English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Беш ташаббус олимпиадаси”нинг иккинчи босқичига старт берилди
19:39 / 2022-09-10

Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг жорий йил апрель-июнь ойларида бўлиб ўтган биринчи босқичининг якунлари ва сентябрь-декабрь ойлари давомида ўтказиладиган иккинчи мавсуми юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 19 январь кунги ”Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари туғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш борасида кенг кўламли тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, “Маҳалла-сектор-туман-вилоят-республика” тизими асосида ўтказилган “Беш ташаббус олимпиадаси” маҳаллаларда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни китобхонлик, маданият ва санъат, интеллектуал ўйинлар, ахборот технологиялари ҳамда спорт турларига жалб қилишга хизмат қилмоқда.

“Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ўтказилган жами 14 дан ортиқ танлов ва мусобақанинг маҳалла босқичларида 188 минг 111 нафар ёш, шундан 65 минг 906 нафар қиз, секторлар босқичида 56 минг 438 нафар, шаҳар ва туман босқичларида 7 минг 931 нафар ёш иштирок этиб, ўз маҳоратини намойиш этди.

[gallery-8732]

Шунингдек, 1-15 июнь кунлари ўтказилган Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ғолиблари мамлакатимиз босқичида ҳам муносиб иштирок этиб қайтди.

Жумладан, Бўзатов туманида ўтказилган “Ёшлар овози” кўрик-танловининг республика финал босқичида қорақалпоғистонлик Зарима Махсудова, Гулайим Ўтешова, Аширбек Қозибаев, Алимбай Каримбаев биринчи ўринларни эгаллаган бўлса, Тошкент шаҳрида ўтказилган “Ёш китобхон оила” танлови республика босқичида Амударё туманидан Ўринбоевлар оиласи биринчи ўринни қўлга киритиб, Президент соврини “Спарк” автомашинаси билан тақдирланди. Шунингдек, “Мушоира” танловининг республика босқичида 20-25 ёш тоифасида Нукус шаҳридан Мухамеддин Айтжанов биринчи ўринни эгаллаб, 15 миллион сўм пул мукофотига сазовор бўлди.

Биринчи босқичи якуни бўйича Қорақалпоғистон Республикаси тўртинчи ўринни эгаллади.

Тадбирда сентябрь-декабрь ойларида бўлиб ўтадиган иккинчи мавсум доирасида ўтказиладиган кўрик-танлов ва мусобақалар тўғрисида батафсил маълумот берилди. Жумладан, иккинчи мавсумда иштирок этиш учун 238 минг 803 нафар ёш электрон тарзда рўйхатдан ўтган.

Матбуот анжумани иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА