ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўзининг бирор бир иши, кашфиёти, асарлари билан дунё аҳлини лол қолдириш осон иш эмас. Лекин шундай инсонлар борки, уларнинг ижодини жаҳон тан олган.
Ана шундай ўзбек рассом-карикатурачиси, жаҳон “Карикатуранинг 100 буюк устаси” рўйхатига кирган бешариқлик машҳур карикатурачи рассом, Маҳмуджон Эшонқуловнинг асарлари Италия, Туркия, Япония, Хитой, Болгария, Бразилия, Руминия, Сербия, Жанубий Корея каби давлатларнинг юмор ва карикатура музейларида сақланиб келинмоқда. Унинг ижоди билан танишар экансиз, жамиятда учрайдиган қусур ва камчиликларни карикатура ва юмор орқали ўқувчига қойилмақом тарзда тушунтириб берганига гувоҳ бўласиз.
Маҳмуджон Эшонқулов чиндан ҳам ўз ишининг устаси, республикамиз ва хорижда ўтказилган мингдан зиёд жамоавий карикатура ва юмор кўргазмаларида иштирок этиб, 300 дан ортиқ танлов ғолибига айланган. Қолаверса, Маҳмуджон ака Дунё карикатурачи рассомлар иттифоқи аъзоси ҳамдир.
Рассом ўз асарлари орқали ҳаётимиздаги камчиликлар ва иллатларни фош этиб, глобал экологик муаммоларга ўз муносабатини билдиради ва шу орқали барчани сергакликка, муаммоларга бефарқ бўлмасликка ундайди. Зеро, карикатура ҳам санъатнинг бир туридир. Санъатга ошно бўлган қалбларда эса фақат эзгулик, яхшилик туйғулари илдиз отаверади.
[gallery-22812]
Таъкидлаш керак, Бешариқ тумани маданият маркази биносида карикатура галереяси ташкил этилган бўлиб, бу маскан туман аҳолиси ва меҳмонларнинг севимли масканига айланган.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА