Ёшлар ишлари агентлиги Бухоро вилояти бошқармасида “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг иккинчи мавсумини ўтказиш юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, ёшлар ташкилотлари масъуллари, ҳамкор ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Давлат раҳбари томонидан 30 июнь - “Ёшлар куни” муносабати билан ташкил этилган учрашувда “Беш ташаббус олимпиадаси”ни ҳар йили 2 мавсумда ташкил этиш ташаббуси илгари сурилган эди. Шундан келиб чиқиб, “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг иккинчи мавсумига қабул жараёнлари жорий йилнинг 10 августидан бошланди. Июль ойидан бошлаб олиб борилган тарғибот тадбирлари натижасида олимпиаданинг иккинчи мавсумида иштирок этиш истагини билдирган 206 минг 821 нафар ёш махсус бот орқали рўйхатдан ўтди. Рўйхатга олиш жараёнлари бугун, 9 сентябрь куни якунланади.
[gallery-8717
“Беш ташаббус олимпиадаси” давомида маданият ва санъатни тарғиб қилишга қаратилган “Ёшлар рақс фестивали”, “Миллий ва замонавий чолғу ижрочилиги” республика танловлари, соғлом турмуш тарзи ва спортни оммалаштиришга қаратилган волейбол, енгил атлетика, стритбол, шахмат, шашка, бадминтон, стол тенниси, стрит воркаут, миллий кураш бўйича мусобақалари, компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган “Киберспорт” мусобақаси, ёшларнинг мантиқий билимларини оширишга қаратилган “Заковат” интеллектуал ўйини, маънавият ва китобхонликни тарғиб қилишга қаратилган анъанавий “Ёш китобхон”, “Қувноқлар ва зукколар” каби танловлар маҳалладан бошлаб ташкил этилиши режалаштирилган.
Анжуман давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА