Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида "Беш ташаббус олимпиадаси" доирасида Тошкент вилояти халқ таълими тизимидаги таълим муассасалари (мактаблар) ўқитувчилари ўртасида Касаба уюшмаси кубоги спорт мусобақаларининг вилоят финал босқичи ўтказилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Тошкент вилояти Кенгаши, Тошкент вилояти ёшлар сиёсати ва спорт бош бошқармаси, вилоят Халқ таълими бошқармаси ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигидаги "Соғлом танда — сифатли таълим" шиори билан ташкил этилган мазкур беллашувларда барча ҳудудлардан 500 нафардан ортиқ ўқитувчилар мини-футбол, волейбол, стол тенниси ва шахмат-шашка турлари бўйича ғолиблик учун куч синашди.
Муросасиз ва юқори савияда ўтказилган баҳсларнинг якуний натижаларига кўра аёллар ўртасида шахмат бўйича биринчи ўринни Лобар Тўйчибоева (Тошкент тумани) қўлга киритди. Эркаклар ўртасидаги шахмат баҳсларида Адҳам Ҳайдаров (Бекобод тумани) биринчи бўлди. Шашка мусобақасида пискентлик аёллардан Гулчеҳра Асророва, эркаклардан Раҳматилла Тошбоев (Бекобод тумани)лар энг кучли деб топилди. Стол тенниси бўйича эса Навбаҳор Маткаримова (Оҳангарон тумани) ҳамда Содиқ Икромов (Бекобод тумани) биринчи ўринни эгаллади. Волейбол бўйича хотин-қизлар ўртасида ўтказилган мусобақада Паркент тумани жамоаси биринчи, Оҳангарон шаҳри жамоаси иккинчи ва Зангиота тумани жамоаси учинчи бўлди. Мини-футбол бўйича эркаклар ўртасидаги мусобақада Олмалиқ шаҳри жамоаси биринчи, Бўка тумани жамоаси иккинчи, Нурафшон шаҳри жамоаси учинчи ўринни эгаллади. Якунда ғолиб ва совриндорлар диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан мукофотланди. Шунингдек, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритган Бекобод тумани жамоасига мусобақа кубоги ҳамда 30 миллион сўм пул мукофоти топширилди.
Тақдирлаш маросимида Тошкент вилояти ёшлар сиёсати ва спорт бош бошқармаси бошлиғи Рустам Бобоқулов ва Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Тошкент вилояти кенгаши раиси Муроджон Носиров, оғир атлетика бўйича олимпия ўйинлари ғолиби Руслан Нурудинов қатнашди.
– Мазкур мусобақаларнинг биринчи ва иккинчи босқичларида 20 мингдан ортиқ умумтаълим мактаблари ўқитувчилари иштирок этгани жойларда жисмоний тарбия ва спортни янада оммалашаётганидан даракдир, – дейди Тошкент вилояти ёшлар сиёсати ва спорт бош бошқармаси мутахассиси Дониёр Қодиров. – Вилоятимиз финал босқичи ҳам муросасиз ва қизиқарли бўлди. Айниқса, хотин-қизлар ўртасида бўлиб ўтган волейбол беллашувлари кўтаринки руҳда ва таассуротларга бой ўтди. Мусобақани ўтказишдан бош мақсад – ўқитувчиларнинг жисмоний фаоллигини ошириш, таълим муассасалари ходимларини спортга кенг жалб қилишдир.
А.Мусаев,
ЎзА