сувнинг қўшилиши натижасида шўрланиш даражаси кескин ортган. Қизғиш ранги ҳақида бирор нарса дея олмаймиз. Сабаби бизнинг методикаларимизда, яъни вилоят аттестациямизда қўшимча таҳлилларимиз йўқ. Таркибини, шўрланиш даражаларини таҳлил қиламиз.    

– Олдинги таҳлилларда шлам ҳовузидан сув сизиб чиқиб булоқ сувларига қўшилаётганлиги факти аниқланганми?– сўраймиз ундан.  

– Буни факт қилиб айтолмайман. Чунки шлам ҳовуздан труба ёки бошқа нарса орқали сув сойга оқиб қўшилаётгани йўқ, – дейди Б. Тўқлиева. - Мен фақат таҳлил натижасини айтишим мумкин. Қўшилган ёки қўшилмаганини айта олмайман. Чунки бунга исботим йўқ. Лекин ўша ҳовуз тўғрисидан сизиб чиқиб, сойга қўшилаётган сув шўрланиш даражасини ошириб юбораётганини аниқ айта оламан.    

Заводдан чиққан сувни йиғиш иншоотининг шундоқ ёнидаги  манзаралар бир қараганда ҳақиқатдан ҳам иншоотда носозлик бўлгани хусусидаги тасаввурни уйғотади кишида. Бироқ бу хулоса чиқаришга асос бўлмайди, дейди мутахассислар.

Сув йўналиши билан борилганда ернинг шўрланиш даражаси ошиб боришини атрофдаги манзарадан ҳам кўриш мумкин. Ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида завод мутасаддилари билан ҳам учрашиб, изоҳ олишга ҳаракат қилдик.    

– Бу ҳолат бўйича қишлоқ аҳолиси бир неча марта мурожаат қилган. Мутахассислар келиб текширган. Шлам ҳовузининг атрофида назорат қудуқлари бор. Агар у тешилган бўлса ва сув сизиб чиқса, аввало назорат қудуқларида кўринади, – дейди Деҳқонобод калий заводи бошқарув раисининг транспорт логистика ва умумий масалалар бўйича ўринбосари Жамшид Юсупов. – Ушбу завод тажрибали мутахассислар томонидан лойиҳалаштирилган ва энг сўнгги илмий ечимлар асосида қурилган. Эколог мутахассисларнинг текширувларида шлам ҳовузидан пастдаги сув намуналари тепадаги сувлардан олинган намуналарга нисбатан озгина баландроқ шўрланишни кўрсатган. Сабаби, очиқ сув ҳавзаси, шамолли ҳудуд, шамол натижасида туз чанглари учиб сувларга аралашиши мумкин. Аммо бунга заводнинг таъсири йўқ. Конларимиз заводдан 8-9 километр узоқликда жойлашган.    

– Демак сизнингча, шлам ҳовузидан пастдаги сувларнинг шўрланишига заводнинг алоқаси йўқ, яъни шлам ҳовузидан ҳеч қандай сув сизиб чиқмаган, шундайми, сўраймиз ундан.  

– Бу ер шамолли ҳудуд ҳисобланади. Шлам ҳовузимизнинг усти очиқ. Унинг чанги учиши эвазига пастдаги сувларнинг ранги қизарган бўлиши мумкин, – дейди Ж.Юсупов. – Аслида заводнинг 500 метргача санитар ҳудуди бўлиши керак. Қоида бўйича мана шу оралиқ ичида аҳоли яшаши, чорва молларини боқиш мумкин эмас. Лекин биз буни чеклаб қўя олмаймиз. Йиллар давомида завод атрофида аҳоли кўпаймоқда. Боиси табиий газ, узлуксиз электр ва бошқа-бошқа барча инфратузилма мавжуд. Бундан ташқари, йилдан йилга ёғингарчилик камайиб бормоқда ва ер ости сувларининг ҳам шўрланиш даражаси ортмоқда.  

[gallery-15974]

Завод масъулларининг сўзларига таянилганда сув йиғадиган иншоот махсус талаблар асосида қурилган бўлиб, унинг техник ҳолати доимо назорат қилиб борилади. Масъуллар сувдаги шўрланишни ёғингарчиликнинг камайиши билан боғлаб, шундай бўлса-да, ҳали бу борада чуқурроқ таҳлил олиб борилишини, қишлоқ аҳли учун тоза ичимлик суви ва чорва учун махсус резервуар қуриб берилишини маълум қилди.  

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/HUgl687iKSg" title="Beshbuloqdagi buloq suvlarining shoʻrlanib ketishiga sabab nima?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, балки ҳақиқатда ҳам заводнинг шлам ҳовузларидан сув сизиб чиқмаётгандир, ушбу ҳолат табиатнинг сўнгги йиллардаги инжиқликлари, ёғингарчиликларнинг кескин камайиши натижасидир. Лекин нима бўлганда ҳам Бешбулоқ қишлоғи атрофида юз бераётган экологик фалокатга тез фурсатда ижобий ечим топилмаса, унинг таъсири келгусида бунданда оғирроқ бўлиши мумкин.  

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат, видео),

ЎзА мухбирлари