Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Беш йил изланган олим самарадор минерал ўғит яратди
09:54 / 2022-02-22

Наманган муҳандислик-технология институти профессори Дониёр Шерқўзиев олиб борган беш йиллик илмий-изланишлари натижасида аграр соҳани ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга, сув тежовчи технологияли намсақлаш хусусияти юқори бўлган "Гел таркибли" минерал ўғитини яратди.

Ушбу ўғит ҳар қандай мевали ва манзарали кўчатлар билан бирга экилади. Ўғит одатий ҳажмидан 200 баробаргача катталашиш хусусиятига эга. Яъни, экилган кўчат суғорилганда минерал ўғит катта қисмдаги сувни ўзига олади ва таркибидаги намлик ёрдамида кўчатнинг сув билан таъминланиш даражаси узоқ муддатга сақланиб туради. Ёғингарчиликлар давомида ҳам олинган сув узоқ вақт кўчатга етиб бориши таъминланади. Шунингдек, ўғит кўчатга қўшимча қувват беради.

– Беш йил аввал бошланган саъйи-ҳаракатлар давомида юздан ортиқ тажрибалар ўтказдик, – дейди Дониёр Шерқўзиев. – Бунинг натижаси тошлоқ, сув танқис бўлган ерларга экилаётган кўчатларни нобуд бўлмаслигида кўринмоқда. Бу сув етиб бориши қийин бўлган ҳудудларда кўчатларни кўпайтириш ва экишда, ўрмонзорларни ташкил этишда илмий томондан ташланган муҳим қадам бўлди.

Мазкур лойиҳани амалиётга тадбиқ қилишда наманганлик олимга Республика Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан молиялаштирилган грант лойиҳалари айни муддао бўлди. Маблағлар ёрдамида Наманган муҳандислик-технология институтида замонавий лаборатория ташкил қилиниб, бу борадаги ишлар учун алоҳида мактаб яратилди.

Илмий иш устида изланишлар олиб бориш жараёнида аниқландики, қишлоқ хўжалигида тупроқ шароитларига мос равишда минерал компонентларни киритиш орқали турли таркибли озуқа компонентлари билан биргаликда микроэлемент ва стимулятор таркибли "Смарт" ўғитлар тайёрлаш имкони юзага келади. Бу ўғит илк бора кенг кўламда Наманган вилоятининг Чуст туманидаги тошлоқ ер майдонларида "Яшил макон" умумий лойиҳаси доирасида манзарали дарахтлар билан биргаликда Инновацион ривожланиш вазирлиги вакиллари иштирокида экилди.

Айни кунларда эса мазкур минерал ўғит тўла синовдан ўтказилиб, уни ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги соҳасида тадбиқ этиш борасида амалий ҳаракатлар давом эттирилмоқда.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА