English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Беш ташаббус олимпиадаси”нинг мактаб босқичи неча нафар ёшларни қамраб олди?
12:00 / 2025-10-15

Оммавий спортни ривожлантириш, маҳоратли ёшларни спорт турларига селекция қилиш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини кенг ёйишда “Беш ташаббус олимпиадаси” ўйинларининг аҳамияти беқиёс бўлаётгани эришилаётган натижаларда, маҳалла ва умумтаълим мактабларида вужудга келаётган спорт инфратузилмаларида яққол намоён бўлмоқда.

Маълумки, жорий йил сентябрь ойидан юртимиздаги мавжуд умумтаълим мактабларида янги ўқув йили бошланиши асносида мактаб ўқувчилари ўртасида 9 та спорт тури бўйича “Беш ташаббус олимпиадаси” ўйинларига расман старт берилганди.

Хўш, жорий йилнинг 13 сентябридан қувноқ стартлар, шашка, шахмат, енгил атлетика, мини футбол, волейбол, стол тенниси, стритбол, воркоут йўналишларида бошланган “Беш ташаббус олимпиадаси” ўйинларида мамлакатимиз умумтаълим даргоҳларида таҳсил олаётган неча нафар мактаб ўқувчиси иштирок этди?

Ўтган уч йил давомида “Беш ташаббус олимпиадаси” мусобақалари туфайли юртимиз маҳаллаларида умумий ҳисобда қанча спорт майдончалари фойдаланишга топширилди?

Спорт вазирлиги маълумотига кўра, тасдиқланган режага мувофиқ жорий йил 25 сентябрдан 5 октябрга қадар “Беш ташаббус олимпиадаси” мусобақаларининг биринчи мактаб босқичи уюшқоқлик билан ўтказилди.

9 та спорт йўналишидаги мусобақаларда қатнашиш учун 5,6 миллион нафар ўқувчи электрон рўйхатдан ўтган бўлса, уларнинг 2,7 миллионини қизлар ташкил этгани эътиборли бўлди. Рўйхатдан ўтганларнинг 5,2 миллион нафари баҳсларда кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритиш учун кураш олиб борди.

“Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги оммавий спорт мусобақаларида ғолиб ва совриндор бўлган ёшларнинг маҳаллаларига 2022 йилдан бугунга қадар жами 889 та спорт майдончалари қуриб берилган бўлса, уларнинг 322 таси универсал, 272 таси стритбол ва 295 таси воркаут майдончаларидан иборат.

Бугун мамлакатимизнинг исталган ҳудудидаги маҳаллага, мактабга борсангиз, нигоҳингиз беихтиёр замонавий спорт майдончасига, болалар ўйингоҳига ва шодлиги бир олам болажонлару, соғлом турмуш тарзига ошно инсонларга тушади. Бу, янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий ифодасидир.

Т.Рўзиев, ЎзА