Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 майдаги қарори билан ташкил этилган бўлиб, оммавий ахборот воситалари соҳаси учун юқори малакали, бир неча хорижий тилларни мукаммал биладиган халқаро журналистлар ҳамда илмий-педагог кадрларни тайёрлаш, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш бўйича таянч олий таълим муассасаси ҳисобланади.
Университет олий таълимнинг асосий ва қўшимча таълим Дастурларини бажариш бўйича замонавий, сифатли таълим фаолиятини олиб боришни ўзига асосий миссия қилиб олган. Ҳозирги кунда 4 та факультет, 10 та кафедра, 1 та ўқув ва илмий марказ, 17 та таълим йўналишлари, 17 та магистратура мутахассисликлари, 14 та сиртқи таълим бўйича кредит тизимида олий таълимнинг асосий ва қўшимча таълим дастурларини бажариб, маҳаллий ва ташқи бозор учун журналистика соҳасида замон талабига мос равишда фаолият олиб борувчи сифатли ҳамда малакали кадрларни тайёрлаб келмоқда.
Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети стратегик режаси Республиканинг юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжини қондиришга қаратилган ҳолда, белгиланган миссиядан келиб чиқиб ишлаб чиқилган. Буни Университетнинг бир нечта хорижий ҳамкорлик дастурлари мисолида кўриш мумкин. Талабаларга нафақат маҳаллий, балки хорижий тажрибалар билан яқиндан танишиб, ўзларини синаб кўришлари учун кенг имкониятлар яратилган.
Университетдаги мавжуд 5та лабораториялар телекоммуникация ва радио ускуналари, замонавий фото анжомлар, компьютер ва ахборот технологиялари жиҳозлари билан жиҳозланган бўлиб, талабаларнинг ижодий ривожланиши учун барча шарт-шароитлар яратилган.
Бу йил Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети 5 ёшга тўлди. Муддат кичкина бўлишига қарамасдан улкан мақсадлар сари шаҳдам одимлаб бораётган университет фаолияти ҳақида яқинроқ танишиш ниятида Университет декани Равшан Зокировични суҳбатга чорладик.
Батафсил:
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/fWw9nPAjCLA" title="Беш йиллик самарали фаолият – янги муваффақиятнинг бошланиши +видео" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Ўзбекистон Республикасида кадрлар тайёрлаш тизимининг асоси узлуксиз таълим бўлиб, ўзаро мантиқий изчиллик асосида боғланган ҳамда соддадан мураккабга қараб ривожланиб борувчи, бир-бирини тақозо этувчи босқичлардан иборат яхлит таълим тизимидир. Шу нуқтаи назардан қараганда, докторантура ЎзЖОКУ иқтидорли талабалари билан ҳам изчил фаолият олиб боради. Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендияси, Ислом Каримов номли Давлат стипендияси, Навоий номли Давлат стипендияси, Озод Шарофиддинов номли махсус стипендия, Махмудхўжа Беҳбудий номли махсус стипендия совриндорлиги учун талабгорларга докторант ва таянч докторантлар томонидан илмий-амалий маслаҳатлар узлуксиз бериб борилади.
2019-2023 йил май ойига қадар Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳузуридаги илмий даражалар илмий кенгашида 26 нафар филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) ва 4 нафар филология фанлари доктори (DSc) ҳимоя қилди.
Жамият тараққиётида унинг келажагини таъминлайдиган ёш авлоднинг соғлом ва маънавий баркамол бўлиб вояга етиши муҳим саналади. Шу боис, бугун юртимизда Тўртинчи Ҳокимият пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган Университет жамоаси фаолятига омад тилаб қоламиз.
М.Турдалиева, Д.Ёқубов,
Н.Мардонов, ЎзА