Қонун лойиҳасига шарҳ
Сўнгги йилларда гиёҳвандлик воситалари ва уларнинг аналоглари айланмасида кузатилаётган қонунбузарликлар сони ошиб бормоқда. Масалан, охирги 5 йилда мамлакатимизда аниқланган наркожиноятлар сони 2 бараварга, ноқонуний муомаладан олинган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар миқдори 67 фоизга ортган. Шундан синтетик гиёҳвандлик воситаларининг аниқланган ҳолатлари каррасига кўпайган.
Ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан кўрилаётган тизимли чора-тадбирлар натижасида 2024 йилда 5 та ғайриқонуний нарколаборатория фаолияти фош этилган бўлса, жорий йилнинг 10 ойида мазкур кўрсаткич 12 тага етган. Ачинарлиси, наркотиклар айланмасига айрим мансабдорлар ҳомийлик қилаётган, уларнинг фарзандлари бу иш билан шуғулланаётган ҳолатлар аниқланган. Баъзи профилактика инспекторлари хизмат уйида нарколаборатория ташкил қилган ҳолатлар ҳам қайд этилган.
Таҳлилларга кўра, мусодара қилинган синтетик наркотиклар 5 йил ичида 80 бараварга кўпайган. Жазони ўтаб чиққанидан кейин яна наркожиноят содир этаётганлар сони охирги 4 йилда 125 фоизга ошган. Ачинарлиси, талаба-ёшлар ва мактаб ўқувчилари орасида наркотик моддалар билан муомала қилиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда.
Бу каби ҳолатлар мавжуд таҳдидларнинг олдини олиш ва аҳоли саломатлигини ҳимоя қилишда ҳуқуқий таъсир чораларини янада кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда. Шу мақсадда гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласи учун жавобгарликни такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, парламент қуйи палатасида биринчи ўқишда қабул қилинди.
Мазкур қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, Жиноят кодексига наркотикларнинг ноқонуний муомаласига ҳокимият (мансаб) ваколатларини суиистеъмол қилиш йўли билан ҳомийлик (раҳнамолик) қилиш ҳамда ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этиш ва унинг фаолият юритишини таъминлаш каби қилмишлар учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи янги нормалар белгиланмоқда.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга эса гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки кучли таъсир қилувчи моддаларни жамоат жойларида истеъмол қилганлик учун жавобгарлик белгилаш назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, бу турдаги жиноятларни қайта содир этилишининг олдини олиш мақсадида жиноий жавобгарликни оғирлаштириш масаласи кўзда тутилмоқда. Хусусан, ўта оғир турдаги айрим наркожиноятлар учун муддатидан олдин жазони ўташдан озод қилиш тартибини қўлламаслик белгиланмоқда.
Кучли таъсир қилувчи моддаларни контрабанда қилганлик учун 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси таклиф этилмоқда. Амалда 5 йилдан 10 йилгача эди.
Кучли таъсир қилувчи моддаларни таълим ташкилотларида, озодликдан маҳрум қилиш жойларида интернет тармоғидан фойдаланиб, хавфли ёки ўта хавфли рецидивист томонидан муомалага киритилганлик учун эса 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси кўзда тутилмоқда. Амалда бу 3 йилдан 5 йилгача эди.
Вояга етмаганлар ва талабаларни бу жиноятлардан ҳимоя қилиш мақсадида ётоқхоналар, болалар оромгоҳлари, таълим ташкилотларига туташ ҳудудларда кучли таъсир қилувчи моддаларни ўтказганлик учун 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси таклиф этилмоқда. Айни пайтда амалда 3 йилдан 5 йилгача эди.
Қонун лойиҳаси гиёҳванд моддаларнинг қонунга хилоф муомаласини чеклаш баробарида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, миллат генофондини асрашда муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА