Ёшларни оммавий спорт машғулотлари билан қамраб олиш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, маҳоратли спортчиларни аниқлаш ва саралашда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан йўлга қўйилган “Беш ташаббус олимпиадаси” ўйинлари катта аҳамият касб этиб келмоқда.
Ўтган йиллар давомида ташкил этилган ушбу тизим доирасидаги мусобақалар, турли саломатлик тадбирлари натижасида минг-минглаб эртамиз эгалари катта спорт майдонларига шаҳду шижоат билан кириб келди.
Юртимизнинг кўплаб маҳалла ва гузарларида бир-биридан кўркам спорт мажмуалари, майдончалар бунёд этилди.
Хўш, жорий йилги "Беш ташаббус олимпиадаси" спорт мусобақалари қай тартибда ташкил этилади? Унинг қамрови қандай бўлади?
Спорт вазирлигида тегишли ташкилот вакиллари, мутахассислар иштирокида "Беш ташаббус олимпиадаси" спорт мусобақаларининг 2026 йилги мавсумининг очилиш маросимига пухта тайёргарлик кўриш юзасидан ўтказилган йиғилишда шу ҳақда сўз борди.

Спорт вазири маслаҳатчиси Шарифжон Мўминжонов, Ёшлар ишлари агентлиги директори биринчи ўринбосари Дилноза Каттахонова ва ҳамкор вазирлик ва идораларнинг мутасаддилари иштирок этган йиғилишда "Беш ташаббус олимпиадаси" ўйинлари дастуридан ўрин олган спорт турлари, ёш тоифалари ҳамда ўзгаришлар борасида фикр юритилди.
Муҳокамалар давомида "Беш ташаббус олимпиадаси" жорий йил мавсумининг очилиш маросимига кўрилаётган тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.
Тегишли ташкилотлар, масъуллар иштирокида спорт турлари, мусобақалар ўтказиладиган манзиллар, иншоотлар ҳолатини кўздан кечириш лозимлиги таъкидланди.
Ҳар бир спорт тури, тадбир моҳиятидан келиб чиқиб йўналиш масъулларига зарур тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Т.Рўзиев, ЎзА