Бугун Гулистон шаҳрида “Беш ташаббус” олимпиадасининг республика финал босқичи старт олди.
Финалда мамлакат бўйлаб сараланган 700 нафарга яқин иқтидорли талаба-спортчи мини-футбол, волейбол, енгил атлетика, стол тенниси ва стритбол йўналишлари бўйича беллашади. Мусобақалар 17–20 ноябрь кунлари Гулистон давлат университети ҳамда шаҳарнинг замонавий спорт иншоотларида ўтказилади.


Ёшларни спортга кенг жалб этиш, соғлом рақобат муҳитини кучайтириш ва жисмоний тайёргарликни ошириш олимпиаданинг асосий мақсади. Шу боис мазкур тадбир ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга қаратилган ислоҳотларнинг муҳим бўғини сифатида қайд этилмоқда.


Очилиш маросимида Сирдарё вилояти ҳокимлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Спорт вазирлиги, олий таълим муассасалари раҳбарлари, мураббийлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, Спорт вазири Адҳам Икромов ва Гулистон давлат университети ректори Муҳсин Ҳожиевлар иштирок этишди.Улар ўз чиқишларида ёшлар тарбияси, ватанпарварлик ва жисмоний баркамоллик давлат сиёсатида устувор йўналиш эканини таъкидлаб ўтишди.


“Беш ташаббус” олимпиадаси нафақат олий таълим муассасалари, балки кенг жамоатчилик ўртасида ҳам спортга қизиқишни кучайтиришда муҳим ўрин тутаётгани қайд этилди. Дастлабки босқичларда 168 та олий таълим муассасасидан 465 мингдан ортиқ талаба, шунингдек, 345 мингга яқин касбий таълим ўқувчилари иштирок этгани ёшлар орасида спортга қизиқиш тобора ортиб бораётганлигидан дарак беради.
Охирги пайтларда олий таълим муассасаларида спорт инфратузилмаси сезиларли даражада ривожланди: замонавий спорт иншоотлари барпо этилди, тренажёр жиҳозлари янгиланди, 26 та олимпия йўналиши бўйича учтадан спорт клуби ташкил этилди, жами 721 та спорт секцияси фаолият юритмоқда. Шунингдек, “Универсиада”, “Талабалар лигаси”, “Ректор кубоги”, “Талаба югур” каби мусобақалар йил давомида мунтазам ўтказилмоқда.
Гулистонда ўтказилаётган “Беш ташаббус” олимпиадасининг республика финал босқичи ёшларнинг ижтимоий фаоллиги ва спортга бўлган қизиқишини янада кучайтиришга хизмат қилаётган муҳим тадбир сифатида баҳоланмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири